16 май куни “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди. Уларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, мамлакатимизнинг Саудиядаги Атташеси ва ишчи гуруҳи томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” ва "Romance room" меҳмонхоналарига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерга диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалини адо этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ислом цивилизацияси марказида нуфузли халқаро анжуман доирасида тарихий ва маданий аҳамиятга эга воқеа юз берди. ТУРКСОЙ томонидан Марказнинг Ислом цивилизацияси маркази “Туркий дунёдаги энг яхши музей” деб эътироф этилди. Сертификат ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев томонидан тантанали равишда тақдим этилди. Бу эътироф Марказнинг қисқа вақт ичида халқаро майдонда юқори баҳоланаётганидан далолат беради.
Шунингдек, ТУРКСОЙ номидан Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан чоп этилган “Турк дунёси адабиёти дурдоналари” 100 жилдлик китоблар тўплами ҳам сертификатга сазовор бўлди. Бу каби кенг қамровли нашр турк дунёсида илк бор амалга оширилди ва “дунёдаги энг яхши адабий лойиҳа” сифатида эътироф этилди.
— Бугун биз ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти номидан учта сертификат тақдим этдик. Биринчи сертификатимиз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан чоп этилган “Турк дунёси адабиёти дурдоналари” номли 100 жилдлик китоблар тўпламига берилди. Таъкидлаш жоизки, бу каби кенг қамровли 100 жилдлик нашр ҳозиргача турк дунёсида амалга оширилмаган. Бу, албатта, Ўзбекистоннинг катта ташаббуси бўлди. Бугунги кунда Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистон каби давлатлар ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, турли ҳажмдаги — 20, 30, 40, 50 жилдлик китоблар нашр этмоқда. Шунинг учун биз ушбу тўпламни турк дунёсидаги ўзига хос адабий дурдона сифатида эътироф этиб, “дунёдаги энг яхши адабий лойиҳа” деб баҳолаб, сертификат тақдим этдик. Иккинчи сертификат эса Ислом цивилизацияси марказига “Туркий дунёдаги энг яхши музей” номинацияси бўйича берилди. Буни ТУРКСОЙ нинг юксак эътирофи, деб айтиш мумкин. Шунингдек, мазкур музей ТУРКСОЙнинг Турк дунёси музейлари ассоциациясига ҳам қабул қилинди, - деди ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев.
Анжуманда Туркия, Франция, Италия, Германия, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Қозоғистондан келган етакчи олимлар иштирок этди. Улар Темурийлар даври тарихи, сиёсий тизими, шаҳарсозлик анъаналари, илм-фан ва маданият ривожи бўйича ўз тадқиқот натижаларини тақдим этдилар.
– ТУРКСОЙнинг бу эътирофи ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан қурилган марказимизга берилган муносиб баҳо бўлди деб ўйлайман. Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Ислом цивилизацияси марказининг доимий ва ишончли ҳамкорларидан бири. Биз бу ташкилот билан узоқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Жорий йилда ҳам ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда халқаро ёшлар форуми, туркий давлатлар ҳунармандлари фествали сингари бир қатор тадбирларни ўтказишга келишиб олдик, - деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.
Хорижий иштирокчилар ҳам Темурийлар меросининг глобал аҳамияти, Европа ва Осиё цивилизациялари ўртасидаги маданий алоқалардаги ўрни ва халқаро илмий ҳамкорликдаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Туркий дунёдаги энг яхши музей ва дунёдаги энг яхши адабий лойиҳа сифатида эътироф этилган ушбу Марказ ва нашрлар, Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий ривожланишидаги катта ютуқ сифатида тарихда қолади.
iccu.uz