2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрат, доктор Абдулҳай Орифий қуддиса сирруҳ айтар эдилар: «Фарз ва вожиблар Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳаққидир. Аллоҳ таоло Ҳоким ўлароқ бизга, беш вақт намоз ўқинг, Рамазон рўзасини тутинг, закотни адо этинг, ҳаж қилинг, деб буюрди. Бу ҳукмларни Аллоҳ таоло бир ҳоким тарзида амр қилгандир. Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳаққи шуки, инсон Унинг олдида бўйин эгсин ва бу аҳкомларни бажарсин.
Нафл ва мустаҳаблар эса Аллоҳ таолонинг муҳаббати ҳаққи. Сиз Аллоҳ таоло билан фақат У фарз қилган нарсаларни адо этиб, қолган нафл ва мустаҳабларни адо қилмайдиган даражада фақатгина қонуний алоқа боғлайсизми? Ундоқ бўлса, бу Аллоҳ таоло билан алоқа қуруқ бўлиб қолади.
Қаранг, масалан, эр-хотин ўртасида қонуний ҳақлардан ташқари, нозик ришталар ҳам бор. Эрнинг зиммасида аёлининг нафақасини бериши вожибдир. Бу қонуний ҳақ. Лекин, агар эр фақат қонуний ҳақ билан кифояланса-да, аёли билан гўзал суҳбат қурмаса, меҳр кўрсатмаса, у ҳолда бу қуруқ алоқа бўлади. Унда бирор хушҳоллик, шавқ-завқ бўлмайди.
Агар кўнгилдагидек алоқа боғлаш керак бўлса, у ҳолда қонундан ташқари ўзининг муҳаббатини изҳор этади ва муҳаббат тақозосига кўра кўп ишлар қилади. Айни шу тарзда, агар сиз Аллоҳ таоло билан факат конуний алоқа боғласангиз, яъни фақат фарз ва вожибларни адо қилсангиз, қолган нафллар, мустаҳаблар, фазилатли амалларга эътибор қаратмасангиз, бандачилингиз қуруқ бўлиб қолади. Чунки бу нафллар ва мустаҳаблар Аллоҳ таолонинг муҳаббати ҳаққидир.
Ўйлаб кўринг, сизни ким яратди? Ким сизга неъматлар берди?
Сиз бу неъматлар ҳаққини адо этяпсизми?
Сизга чексиз неъматлар берган Зотнинг буйруғини бажарсангиз, бўлдими?
Унга муҳаббат кўрсатмайсизми?
Ўз ихтиёрингиз билан бирор амал қилмайсизми?
Албатта, ҳолини билган, Аллоҳга ҳақиқий муҳаббат қилган банда нафл ва мустаҳаб ибодатларни ҳам адо қилади.
Нафллар Аллоҳ таолонинг муҳаббати ҳаққидир. Шунинг учун ҳеч ибодатни оддий, арзимас тушунманг. Масалан, нафл ибодатлардан таҳажжуд, ишроқ, чоштгоҳ, аввобийн, тахиййатул вузуъ, тахиййатул масжид намозлари Аллоҳ таолонинг муҳаббати ҳаққидир. Банда уларни бажарсин. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни адо этишга кўп тарғиб қилганлар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан