Аслида инсон нафсига ўзини беадабларча тутишлик хосдир. Шунинг учун ҳам у бандага буюрилган ахлоқий меъёрларнинг риоясига қаттиқ қаршилик кўрсатади. Нафс – инсоннинг ажралмас душмани. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этадилар: “Энг қаттол душманингиз, икки томонингиз орасидаги нафсингиздир” (Ғаззолий Муҳаммад Абу Ҳомид, “Иҳё улумид –дин”, Ажлуний, “Кашфул ҳафа”, Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Ҳазин, Ибн Одилнинг “Тафсири Лубоб” китобида шунга ўхшаш маънода келган).
Шу сабабдан ҳам кимки ўз нафсининг хоҳишларига, ҳою ҳавасларига эрк берса, ўзини ҳалок қилишда нафсига шерик бўлади. Бу ҳақиқатни яхши билган тақводорлар ҳар бир гуноҳ, лоқайдлик, ширк[1], ҳою ҳаваснинг асоси ўз нафсидан мамнун бўлишликдан ва ҳар қандай тоат, огоҳлик ва ҳаромлардан тийилишнинг асоси эса ўз нафсидан рози бўлмасликдан келиб чиқишини уқтириб ўтганлар.
Аллоҳнинг лутфу эҳсонига умид боғлаб қилинган кичкина амал ўзига ишониб бажарилган кўп (катта) ишдан афзалдир.
Ўз нафсининг асл моҳиятини билиб олган ақлли инсон унинг қанчалик паст, хору залил, ожиз ва ҳалок бўлишга маҳкум эканлигини англаши баробарида ўзини яратган Холиқини Иззат, Бақо, Қудрат, Азамат ва Улуғ сифатлари билан таний бошлайди. Чунки У ўша нафсни яратган ва уни йўқдан бор қилган Парвардигордир.
Аллоҳ ўз авлиёларига марҳамат қилиб, уларни Ўзига яқин келишга даъват этар экан, улар учун энг қисқа ва энг қулай йўлни ҳам кўрсатди. Бу йўл эса нафсга қарши бориш йўлидир.
Аллоҳ севикли бандаларидан бирининг тушида шундай марҳамат қилади: “Ўз нафсингга адоват қил, чунки Менинг салтанатимда ундан бошқа Мен билан тортишадиган яратиқ йўқдир”.
Нафс ҳар доим Аллоҳ таолонинг кибр, буюклик ва одамлар устидан ҳукмронлик каби сифатларини эгаллашга интилиб келади. Ваҳоланки, бундай сифатлар фақат Аллоҳ таолонинг ўзигагина хосдир. Аллоҳ Ўзига нолойиқ барча қусур ва нуқсонлардан покдир!
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Ширк икки хил бўлади — катта ва кичик ширк. Катта ширк – Аллоҳга ўртоқ, шерик қўшиш. Кичик ширк – ибодат ва фаолиятни Аллоҳ (ризолиги) учун эмас, балки таъма ёки ғараз билан, ё хўжакурсинга адо этишни англатади.
Хушхулқлик – бандаликнинг энг улуғ даражаси бўлиб, унда мардликнинг чин сурати намоён бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга кўплаб фазилатлар ато этганига қарамасдан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан хулқи хушлари билан мадҳ этди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Олимлар қайд этадилар: “Улуғ хулқ дегани шундай хулқ ҳисобланадики, бундай хулқ соҳиби ҳеч кимга нисбатан адоватда бўлмайди ва унда одамларнинг нафратига сабаб бўладиган заррача бўлса ҳам ёмон иллатнинг ўзи бўлмайди. Буларнинг барчаси Аллоҳни танишнинг юксак даражалари туфайлидир”.
Бошқа олимлар дейдилар: “Улуғ хулқ – бу одамларнинг унга нисбатан қилган жабру жафоларини Аллоҳдан деб билганлиги сабаб улардан ранжимаслигидир”.
Олимларнинг қуйидагича фикрлари ҳам бор: “Улуғ хулқ – бу кишининг бутун борлиғию эътиборини фақат Аллоҳга қаратмоғидир!”.
Шунингдек, илоҳиёт олимлари юқоридаги оятни батафсил мана бу тарзда изоҳлаган эканлар:
“Эй Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, сиз улуғ хулқ соҳибисиз! Бу даража фақат сизгагина насиб этган. Бошқа ҳеч бир яралмиш хулқнинг бу даражасига кўтарила олмайди. Шунинг учун ҳам Сиз бошқаларнинг қўлидан келиши маҳол бўлган даражада матонатли, сабр соҳибисиз”.
Олимлардан яна бири бу оятни қуйдагича изоҳлаган экан: "Аллоҳнинг хулқи билан хулқланганингиз учун одамларнинг туҳмати, таънаю маломати Сизга салбий таъсир этолмайди ва Сиз уларнинг ёмонликларидан етажак уқубатдан фориғсиз. Зероки, ўз кучингиз билан эмас, Аллоҳ айтганидек, Аллоҳнинг ёрдами билан тоқат қиласиз".
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.