Альберт Энштейн дарс ўтиш жараёнида тўққиз масалани тўғри ёзиб, ўнинчисининг жавобини атай хато чиқарди. Синфда ўтирганлар кулиб юборди. Шунда Энштейн ҳам қўшилиб кулиб қўйди ва сўзида давом этди:
“Мен тўққиз масалани тўғри ёзганимда ҳеч ким мени табрикламади. Аммо биргина хато қилганимда ҳамма кулиб юборди. Ҳаётда жуда кўп одам воқеа-ҳодисаларга, кишиларнинг тутумларига шундай ёндашади. Яъни, ўзидан бошқаларнинг ютуғини назардан қочириб, хатосини тез кўришади. Ўзига нисбатан эса, ундай эмас... Сизларга бу масалани атай хато ишлаб кўрсатишимдан мақсад, эртанги ҳаётингизда ана шундай вазиятларга тўғри ёндашинг. Зеро, хато қилмайдиган ягона одам бу – ҳеч нарса қилмайдиган одамдир”.
Дарҳақиқат, биз ожиз бандалар Аллоҳнинг ҳузурида қанча хатолар, гуноҳ ишлар қиламиз ва Унинг мағфиратидан умидвор бўламиз. Лекин бир инсон хато қилса тезда қўлимизни бигиз қилиб кўрсатамиз. Айниқса, бизга нисбатан нимадир содир этиб қўйса, кечирмаймиз. Жағимиз толгунча шикоят қилаверамиз. Бу синовли, ўткинчи дунёда ёндашувимизни тўғрилаб олайлик, азизлар! Шунда яшаш ҳам осонлашади, ҳаловатимиз ҳам йўқолмайди...
Акбаршоҳ Расулов
Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.
Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.
Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.
Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.
Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.