Кеча, 13 май куни Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчиларимизнинг илк гуруҳларини Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж – 2025” ишчи гуруҳи вакиллари, мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташеси Шуҳрат Амоний ва бошқа мутасаддилар томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Шунингдек, ҳамюртларимиз муҳташам “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, гуллар ила икром қилинди.
Айни дамда зиёратчиларимиз меҳмонхоналарга жойлашиб бўлганидан сўнг ихлосу имон билан ибодатларни адо этиш, хусусан, Масжиду Набавий ва Равзаи муборакни зиёрат қилишга, яқинлари томонидан илтимос қилинган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишга ошиқмоқдалар.
Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилиб, ибодату дуоларини ижобат айласин, Равзаи шариф зиёратини барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.