Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов
Файзли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз нутқларида Тошкент ислом институти магистратура таълим босқичини илк битирувчилар муваффақиятли тамомлагани улкан тарихий воқеа бўлгани, Юртбошимизнинг ташаббуси билан уламоларимиз ва мўмин-мусулмон халқимизнинг ана шундай орзу умидлари, ихлос билан қилган дуолари ижобат бўлганини алоҳида таъкидладилар.
Маросим давомида Муфтий ҳазратлари ҳар бир битирувчини самимий табриклаш баробарида магистрлик дипломларини тантанали равишда топширдилар.
Шундан сўнг Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат фаолиятини бошлаётган магистрларнинг ойлик иш ҳақига 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилдилар.
Бундай рағбат ва имтиёзлар диний-маърифий соҳада юқори малакали, замонавий билимларга эга илмий-педагог кадрлар авлодини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати