Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Август, 2026   |   23 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:39
Хуфтон
21:09
Bismillah
06 Август, 2026, 23 Сафар, 1448

Ихлоснинг аломати

06.08.2025   14793   2 min.
Ихлоснинг аломати

Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради: 
 

– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?


Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:


– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.


Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.


Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.


Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.

Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..

Акбаршоҳ Расулов

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади

30.07.2026   17636   1 min.
Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади

“Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги ПҚ–275-сон Қарори қабул қилинди.
 

Қарорга кўра, жорий йилда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади.


Термиз шаҳрида 2026 йил ноябрь ойида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.


Ҳаким Термизийнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари ҳамда алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашр этилади.


2026 йил давомида Ҳаким Термизий илмий меросига оид туркум рисолалар нашрга тайёрланади ва чоп этилади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танлови ўтказилади ва ғолиблар муносиб тақдирланади.


Аллома таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган кураш турнири 2026 йил ноябрь ойида “Мардлар майдони” шиори асосида юқори савияда ўтказилади. 


Манба: https://lex.uz/uz/docs/-8350210


Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари