Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Таҳорат олиш учун шундай жой танлаш лозимки, қуйилган сув ерга тушиб, кийим-бошга сачрамасин. Зеро, покланиш учун таҳорат қилатуриб, кийим-бошни булғаб олиш мантиққа зид. Хало ва истинжо қилган жойда таҳорат қилинмайди. Таҳорат қилишда беҳуда сўзларни гапирилмайди. Шароит бўлса, юзни қиблага қилиб таҳорат олиш ҳам одобдандир.
Намозхон таҳорат қилишидан олдин унга тайёргарлик кўриши керак. Кўпчилик бунга аҳамият бермайди. Масалан, оёқларни ювиш навбати келгандагина пайпоқларини ечишади. Бир оёқдаги пайпоқ ечилиб, оёқ ювилгач, у қайта кийилиб, сўнгра иккинчи оёқ пайпоғи ечилиб ювилади. Баъзилар ўртада бир артиниб олиб, сўнгра оёқни ювишга киришадилар ва ҳоказо. Бундай қилиш макруҳ ҳисобланади.
Суннатга кўра, таҳорат амаллари орасига бегона амал кирмаслиги керак. Узрли кишилар бундан мустасно. Эркаклар исталган покиза жойда таҳорат олаверадилар. Аёллар эса, номаҳрамлар кўзи тушмайдиган ерда таҳорат қилишлари керак. Таҳорат қўйидаги тартибда олинади:
1. Ният қилиш. Ният қалбдан ўтказиш билан бўлади. Аммо ниятни тилда айтиш мустаҳабдир[1].
2. Таҳоратни “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” билан бошлаш. Агар таҳорат аввалида “Бисмиллоҳ”ни айтиш эсдан чиқса, эслаганда айтилади.
3. Икки қўлни бўғинлари билан уч марта ювиш. Бармоқларни бир-бирига киритиб, ораларига сув етказиш керак. Узуги бор одам уни қимирлатиб тагига сув етказиши зарур. Қўллар ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي جَعَلَ الْمَاءَ طَهُورًا وَالْإِسْلَامَ نُورًا
“Алҳамду лиллаҳиллазий жаъалал маа тоҳурон вал Ислама нурон”
“Сувни поклик манбаи, Ислом динини эса нур қилиб яратган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин”.
4. Оғизга ўнг қўл билан сув олиб, яхшилаб (ҳамма ерига етказиб) чайиш. Бу ҳолат 3 марта такрорланади. Оғиз чайилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ طَهِّرْ نَكْهَتِي وَاسْقِنِي مِنْ حَوْضِ نَبِيِّك
“Аллоҳумма тоҳҳир накҳатий васқиний мин ҳавзи набиййик”
“Аллоҳим, оғзимни пок қил ва менга Пайғамбарингга ато қилганинг “Ҳавзи кавсар” сувидан ичишни насиб эт”.
5. Бурунга ўнг қўл билан яхшилаб сув тортиб[2], чап қўл билан қоқиш. Бу амал 3 маротаба бажарилади. Бурунга сув тортилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ أَرِحْنِي رَائِحَةَ الْجَنَّةِ وَلَا تُرِحْنِي رَائِحَةَ النَّارِ
“Аллоҳумма ариҳний роиҳатал жаннати ва ла туриҳний роиҳатан нари”
“Аллоҳим, мени жаннат ҳидидан баҳраманд эт, дўзах исидан нари тут”.
Эслатма! Рўзадор киши оғиз чайиш ва бурунга сув олишда муболаға қилмайди. Чунки томоғидан сув ўтиб, рўзаси бузилиши хавфи бор. Шунингдек, оқар сувлардан таҳорат қилинганида оғиз ва бурундан чиққан сув ариққа ташланмайди.
6. Юзни пешонанинг устки қисмидан бошлаб ияк остигача ва икки қулоқ юмшоғи ўртасидаги жойларни уч марта ювиш. Икки лаб ва устидаги қисмлари ҳам юздан ҳисобланади. Ўнг қўл ҳовучи билан пешонанинг ўнг тарафига оҳиста сув қуйилиб (бунда кўзларни юммаслик керак) пешонанинг соч унган ери, ияк ости ва икки қулоқ юмшоқлари оралиғида бирор жой қолдирмай уч бор ювилади.
Кўзлар ичига сув етказиш фарз эмас, чунки кўзнинг ичи юз ҳисобланмайди. Кўз юз ҳудудида жойлашган алоҳида бир аъзодир. Унинг атрофида йиғилиб қолган кирларни тозалаб, ўрнини ювиш керак. Юз ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ بَيِّضْ وَجْهِي بِنُورِكَ يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهُ أَوْلِيَآئِكَ وَلَا تُسَوِّدْ وَجْهِي يَوْمَ تَسْوَدُّ وُجُوهُ أَعْدَائِكَ
“Аллоҳумма баййиз важҳий би нурика йавма табйаззу вужуҳу авлийаика ва ла тусаввид важҳий йавма тасвадду вужуҳу аъдаик”
“Аллоҳим, суюкли бандаларинг юзлари пок ҳолатда турувчи куни менинг юзимни ҳам Ўз нуринг билан ёруғ қил. Душманларинг юзи қора бўлгувчи кунда менинг юзимни қора қилмагин”.
7. Соқолга масҳ тортиш. Юз уч бора ювилгач, қўллар янгидан намланиб, соқол икки қўл билан сийпаланиб масҳ тортилади. Бунда бармоқларни жағ тагидан соқол орасига киритиб, сув етказиш керак.
Эслатма! Сийрак соқолли кишилар юз ювишда соқоли остига сув етказишлари лозим.
8. Қўлларни тирсаклари билан қўшиб уч марта ювиш. Икки қўлни ювишда бармоқ учларидан бошлаб, тирсакда тугатилади. Аввал ўнг қўл сўнг чап қўл ювилади. Ўнг қўл тирсаги билан яхшилаб ишқалангач, кафтга сув тўлдирилиб, тирсак томон оқизилади ва яна ишқаланади. Ўнг ва чап қўллар тирсаклари билан шу равишда уч бора ювилади. Қўлларнинг мукаммал ювилганига аниқ ишонч ҳосил қилиш учун тирсаклардан икки энлик ўтказиб ювилса, мақсадга мувофиқдир. Шунга кўра, таҳоратдан олдин тайёргарлик кўраётганда енгларни ҳам тирсаккача эмас, сал юқорироққача шимариш керак, шунда икки энлик тепадан ювишга имкон бўлади.
Ўнг қўл ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ أَعْطِنِي كِتَابِي بِيَمِينِي وَحَاسِبْنِي حِسَابًا يَسِيرًا
“Аллоҳумма аътиний китабий бийаминий ва ҳасибний ҳисабан йасиро”
“Аллоҳим, (қиёмат куни) амалларим ёзилган дафтарим (номаи аъмолим)ни ўнг тарафимдан бериб, ҳисоб-китобимни осон қилгин”.
Чап қўл ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ لَا تُعْطِينِي كِتَابِي بِشِمَالِي وَلَا مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي وَلَا تحَاسِبْنِي حِسَابًا شَدِيدًا
“Аллоҳумма лаа туътиний китабий бишималий ва лаа мин варои зоҳрий ва лаа туҳасибний ҳисабан шадийда”
“Аллоҳим, (қиёмат куни) амалларим ёзилган дафтарим (номаи аъмолим)ни чап тарафимдан ҳам, ортимдан ҳам бермагин ҳамда мени қаттиқ ҳисоб-китоб қилмагин”.
9. Бошга бир марта масҳ тортиш. Бошга масҳ тортиш учун икки қўлнинг кафт ва бармоқлари янгидан намланади, бош ҳамда кўрсаткич бармоқларидан бошқа бармоқлар бирлаштирилиб бошнинг олд томонидан орқасига қараб (кафтларнинг жимжилоқ томонидан ярми бошга теккизиб) бўйингача сийпаланади. Сўнг бош ҳамда кўрсаткич бармоқлари бирлаштирилиб бошнинг орқасидан олд тарафига қараб (кафтларнинг қолган нам қисми, яъни бош бармоқ томонидан ярми бошга теккизиб) пешонагача масҳ қилинади.
Бошга масҳ тортилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ غَشِّنِي بِرَحْمَتِكَ وَأَنْزِلْ عَلَيَّ مِنْ بَرَكَاتِكَ
“Аллоҳумма ғошшиний бироҳматика ва анзил ъалаййа мин барокатик”
“Аллоҳим, Ўз раҳматинг билан бошимни силагин ва устимга баракотларингни ёғдиргин”.
10. Қулоққа масҳ тортиш. Бошга масҳ тортилгач, бармоқлар қайта намланмайди, балки, бошга масҳ тортиш учун намланган бош ҳамда кўрсаткич бармоқлари билан икки қулоқ бир марта масҳ қилинади. Кўрсаткич бармоқ билан қулоқ ичлари, бош бармоқ билан эса қулоқ орқалари сийпаланади.
Қулоққа масҳ тортилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ اجْعَلْنِي مِنَ الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ
“Аллоҳуммажъалний миналлазийна йастамиъунал қовла файаттабиъуна аҳсанаҳ”
“Аллоҳ, сўзни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадиганлардан қилгин”.
11. Бўйинга масҳ тортиш. Қулоқлар масҳ қилингач, кафтнинг орқа тарафи гардандаги қон томирларига теккизилади. Кўпчилик томоққа масҳ тортади. Бу эса бидъатдир.
Бўйинга масҳ тортилганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ أَعْتِقْ رَقَبَتِي مِنَ النَّارِ وَاحْفَظْنِي مِنَ السَّلاَسِلِ وَاْلأَغْلاَلِ
“Аллоҳумма аътиқ роқобатий минан нари ваҳфазний минас саласили вал ағлал”
“Аллоҳим, мени дўзах азобидан қутқаргин ва занжирларда судралишдан сақлагин”.
12. Оёқларни уч марта ювиш. Аввал ўнг оёқ, сўнг чап оёқ ювилади. Оёқни ювиш бармоқ учларидан бошлаб тўпиқда тугатилади. “Тўпиқ” оёқнинг икки ёнида бўртиб чиққан суякдир. Оёқ ювилганда, тўпиқ ҳам қўшиб ювилади.
Таҳорат оёқни ювиш билан мукаммал бўлади. Оёқни ювиш, қўлни ювишдек, бармоқлардан бошланади. Аввал ўнг оёқ бармоқларига сув қуйилиб, тўпиғи билан бир бор ювилгач, чап қўл жимжилоғи билан ўнг оёқ жимжилоғининг ост томонидан бошлаб бир марта хилол қилинади. Сўнг яна икки бор мазкур тартибда ювилади.
Ўнг оёқ ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ ثَبِّتْ قَدَمَيَّ عَلَى الصِّرَاطِ يَوْمَ تَزِلُّ فِيهِ اْلأَقْدَامُ
“Аллоҳумма саббит қодамаййа ъалас сироти йавма тазиллу фийҳил ақдам”
“Ё Аллоҳ, оёқлар тойгувчи (қиёмат) кун(и)да оёқларимни Сирот (кўприги) узра собитқадам айла”.
Чап оёқ ҳам ўнг оёқни ювиш тартибида ювилади, лекин чап оёқни ҳилол қилиш (чап қўл жимжилоғи билан) бош бармоқдан бошлаб, жимжилоқда тугатилади.
Чап оёқ ювилаётганда ушбу дуо ўқилади:
اَللّٰــهُمَّ اجْعَلْ سَعْيِي مَشْكُورًا وَذَنْبِي مَغْفُورًا
“Аллоҳуммажъал саъйий машкурон ва занбий мағфуро”
“Аллоҳим, қилган ишларимни савоб йўлига бургин ва гуноҳларимни авф этгин”.
13. Таҳорат олгандан сўнг: “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу”, деб айтиш.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таҳорат олиб: “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳу”, деса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан кираверади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
14. Уйда таҳорат олиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бир уйга Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
15. Ишқалаш. Қўлни аъзо устидан сув билан ёки ундан кейин юрғизиш.
16. Сувни тежаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муд сув ила таҳорат қилар эдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
17. Ойнага қараганда дуо қилиш. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойнага қарасалар:
“Аллоҳумма анта ҳассанта холқий фа ҳассин хулуқий”
“Аллоҳим, яратилишимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам чиройли қилгин”, деб айтардилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Мустаҳаб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий қилмаган, аммо бажарилиши яхшилик ҳисобланган амал. Масалан, таҳоратни ўнг аъзодан бошлаш, бўйинга масҳ тортиш, намоздаги эсноқ ва йўтални имкон қадар қайтариш. Мустаҳабни қилган одам савобга эга бўлади, қилмаган гуноҳкор бўлмайди.
[2] Бурунга сув тортаётганда, аввал ўнг тешигига сўнг чап тешигига сув олинади.
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси