Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Сентябр, 2026   |   17 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:58
Қуёш
06:16
Пешин
12:14
Аср
16:24
Шом
18:15
Хуфтон
19:29
Bismillah
28 Сентябр, 2026, 17 Рабиъус сони, 1448

Масжидга боришда бажариладиган суннатлар

09.09.2025   18991   5 min.
Масжидга боришда бажариладиган суннатлар

1. Намозга эрта бориш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида эди, унга фақат қуръа ташлаш билан эришишдан бошқа илож бўлмаса, албатта қуръа ташлар эдилар. Таҳжир[1]да нима борлигини билганларида, унда кимўзар қилар эдилар. Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келган бўлар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

2. Масжидга бориш дуосини ўқиш.

اللَّهُمَّ اجْعَلْ في قَلْبِي نُوراً، وفي لِسانِي نُوراً، وَاجْعَلْ في سَمْعِي نُوراً، وَاجْعَلْ في بَصَري نُوراً، وَاجْعَلْ مِنْ خَلْفِي نُوراً، وَمِنْ أمامي نُوراً، وَاجْعَلْ مِنْ فَوْقي نُوراً وَمِنْ تَحْتِي نُوراً، اللَّهُمَّ أعْطِني نُوراً

“Аллоҳумма, ижъал фий қолбий нурон ва фий лисаний нурон, важъал фий самъии нурон, важъал фий басории нурон, важъал мин холфий нурон ва мин амаамий нурон, важъал мин фавқий нурон ва мин таҳтий нурон. Аллоҳумма аътиний нурон”

“Аллоҳим! Қалбимда нур қилгин, тилимда нур қилгин, қулоғимда нур қилгин, кўзимда нур қилгин, олдимдан нур қилгин, ортимдан нур қилгин, устимдан нур қилгин, остимдан нур қилгин. Аллоҳим, менга нур ато этгин” (Имом Муслим ривояти).

 

3. Сакинат ва виқор билан юриш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Иқоматни эшитсангиз, намозга сакинат[2] ва виқор[3] билан юриб келинглар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

4. Масжидга пиёда бориш.

Фақиҳлар масжидга боришда шошмасдан, қадамни яқин-яқин босиб боришнинг суннат эканини айтганлар. Токи юриб борувчининг савоби янада кўп бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган, даражотларни кўтарадиган нарсага далолат қилмайинми?” дедилар.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжид сари қадамни кўпайтириш” дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

5. Масжидга киришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.

 

6. Масжидга киришда дуо ўқиш:

اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ.

“Аллоҳумма ифтаҳ лий абваба роҳматик”

“Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини очгин”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан бирортангиз масжидга кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом йўлласин ва “Аллоҳумма мағфир лана зунубана вафтаҳ лана абваба роҳматик” (Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини очгин), десин (Имом Насоий ривояти).

 

7. Масжидга ўнг оёқ билан кириш.

 

8. Биринчи сафда туришга ҳаракат қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида эди, унга фақат қуръа ташлаш билан эришишдан бошқа илож йўқ бўлса, албатта қуръа ташлар эдилар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бунда ўзгаларга озор бермаслик, ёши катталарни ҳурмат қилиш шарт қилинади.

 

9. “Таҳийятул масжид” (масжид ҳурмати) намозини ўқиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз масжидга кирса, икки ракат намоз ўқимасдан ўтирмасин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Агар ўтириб олганидан кейин ёдига тушса, ўша заҳоти туриб, ўқиб олса ҳам бўлади. Аммо макруҳ вақтлар бундан мустасно.

 

10. Масжиддан чиқишда дуо қилиш.

اللَّهُمَّ إني أسألُكَ مِنْ فَضْلِكَ.

“Аллоҳумма инний асалука мин фазлик”

“Аллоҳим, фазлингдан сўрайман”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз масжиддан чиқса, “Аллоҳим, фазлингдан сўрайман”, десин» дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

11. Чап оёқ билан чиқиш.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Масжидга кирганингда аввал ўнг оёқни, чиққанингда аввал чап оёқни босишинг суннатдандир”.

Даврон НУРМУҲАММАД


[1] Намозга эрта келиш.
[2] Оҳиста, хотиржам ҳаракат қилиш, беҳуда нарсалардан тийилиш.
[3] Кўзни тийиш, овозни кўтармаслик, ҳар тарафга алангламаслик.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди

28.09.2026   865   1 min.
Малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди

Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда Малайзиянинг “MATTA” ва “BUMITRA” сайёҳлик компаниялари раҳбарияти, маҳаллий туроператорлар, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияcининг Куала-Лумпурдаги вакиллари иштирок этди.

Малайзиялик иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Элчихона дипломатларининг таъкидланишича, ҳозирда визасиз режим 94 дан ортиқ давлат, жумладан, Малайзия фуқаролари учун амал қилмоқда.

Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкент бўйича дастурлар, зиёрат, тарихий-маданий, қишки, MICE ва гастрономик туризм йўналишлари бўйича сайёҳлик пакетларини тақдим этди.

“Uzbekistan Airways” вакиллари Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳақида маълумот берди. Қиш мавсумида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар сонини ҳафтасига иккитадан тўрттагача ошириш режалаштирилган.

Иштирокчилар тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайиши Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасидаги сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилишини таъкидлади.

B2B форматидаги музокаралар чоғида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, Малайзияда зиёрат, қишки ва MICE туризми йўналишлари бўйича сайёҳлик пакетлари савдосини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди
Ўзбекистон янгиликлари