Шу йил 26 февраль якшанба куни Жазоир президенти Абделмаджид Теббун Африкадаги энг катта 27 гектарлик “Буюк Жазоир” масжидини расман очди.
Мазкур масжид мажуаси 12 та қисмдан иборат бўлиб, унда 120 минг ўринли намозхона, Ислом цивилизацияси музейи, анжуманлар зали ва бир миллионлик кутубхонага эга маданият маркази, 1,5 минг ўқувчига мўлжалланган "Қуръон уйи" олий ислом фанлари мактаби, илмий тадқиқот ва қадимий қўлёзмаларни қайта тиклаш лабораторияси, шунингдек, вертолёт қўниш майдончаси, кўп қаватли автотураргоҳ, дам олиш масканлари мавжуд.
Жазоир пойтахти, ҳатто қўшни шаҳарлардан ҳам кўриш мумкин бўлган миноранинг баландлиги 267 метрни ташкил этади. Масжиднинг ички қисми саккиз бурчакли устунлар, мармар ва 6 км га яқин каллиграфик ёзувлар билан безатилган.
Масжидга илк ғишт 2011 йилда қўйилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мамлакатимизда илк бор ўтказилган I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми Туркия оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Хусусан, “Anadolu”, “TRT-Haber”, “TRT-Avaz”, “Haber7”, “Hibya”, “RHA Ajans”, “Türkiye”, “Yeni Şafak” каби етакчи турк ОАВ мазкур анжуман ҳақида туркум таҳлилий мақолалар эълон қилди.
Турк нашрлари глобал геосиёсий инқирозлар, радикализм ва исломофобия каби таҳдидлар кучайган ҳозирги шароитда Тошкентдан янграган конструктив чақириқлар бутун инсоният учун стратегик шериклик ва Шарқ билан Ғарб ўртасидаги мулоқот пойдевори бўлиб хизмат қилишини алоҳида эътироф этган.
Мақолаларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум делегатларига йўллаган мурожаати анжуманнинг концептуал асосини белгилаб бергани ҳамда Янги Ўзбекистон ғояси доирасидаги “Учинчи Ренессанс” ва “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойилларини юксак баҳолаган.
Саммит доирасида ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ва Ислом кутубхоналарининг халқаро иттифоқини тузиш каби 70 дан ортиқ аниқ амалий лойиҳалар кўриб чиқилди.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг анжуманга йўллаган мурожаатига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Туркия етакчиси ўз мурожаатида ушбу ташаббус нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
“Муҳтарам Президент жаноблари, Сизнинг оқилона раҳбарлигингизда Ўзбекистон нафақат ўзининг буюк келажагини барпо этмоқда, балки Ислом тамаддунининг тинчлик, эзгулик ва биродарлик ғояларини дунёга баралла тараннум этувчи тарихий миссиянинг пешқадами ва байроқдори бўлиб майдонга чиқмоқда”, – дея эътироф этган Туркия Президенти.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати