Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Сентябр, 2026   |   26 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:35
Қуёш
05:56
Пешин
12:21
Аср
16:52
Шом
18:49
Хуфтон
20:06
Bismillah
08 Сентябр, 2026, 26 Рабиъул аввал, 1448

21.05.2025   7314   1 min.

Шу йил 19 май куни мамлакатимизга келган Қатар вақф ва ислом ишлари вазири ўринбосари Муҳаммад ал-Кавварий бошчилигидаги делегацияни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов қабул қилди. 

Мулоқотда Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётганига тўхталиш баробарида юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги сўнгги ислоҳотлар, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари, нашриёт-матбаа ишларига оид маълумотларга делегация вакиллари қизиқиш билдирди. 

Муҳаммад ал-Кавварий бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби алломалар динимиз ривожига катта ҳисса қўшиш баробарида бутун оламга машҳурлигини эътироф этди. 

Учрашув давомида икки давлат мутахассислари иштирокида қўлёзмаларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни чоп этиш, диний таълим, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорлик қилиш  ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

Юқорида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар асосида амалий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ўзаро келишиб олинди. 

Меҳмонлар Диний идора Кутубхона фондидаги ноёб ва нодир асарлар билан танишиш асносида Мўйи муборак мадрасасида жойлашган ҳазрати Усмон Мусҳафини ҳам зиёрат қилишди. 

Маълумот ўрнида бундан бир ой муқаддам мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан юртимизнинг диний соҳа раҳбарлари учрашув ўтказган эди. https://t.me/muslimuzportal/41058

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Al Jarida” газетаси: Ўзбекистон – тарих, маданият ва замонавийлик уйғунлашган юрт

07.09.2026   29368   1 min.
“Al Jarida” газетаси: Ўзбекистон – тарих, маданият ва замонавийлик уйғунлашган юрт

Кувайтнинг “Al Jarida” газетасида журналист Рабиҳ Калласнинг Ўзбекистонга саёҳати давомида олган таассуротлари асосида тайёрланган мақолалари эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тошкент – Марказий Осиёнинг дурдонаси ва кувайтликлар учун муносиб сайёҳлик манзили” ҳамда “Самарқанд – асрлар оша дунёни ҳайратга солаётган шаҳар” сарлавҳали материалларда ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, шаҳардаги хавфсизлик ва тозалик, замонавий инфратузилма ҳамда Ипак йўлининг бой мероси ҳақида маълумотлар келтирилган.

Муаллифнинг таъкидлашича, Ўзбекистон пойтахти хавфсизлик, меҳмондўстлик ва исломий меросни уйғунлаштирган шаҳар ҳисобланади. Тошкентнинг кенг ва тоза кўчалари, тинч-тотув муҳити сайёҳларда катта таассурот қолдиради. Тошкент метросининг бетакрор меъморчилиги, янги барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази минтақа маданий юксалишида муҳим ўринга эга.

Мақолаларда 2700 йилдан ортиқ тарихга эга Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги стратегик аҳамияти ҳақида сўз юритилган. Амир Темур ва Темурийлар даврида гуллаб-яшнаган ушбу шаҳарнинг Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси, Гўри Амир мақбараси ва Мирзо Улуғбек расадхонаси каби меъморий дурдоналари Шарқ цивилизациясининг юксак намунаси сифатида тавсифланади.

Журналист Ўзбекистонга саёҳат Форс кўрфази давлатларидан, хусусан, Кувайтдан келувчи оилавий туристлар учун энг қулай ва жозибадор йўналиш эканини таъкидлаган. Мамлакатдаги бетакрор миллий ошхоналар, ҳалол таомлар, замонавий “Афросиёб” тезюрар поездлари қатнови саёҳатни янада мазмунли қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари