Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Индонезиянинг янги тайинланган элчиси Сити Руҳаини Жуҳаятинни қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Индонезиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган Элчиси Сити Руҳаини Жуҳаятин хонимдан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Сиёсий мулоқотдан тортиб иқтисодий дипломатиягача бўлган барча соҳаларда икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидладик. Шубҳасиз, Ўзбекистон-Индонезия ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун кўплаб соҳаларда кенг имкониятлар мавжуд.
Элчи хонимнинг бой тажрибасини қадрлаймиз ва мамлакатимиздаги фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз".
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 23 июнда ўрнатилган. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги янги элчиси Ойбек Эшонов 2024 йилнинг 4 ноябрь куни Индонезия Президенти Субианто Прабовога ишонч ёрлиқларини топширган эди.
"Дунё" АА олган сурат
Муқаддас Ҳаж ибодатини улуғ вазифалар ва гўзал амаллар билан адо этган қашқадарёлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари юртимизга соғ-омон етиб келишди. Ислом арконларини бажариб, юзларида нур, қалбларида шукроналик билан қайтган ҳожиларни халқаро аэропортда уларнинг яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва нуронийлар катта хурсандчилик билан самимий кутиб олдилар.
Муқаддас заминдан қайтган зиёратчилар Ҳаж сафари давомида қалбларидан кечган унутилмас маънавий кечинмалари ва таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Ҳожилар ташкилий ишларнинг юқори даражада бўлганини, зиёратчиларга кўрсатилган алоҳида ғамхўрлик ва яратилган шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбарига ҳамда соҳа мутасаддиларига ўзларининг чексиз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Камол ҳожи бобо Тўраев, зиёратчи: — Муқаддас Каъбатуллоҳ пойида туриб, қалбимиздаги энг эзгу тилаклар қаторида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва диёримиз осойишталигини сўраб дуолар қилдик. Мамлакатимиз равнақи йўлида хизмат қилаётган Юртбошимизнинг соғлиқ-омонликларини, бошлаган хайрли ва ислоҳотли ишларига Яратгандан улкан зафарлар тиладик. Кўрсатилган эътибордан бошимиз кўкка етди.
Мадинаи мунаввара ва маккаи мукаррамадаги табаррук масканларда, хусусан, Арафот ва Мино водийларида қилинган дуоларда юрт тинчлиги ва эл осойишталиги бош мавзу бўлган.
Қашқадарёлик ҳожиларнинг тинч-омон қайтиб келиши нафақат уларнинг оила аъзолари, балки бутун вилоят аҳли учун катта маънавий қувонч бахш этди.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, дуоларини мустажоб айласин!
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати