Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Апрел, 2026   |   1 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:38
Пешин
12:27
Аср
17:08
Шом
19:11
Хуфтон
20:29
Bismillah
19 Апрел, 2026, 1 Зулқаъда, 1447
Мақолалар

Мактуб

14.07.2025   10196   3 min.
Мактуб

Бир ота узоқ шаҳарга сафар қилди. Аёли ва уч фарзанди эса ватанда қолишди. Болалари уни жуда яхши кўришар ва ҳурмат қилишар эди.

Оталари уларга биринчи мактубни юборди. Лекин улар уни ўқиш учун очмадилар, балки ҳар бирлари мактубни пешоналарига суртиб: “Бу буюк ҳабибимиздандир”, дедилар. Ушбу хатнинг кўринишига назар қилиб, уни чиройли қутига солиб қўйишди. Болалар бошқа пайтларда мактубнинг чангини артиш учун олишар ва яна жойига қўйиб қўйишарди. Оталари оиласига юборган ҳамма хатларни шундай қилишди.

Йиллар ўтди. Ота уйга қайтди. Лекин улардан биргина фарзанд қолганди. Ота ундан сўради:

– Онанг қаерда?

Ўғил деди:

– Улар қаттиқ касал бўлдилар. Бизда онамни даволаш учун маблағ топилмади ва вафот этдилар.

Ота деди:

– Биринчи мактубимни очмадингизми?! Мен сизларга катта маблағ юборган эдим-ку!

Ўғил деди:

– Йўқ!

Ота яна сўради:

– Уканг қаерда?

Ўғил деди:

– Сиз унинг баъзи ўртоқларини танирдингиз. Онамнинг ўлимидан кейин унга насиҳат қиладиган ва уни тўғри йўлга соладиган кимса топилмади. У дўстлари билан кетди.

Ота ҳайратланиб деди:

– Нима учун?! Ёмон ўртоқларини тарк қилиб, менинг олдимга келишини ёзган мактубимни ўқимадингизми?

Ўғил жавобан:

– Йўқ, – деди.

Ота деди:

– Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ. Опанг қаерда?

Ўғил деди:

– Турмушга чиқиш учун маслаҳат сўраган ҳалиги йигит билан никоҳланди ва у ҳозир бахтсиз яшаяпти.

Ота дарғазаб бўлиб деди:

– Сизларга бу йигитнинг обрўси, хулқи ёмонлиги ва бу тўйга норозилигим ҳақида ёзган хатимни ўқимадингизми?

Ўғил деди:

– Йўқ! Биз хатларингизни бир чиройли қутида сақладик. Доим уни зийнатладик, пешонамизга суртдик, лекин ўқимадик.

 

Бу оиланинг аҳволи, унинг бирлиги қандай тарқалиб кетгани, отанинг мактубини ўқимай, ундан манфаат олмай, балки уни муқаддаслаб, унда ёзилганларга амал қилмай, ҳаётларини қийинлаштирганликлари ҳақида тафаккур қилдим. Сўнг стол устидаги чиройли қутига солиб қўйилган Қуръони Каримга назар солдим... Шўрим қурисин!

Албатта, мен Аллоҳнинг Мактубига анави болалар оталарининг хатларига муомала қилганлари каби муносабатда бўляпман. Мен Мусҳафни столим устига қўйганман-у, лекин уни ўқимайман, ундаги нарсалардан фойдаланмайман ҳам. Ахир, у бутун ҳаётимнинг дастури-ку!

Роббимга истиғфор айтдим. Мусҳафни очдим ва ҳеч қачон уни тарк этмасликка қарор қилдим. 

Араб тилидан Зиёда Мираҳматова таржимаси
Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Робиа Басриянинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатлари

17.04.2026   9281   1 min.
Робиа Басриянинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Робиа Басриянинг дуо қилганлари ҳақида бундай ривоят қилинади. У зот таҳажжуд намозидан сўнг бундай дуо қилар эдилар: “Ё Роббим! Қуёш ботди, тун бўлди, осмонда юлдузлар чарақлай бошлади. Дунё подшоҳлари ўз дарвозаларини ёпишди. Лекин Сенинг эшигинг ҳали-ҳануз очиқдир. Шунинг учун Сенинг ҳузуринга келдим”.

Субҳаналлоҳ! Нақадар ажойиб илтижо. Ҳа, бундай зотлар Аллоҳ таолога дуо қилиш лаззатини жуда яхши билганлар. Аллоҳ улардан рози бўлсин!
 

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Илоҳий ишқ" китобидан Нодир Одинаев таржимаси