МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(3-қисм)
УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки...:
Þ Ҳар бир ҳаракатларимизни Худо кўриб турганини доим эсда тутишлик даркор!
Þ Ҳатто илм ҳам гўзал инсонийлик учун кифоя қилмайди. Чунки инсоннинг гўзаллиги унинг одоб-ахлоқи билан намоён бўлади.
Þ Уламолар фақат илмнинг ўзи олимга наф бермаслигига, балки унинг одоб билан зийнатланиши зарурлигига шайтонни мисол қилиб келтирганлар. Яъни шайтонда ҳам илм бўлган, аммо унда гўзал ахлоқ бўлмаган. Шунинг учун одоб инсоннинг қадр-қимматини белгиловчи мезон ҳисобланади.
Þ Динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб берган.
Þ Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилишда чиройли хулқли бўлиши – айни динимиз талаби!
Þ Турли улов ва транспорт воситалари – Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматлари.
Þ Ҳар бир неъматнинг шукри – уни шариатга мувофиқ, гўзал ҳолатда ишлатишдир. Шунинг учун инсон уловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади.
Þ Мошинага минишни яхши ният билан бошлаш, йўл давомида ўзгалар билан чиройли муомала қилиш – юксак одоб намунасидир.
Þ Жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади.
Þ Чунки йўл ҳаракати қоидаларидан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларга амал қилиш – вожиб саналанади.
Þ Мошина ҳайдаш, автоулов бошқариш учун белгиланган тартибда, ўрнатилган қоидаларга мувофиқ тегишли ташкилот томонидан берилган расмий ҳужжат (ҳайдовчилик гувоҳномаси, махсус рухсатнома) бўлмасдан автоуловни ҳайдаш яхшиликка олиб келмайди.
Þ Ҳайдовчилик гувоҳномаси (махсус рухсатнома) бўлмасдан автоуловни бошқаришнинг оқибати ҳайдовчи инсоннинг ўзи учун ҳам, оила аъзолари учун ҳам, бошқа одамлар учун ҳам жуда аянчли, ўта зарарли ва ниҳоятда ачинарли бўлиб, баъзи ҳолатларда эса бу дунёдан тезроқ кетишига ҳам сабаб бўлади.
Þ Ўзини таниган, ақл-заковатли, узоқни кўзлаган, ўзи, оила аъзолари, яқинлари ва атрофдагиларига зарар етказишни хоҳламаган инсонлар ўзларини эҳтиёт қилиб, автоуловни ҳайдовчилик гувоҳномаси (махсус рухсатнома)сиз бошқаришдан жиддий ва қаттиқ сақланадилар.
Þ Шаръий қоидаларимизга кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади.
Þ Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно.
Þ Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларни “йўлнинг ҳаққи” деганлар: “кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликга буюриш ва ёмонликдан қайтариш” (Муттафақун алайҳ).
Þ Ҳадиси шарифдаги “азият” сўзи кўп нарсаларни ўз ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказишдир. Айниқса ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зиддир!
Þ Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда шундай деганлар: “Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир” (Муттафақун алайҳ).
Þ Очиқ ойдин гуноҳ қиладиган одамни “фосиқ” дейилади. Бир мусулмонни жонига қасд қилиш катта гуноҳлигини билиб туриб, уни қонини ҳалол санаш – куфрдир.
Þ Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида мошинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки мошина унинг қўлидаги восита ва ҳайдовчи уни бошқаришга қодир. Мошина ўзича ҳаракатланмайди. Шунинг учун ҳайдовчи мошинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин, жавобгар бўлади.
Þ Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлишида шубҳа йўқ. Чунки ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади.
Þ Мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл одобларига кузатув камералари ёки йўл патрул хизмати инспектори қараб тургани учунгина эмас, балки шариатимиз талаби эканлигини инобатга олиш лозим.
Þ Бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар, дилхираликлар ва ўлим ҳолатлари бўйича “биринчилик”ни мусулмон юртлари қўлдан бермай келмоқдалар. Аслида эса йўл маданияти борасида мусулмонлар эмас, балки бошқаларнинг пешқадам бўлиши биз учун ор ҳисобланмоғи даркор.
Þ Асло шошилиб юрманг! Ҳалокат учун 100 мартта эмас, 1 мартта хатога йўл қўйиш қифоя қилади.
Þ Беш (5) нарсада шошилиш тавсия этилади:
1) Меҳмонга овқат тортишда.
2) Қарзни узишда.
3) Маййитни кўмишга ҳозирлашда.
4) Қизни турмушга чиқаришда.
5) Гуноҳдан тавба қилишда.
Þ Аёллар, ёшлари катталар, ёш болалар ва ногиронлар йўлдан ўтаётганда имкон қадар уларга йўл бериш ва уларни чўчитмасликка бор куч билан ҳаракат қилиш керак! Зеро ҳадиси шарифларда “Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади” дейилади.
Þ Йўлда билиб-билмай сизга озор етказган инсонга жавоб қайтаришга ҳаракат қилманг!
Ислом одоби ёмонлик қилганга ёмонлик қайтаришга буюрмайди!
Балки яхшилик қилишга буюради!
Þ Агар ўз ҳаётингиз қадрига етмасангиз, сиз билан бўлган ҳамроҳларингиз ҳаётини, мошинангиз атрофидагиларни ҳаётларини ўйланг! Ваҳоланки, ўз ҳаётингиз қадрига етмасликка ҳам ҳаққингиз йўқ!
Þ Кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомошинада ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади.
Þ Пиёдалар ҳам йўл қоидаларига амал қилишлари лозим.
Þ Қизил чироқда ўтиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади.
Þ Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларнинг телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш-эшитиш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланишлари мутлақо ман этилади.
Þ Муборак динимизнинг йўл ҳаракатидаги ЭНГ АСОСИЙ 4 (тўрт) та талаби:
1) Ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси йўл ҳаракат қоидаларига қатъий риоя этиш;
2) Йўлда юриш одобларини сўзсиз бажариш;
3) Бир-бирларига нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилиш;
4) Ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўриш.
Þ Шариат ман этган нарсаларни истеъмол қилиб автомобилни бошқаришда бандасидан эмас, гуноҳи икки карра бўлишидан аввало Худодан қўрқиш керак!
Þ Имкон қадар фарзандларига ҳам мошина ҳайдашни ўргатмоқлик лозим.
Þ Бировнинг шахсий мошинасига минган одам худди унинг уйига кирган кабидир. Ўзини шунга хос ва мос тутиши лозим.
Þ Ким мусулмон?!?
Мусулмон киши ким ўзи аслида?!?
Бунинг жавобини Жаноби севикли Пайғамбаримиз Аллоҳнинг Ҳабиби Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ўргатиб, муборак таълим-тарбияларини бердилар: «Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши – ҳақиқий мусулмондир» (Имом Бухорий ривоятлари);
Þ Ўзининг мошинасидан афзалроқ мошинани кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!
Þ Ўзининг мошинасидан афзалроқ мошинага ҳасад эмас, ҳавас билан, ўзидан пастроққа эса меҳр билан қараш даркор, Яратганга шукр ва истиғфорни кўпайтириш лозим.
(3 – қисм тугади. Давоми бор...)
Иброҳимжон домла Иномов.
Лайлатул Қадр қандай кеча? Лайлатул Қадр – “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида қилинадиган турли амаллар, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдирлар белгиланадиган кечадир.
Бу кеча «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят).
1000 ой – 83 йилга тенг.
83 йил – 30295 кунга тенг.
Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади? Абул Олия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кечанинг қандай аломатлари бор? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, дедилар (Ибн Хузайма ривояти).
Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ерга тушиб, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани қандай ўтказар эдилар? Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламасдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).
Бу кеча қандай амалларни адо этиш лозим?
Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бамдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Дуо қилинг. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
"Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний"
"Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин" (Имом Термизий ривояти).
Муҳими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат, хайру эҳсон ва бошқа яхши амаллар билан ўтказиш лозим.
Бу кеча гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим бўлиб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.
Даврон НУРМУҲАММАД