Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Апрел, 2026   |   25 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:28
Аср
17:05
Шом
19:06
Хуфтон
20:22
Bismillah
14 Апрел, 2026, 25 Шаввол, 1447

Нафс - илоҳий сир

09.09.2025   7765   3 min.
Нафс - илоҳий сир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

НАФС МОҲИЯТИ

Ҳақиқатда инсон нафси илоҳий сир (латифаи Раббония) бўлиб, унинг моҳиятини тўла англаш мумкин эмас.

Инсон танасига кириб жойлашгунга қадар нафс руҳ ёки жон деб аталади. Аллоҳ иродаси билан руҳ тан билан бирлашади, кейин мосуваллоҳни[1] танийди ва шу билан ўз Парвардигоридан бошқага чалғийди. Шунда Аллоҳ ва нафс ўртасида нафсни Яратувчига яқинлаштирмайдиган парда пайдо бўлади.

Маълумки, инсоний руҳ ўз табиатига кўра олийжаноб борлиқдир, чунки унга фариштанинг нафаси орқали Аллоҳ ҳаёт беради. Бу ҳақда бизга Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

“Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг шунча муддат ичида лахта қон (алақа) ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади...” [2] (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Тана билан жон бирлашгач, инсон деб аталгувчи ғаройиб яратиқ (махлуқ) шаклланади.

Аллоҳ инсонни бунёдкорлик билан ўз ҳаёт тарзини барпо этиши учун ер юзида ўзига халифа (ўринбосар) қилди. Шунингдек, инсоний нафсни тарбия қилиш учун, бандасига меҳрибонлик кўрсатиб, Ўзининг шариатлари (қонун тўпламлари)ни туширди. Зеро, билим ва ахлоқнинг асосини инсон нафсининг комил тарбияси ташкил этади.

Модомики, Аллоҳнинг амру фармонлари инсон нафсига қаратилган экан, нафс сифатлари билан одамларнинг тақвоси ва собитлиги аниқланади. Илоҳий китобларнинг туширилиши, Аллоҳ элчилари, пайғамбарларига ваҳийлар келиши ва қонун-қоидаларнинг ўрнатилишидан асосий мақсад инсон нафсини камол топтиришдан иборатдир.

Кучли ҳис-туйғулар ва бепарволикка берилиш, ҳар хил ҳаётий вазиятларга мойил бўлишлик инсон нафсининг табиатига хосдир. Нафс ўзининг одам ва жинлардан иборат ёмон дўстлари ҳамда шайтонлар таъсири остида доимо гуноҳлар содир этади. Бас, шундай экан, гуноҳлар туфайли содир бўлган зарарларни таг-томири билан йўқотиш ва нафсни буларнинг ёмонлигидан қутқариш учун гуноҳлар йўқотиш устида давомли ишлаш зарур. Бу эса Аллоҳга ҳақиқий тавба ва қайтиш билангина бўлади.[3]

Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

 


[1]Аллоҳдан бошқа нарсалар, оламлар ёки оламдаги Аллоҳдан ғайри нарсалар.
[2]Агар кўнглида иймон билан кетса бахтиёрлардан, билъакс, бахтсизлардандир – Муҳаррир.
[3] Бу тўғри йўл Аллоҳ томонидан кўрсатилган ҳидоятдир – Муҳаррир.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фарзандингизга бу сўзларни айтманг!

13.04.2026   5058   1 min.
Фарзандингизга бу сўзларни айтманг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Болалар зўравонлиги бўйича эксперт Шанта Дюб айтади: “Ота-оналар баланд овозлари ва “аҳмоқ”, “дангаса” каби сўзлари фарзандларига қанчалик салбий таъсир кўрсатишини афсуски яхши билишмайди”.

Тадқиқотчи Питер Фонагининг қайд этишича, болалар катталар нима деса, шунга ишонадиган бўлади. Улар катталарни жиддий қабул қилади. Катталарнинг болаларга қўпол сўзлари нафақат болаларнинг миясига шикаст етказади, балки жамият билан алоқа қила олмаслигига ҳам сабаб бўлади.

21 минг нафар иштирокчи қатнашган тадқиқотда: болаликда қўпол муомалада вояга етганлар бошқаларга қараганда 20% фоиз кўпроқ гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга мойил бўлиши, уларнинг қамоққа тушиб қолиш хавфи эса ота-онасининг бақиришларини эшитмаганларга қараганда 2 баробар кўпроқ экани аниқланди.

Болалардан ўзлари эшитадиган энг ёмон сўзларни сўрашганда “Ҳеч қандай фойданг тегмайди”, “Аҳмоқсан”, “Ҳеч нарсани эплолмайсан” ибораларини, энг яхшиларини сўрашганда эса “Сен уддалайсан”, “Сен билан фахрланаман” ибораларини айтишган.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар