Йиғилишда Кенгаш аъзолари, Ишчи гуруҳ раҳбарлари ва етакчи олимлар – ЎзРФА вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, Ўзбекистон тасвирий санъати академиги Акбар Ҳакимов ҳамда марказ раҳбарияти ва ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда марказ экспозициясининг 6 асосий йўналиши бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Жумладан:
Шу билан бирга, хорижий музейларда сақланаётган ва Ўзбекистонга дахлдор бўлган 350 га яқин экспонат кўриб чиқилди ва уларни танлаб олиш ишлари бошлаб юборилди.
Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ўз чиқишида бундай таъкидлади:
— Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу марказ экспозициясини бойитиш мақсадида хориж музейлари ва кутубхоналарида сақланаётган юртимизга оид артефактларни олиб келиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бир қатор экспонатлар марказнинг очилиш маросимига тайёр ҳолатда бўлади. Шунингдек, республикадаги музейлар ҳам 20 тадан энг ноёб экспонат тақдим этиши режалаштирилган.
Йиғилишда "Исломдан аввалги давр" экспозицияси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида экспозиция координатори Анвар Матниязов маълумот берди:
— Бу экспозицияга вақт девори орқали кирилади. У 6 та сектордан иборат бўлиб, Бақтриядан бошланади. Туркиялик дизайнерлар билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти. Муляжлар, факсимилелар ва қўлёзмалар бўйича келишувларга эришилган. Шунингдек, юртимиздаги 60 та тарихий қалъа ўлчамлари тўпланиб, системалаштирилди.
Қадимги Хоразм, Сўғд, Чоч цивилизацияларига оид тасвирий санъат, ҳайкалчалар, тангалар ва уй-рўзғор буюмлари халқаро кўргазмада намойиш этилиши режалаштирилмоқда.
Вақт девори композициясида шарқ миниатюралари ҳам тақдим қилинди. Бу композиция турли даврлардаги сиёсий ва ижтимоий воқеаларни бадиий тасвирлар орқали намоён этади:
Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ ушбу йўналишда фаолият юритмоқда.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан тайёрланган олимлар ҳаёти ва меросига бағишланган видеороликлар намойиш этилди. Илмий кенгаш аъзолари ушбу видеоматериаллар мазмунан ва визуал жиҳатдан замонавий талабларга мос бўлиши зарурлигини таъкидлашди.
cisc.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Зайниддин дома Эшонқулов "Ҳасана" ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакиллари Ҳусайн Карага ва Намик Демирканни қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда "Ҳасана" вакиллари "Вақф" хайрия жамоат фонди билан бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келишини, ташкилот турли хайрия ва саховат тадбирларида иштирок этишини таъкидлаб, яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайитида ҳам бу анъана давом этишидан умидвор эканлигини қайд этиб ўтишди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари меҳмонларни Ўзбекистонда кўриб турганидан хурсандлигини билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизда кўплаб эзгу ишлар амалга оширилаётганини, Юртбошимиз ташаббуси билан юзлаб оғир аҳволдаги болажонларнинг даволаниш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилаётгани таъкидлаб ўтди. Фонд "Ҳасана" билан бўладиган ҳамкорликдаги ишларга доим тайёрлигини айтиб, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга наф берадиган ҳар қандай хайрли лойиҳанинг амалга ошишидан хурсанд бўлишини қайд этиб ўтди.
Мулоқот давомида "Ҳасана" вакиллари фонд томонидан амалга оширилаётган хайрли лойиҳаларни эътироф этиб, таълим, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳам фонд билан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Бу сафар муборак Қурбон ҳайити муносабати билан 10 бош қорамол қурбонлик қилиб, талаба ва кам таъминланган оилаларга тарқатишни режалаштираётганини айтиб ўтишди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати