Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июн, 2026   |   14 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:53
Пешин
12:29
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
29 Июн, 2026, 14 Муҳаррам, 1448

Улар ҳақиқий мўминлар

22.02.2024   685   3 min.
Улар ҳақиқий мўминлар

Аллоҳ таоло мўминларни бундай васф қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол, 2–4).

Демак, ҳақиқий мўминлар юксак сифатларга эга бўлган кишилардир:

“...Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган...”

Банда доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши керак. Бу ҳақда Қуръонда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз! (Аҳзоб, 41-42); Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152).

Дарҳақиқат, мусулмоннинг бутун ҳаёти, қалби, тили, ўй-хаё­ли Аллоҳ таолога боғланган бўлади. Зикр бандани Раббисига энг осон ва тез яқинлаштирувчи йўлдир. Банда ўз Раббисининг зикри ила умр кечирар экан, ҳаёти осо­йишта ва хотиржам бўлади.

“...Оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган...”

Банда Қуръонни қанчалик кўп тингласа ва тиловат қилса, унинг маъноларини тафаккур қилса, имони шунча мустаҳкам бўлади.

“...Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган...”

Аллоҳга таваккул қилиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг ғайбий сири (уларнинг илми) Аллоҳга хосдир. Барча иш Унгагина қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса) Раббингиз ғофил эмасдир» (Ҳуд, 123).

Мўмин банда ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси ила бўлишига имон келтиради, шу сабабли ҳар бир ишини Аллоҳга таваккул қилган ҳолда бажаради.

“...Намозни баркамол ўқийдиган...”

Ҳақиқий мўминлар намозни бенуқсон адо этишади. “...Ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир...”.

Мўмин қўлидаги барча нарса Аллоҳнинг унга берган омонати эканини билади. Шу боис, Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарф қилади, қўлидаги бойликнинг кўп ёки озлигидан қувонмайди, балки холис Аллоҳ йўлида сарфлаганидан севинади.

Аллоҳ йўлида сарф қилинган бойлик асло камаймайди, аксинча, янада кўпаяди. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (саво­бини) янада кўпайтириб  беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 261).

Демак, ушбу оятнинг бошида келтирилган сифатларга эга бўлган мусулмон ҳақиқий мўмин номига лойиқдир ва улар учун “...Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)...”.

Ҳақиқий мўминлардан бўлишни истаган банда ўз нафсини тафтиш этиши лозим. Зикр этилган сифатларнинг бандада мавжуд бўлиши мўминнинг комиллигидандир. Барчамиз Аллоҳ таоло ҳузуридаги улуғ даражаларга ана шу сифатлар билан эришишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Отамдан қолган сабоқлар: Одамларга руҳиятинг калитини берма

26.06.2026   13881   4 min.
Отамдан қолган сабоқлар: Одамларга руҳиятинг калитини берма

Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...

У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.

Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...

Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.

Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.

Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.

Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.

Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.

Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.

Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:

— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.

— Баъзан, дедим.

У эса:

— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.

— Нега? — дедим.

— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.

Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.

Мен унга:

— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.

Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:

— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.

Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.

Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.

Ҳаммасини айтиб бердим.

Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:

— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?

Мен:

— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.

Отам бироз сукут сақлаб:

— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.

Сўнг қўшимча қилди:

— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.

Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.

Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.

Мен унга:

— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.

У киши жилмайиб:

— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.

Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:

Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг.

Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:

Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.

У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.

Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.


Даврон НУРМУҲАММАД