Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2026   |   29 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2026, 29 Жумадул аввал, 1448

Улар фажр аҳлидир

03.09.2025   16350   5 min.
Улар фажр аҳлидир

Бир жамоа борки, Аллоҳ таоло уларни Ўз тавфиқи ила қўллаган ва уларни дунёнинг ўзидаёқ иззат-икром қилган. Уларнинг юзлари нурли, пешоналари ялтираган ва вақтлари баракалидир. Сиз ҳам ана ўша жамоанинг бир аъзоси бўлинг ва Аллоҳга кўп ҳамд айтинг. Аллоҳдан сизни ҳам ўша жамоанинг бир вакилига айлантиришини сўраб дуою илтижолар қилинг.

Улар фажр аҳлидир... Улар бомдод намозини масжидда жамоат билан адо этишга иштиёқлари баланд бўлганлардир. Уларнинг тонг-саҳарлаб қиладиган амаллари қандай ҳам гўзал! Уларга фаришталар гувоҳ бўлади. Бомдодни жамоат билан ўқиган киши гўё туннинг барини ибодат билан ўтказган ҳисобидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, тунниг ярмида ибодат қилгандай бўлади. Бомдодни ҳам жамоат билан адо этса, туннинг барини ибодат билан ўтказган кабидир”[1], деганлар. 

Бу ишга шошилиш, ҳаракатда бўлиш жаннат сари етак­лайди. Бомдоддан кейинги вақтга барака ёғилади. Набий алайҳиссалом: “Ё Аллоҳ! Умматимнинг саҳарги вақтига барака бер”[2], дея дуо қилганлар.

Фажр аҳли – улар Аллоҳ томон чорлаётган жарчининг: “Намозга келинг... Нажотга келинг...” деган чақириғига “Лаб­бай” деяётган кишилардир. “Намоз уйқудан яхшироқдир...” деган иборани эшитганлари замон ҳушёр тортган ва бандалик ҳиссини англаб етганларга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қоронғу пайтлари масжид томон юриб борадиган кишиларга қиёмат кунидаги мукаммал нурнинг хушхабарини беринглар”[3], деганлар.

Эй фажр аҳли! Улкан ажр ила мусобақада ўзиб кетдингиз. Дунё матоҳларига, нафсига эргашганларга ҳавас кўзи билан боқманг. Чунки уларда ҳавас қилинадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ундан кўра сизларга бериладиган Аллоҳнинг фазли ва раҳматидан суюнинглар, хурсанд бўлинглар.

Эй фажр аҳли! Жаннатда Аллоҳнинг жамолини кўриш бахти муборак бўлсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яқинда сизлар шу ойни кўрганларингиз каби Роббингизни тиқилинчсиз кўрасизлар. Қуёш чиқишидан олдинги ва ботганидан кейинги намозни қўлдан бой бермасликни уддалай олсангиз, шундай қилинглар!” дедилар. Кейин эса: “Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Роббингизга ҳамд билан (Унга) тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)!..»[4] оятини ўқидилар[5].

Эй фажр аҳли! Одамлар мол-дунё, хотинлар билан чалғиганда, сиз вақтда барака, тетиклик ҳамда жаннат мукофоти ила уйга қайтишга рози бўласизми?!

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қуёш чиқиши ва ботишидан аввал намоз ўқиган киши ҳеч қачон жаҳаннамга кирмайди”[6], деганлар. Бу ҳадисда айтилган вақтлардаги намоз бомдод ва асрдир.

Эй фажр аҳли! Сизлар Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясидасиз. Жонларингиз хуш, жасадларингиз бардам... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясидадир”[7].

Бошқа бир ҳадисда эса ушбу маънолар мужассам: “Ким ғафлат уйқусида бўлса, шайтон унинг гарданига учта тугун тугади ва ҳар бир тугунга: “Ҳали тун узоқ, ётавер!” дея дам уради. Киши уйқудан турса ва Аллоҳни ёдга олса, битта тугун ечилади. Таҳорат олганида яна битта тугун ечилади. Намоз ўқиса, охирги тугун ҳам ечилади. Кейин бояги одам тетик бўлиб қолади. Тугунлар ечилмай шу ҳолда қолса, одам тубан бўлиб, дангасага айланади”[8].

Фажр аҳлининг сафига қўшилинг! Аллоҳнинг зиммасида бўласиз. Яхши кишилар дафтарига номингиз битиб қў­йилади. Саодатни қўлга киритасиз ва мунофиқликдан омонда бўласиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқ кимсаларга хуфтон ва бомдоддан-да оғирроқ намоз йўқ. Агар улар бу намозлар ўз ичига нималарни яширганини билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам келишган бўлишарди”[9],  деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Муслим ривояти.
[2]  Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти.
[3]  Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[4]  Тоҳо сураси, 130-оят.
[5]  Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[6]  Имом Муслим ривояти.
[7]  Имом Муслим ривояти.
[8]  Муттафақун алайҳ.
[9]  Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳаж вазири билан янги мавсумни юқори даражада ўтказиш муҳокама қилинди

09.11.2026   8870   2 min.
Ҳаж вазири билан янги мавсумни юқори даражада ўтказиш муҳокама қилинди

8 ноябрь куни Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида “Ҳаж – 2027” мавсумини намунали ташкил этиш юзасидан мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Закиров, элчи Нодиржон Турғунов, атташе Шуҳрат Амоний келгуси ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.

Учрашув аввалида муҳтарам Президентимиз ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар салмоқли натижа бераётгани, савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, туризм, қишлоқ хўжалиги ва зиёратчиларга энг юқори даражадаги хизматлар кўрсатилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Ҳаж ва умра вазири ўз навбатида Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларни, хусусан, диний-маърифий соҳадаги ижобий ўзгаришлар, бутун дунё эътирофига сазовор бўлаётган Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасида олиб борилган бунёдкорлик ишлари, шунингдек, зиёратчиларга яратилаётган қулай шароитларни юксак баҳолади. Доктор Тавфиқ ар-Робиа юртимизга амалга оширган аввалги икки ташрифи давомида гувоҳи бўлган жадал тараққиётни эътироф этиб, Ўзбекистонга яна ташриф буюриш ниятида эканини маълум қилди.

Мулоқот давомида “Ҳаж-2027” мавсумини юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар юқори сифат нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Жумладан, ҳожиларга энг муносиб шароитларни ҳозирлаш, ҳаж арконлари адо этиладиган маконларда шароитларни яхшилаш, транспорт, тиббий ва ошхона хизматлари сифатини такомиллаштириш кабиларга урғу қаратилди.

Мулоқот якунида томонлар қатор масалалар бўйича келишувга эришиш баробарида ўзаро эсдалик совғалари алмашдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари