Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Октябр, 2026   |   22 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:12
Аср
16:16
Шом
18:06
Хуфтон
19:20
Bismillah
03 Октябр, 2026, 22 Рабиъус сони, 1448

Мен Муҳаммадман...

08.10.2025   6636   8 min.
Мен Муҳаммадман...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу ҳомила хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ана шу ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этди.

Омина эса ўзида ҳомиладор аёлларда бўладиган машаққатларни мутлақо сезмас эди. Тушида ғойибдан келган овоз унга «Албатта, сен ушбу умматнинг улуғига ҳомиладор бўлдинг», дер эди.

Аллоҳ таоло фил эгаларини ҳалок этганидан эллик кун ўтиб, Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ оддий тўлғоқ эмас эди. Оминанинг ҳомиласи одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача бир ҳолатда ёруғ дунё­га келди. Унинг қорнидан гўё бир нур – гўдак худди сажда қилаётгандек ҳолда ерга тушди.

Дунёни нурга тўлдирган, бутун мавжудотни бахт­га чўмдирган бу улуғ кун Робиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба куни (милодий 570 йил, 20 апрель) эди.


У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар

Ўша куни одамлар кўпгина одатдан ташқари ҳодисаларнинг шоҳиди бўлдилар:


1. Бутлар ларзага тушиб, қимирлаб кетди. Баъзилари юзтубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ қилувчи зот дунёга келган эди.


2. Маккадан бир нур зоҳир бўлиб, Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Чунки бутун дунёга иймон нурини элтувчи зот дунёга келган эди.


3. Ҳишом ибн Урванинг таъкидлашича, ўша куни Маккада тожирлик қилувчи бир яҳудий қурайшликлар тўпланиб ўтирган жойга келиб:

«Эй қурайшликлар жамоаси, бугун сизларда бирор бола туғилдими?», деган. Улар:

«Билмадик», дейишган. Шунда ҳалиги яҳудий:

«Аллоҳу Акбар! Аммо билмаган бўлсангиз, билинг! Сизга айтадиган гапимни яхшилаб ёдлаб олинг! Бугун ушбу охирги умматнинг набийси туғилди. Унинг икки кураги орасида аломат бор. Аломатнинг устида туклар бор», деди.


4. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Етти-саккиз ёшдаги бола эдим. Кўрган-эшитган нарсамга ақлим етар эди. Бир куни эрталаб Ясрибда бир яҳудий:

«Эй яҳудийлар жамоаси!» деб бақириб қолди. Унинг олдига тўпланишди. Мен эшитиб турибман. Улар:

«Шўринг қурғур, сенга нима бўлди?» дедилар.

«Батаҳқиқ, бу кеча туғиладиган Аҳмаднинг юлдузи чиқди!» деди».


5. Махзум ибн Ҳонеъ ал-Махзумийнинг айтишича, ўша куни Форс подшоҳи Кисронинг айвони ларзага келиб, ўн иккита болахонаси қулаб тушган. Мажусийларнинг минг йилдан буён ўчмай турган оловлари ўчиб қолган.

Баъзи бир кишиларга бу гаплар ғалатироқ туюлиши мумкин. Лекин бор ҳақиқат шу. Бу ҳодисалар турли тарихчилар томонидан, жумладан, мусулмон эмаслари томонидан ҳам ўрганиб чиқилган. Уларнинг барчаси мазкур ҳодисалар муболаға эмаслигини тасдиқлаганлар.

Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда ким бўлишларига ишорат эди.

Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмуттолибга одам юбориб, «Сизга бир ғулом туғилди, келиб, унга бир назар солинг», деди.

Эҳтимол, у киши бу билан янги куёвлик чоғидаёқ вафот этган ўғлининг кўйида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглига бир оз қувонч киришини истагандирлар.

Абдулмуттолиб қувончга тўлган ҳолида шошиб, етиб келди. Мурғак набирасини қўлига олиб, ўпди. Уни авайлаб кўтариб, Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуои хайрлар қилди. Сўнгра набирасига Муҳаммад деган исм қўйди. Араблар ичида бу исм ҳали тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди...


Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг бешта исмим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг асосий исмларига қўшиб, яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларини ҳам тилга олмоқдалар:


1. Муҳаммад.

Бу муборак исмнинг луғавий маъноси «ҳамд-мақтов айтилган»дир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб, тилшунос уламолар «Айни шу сийғадан, яъни Муҳаммад сийғасидан «Мақтови тинмай янгиланиб турувчи» деган маъно чиқади», дейдилар.

Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида кўрган тушларида болалари туғилганда уни Муҳаммад деб номлашлари кераклиги айтилган экан.

Шунингдек, Абдулмуттолиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ мақомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишора қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг таъсирида ва келиннинг гапига биноан, Абдулмуттолиб набирасини Муҳаммад деб атаган.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исми қўйилган экан.

Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтибди.

Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам «Хотиним ўғил туғса, исмини Муҳаммад қўяман», деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар.

Улар қуйидаги кишилар эканлар: Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Мужошеъ, Муҳаммад ибн Уҳайҳа ибн ал-Жулааҳ ва Муҳаммад ибн Ҳимрон ибн Робийъалар.


2. Аҳмад.

Бу муборак исмнинг маъноси «Кўп ҳамд айтувчи» бўлиб, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорадир. Аввалги самовий китоблардаги башоратларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат Аҳмад исмлари келган.


3. Моҳий.

Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфр­ни маҳв этур» деб баён қилиб бермоқдалар.

Биз маҳв этишнинг ҳозирги пайтдаги кўпроқ ишлатиладиган маъносини оладиган бўлсак, «ўчириб ташлаш» маъноси тўғрироқ келса керак. Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ила куфрни ўчириб ташлайди.


4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур».

Яъни Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари олдига ҳашр майдонида халойиқни тўплайди.

5. Оқиб.

Бу муборак исмнинг маъноси «ортдан келувчи» деганидир. Чунки Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан ке­йин бошқа пайғамбар келмайди.

 

«Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларини бир неча исмлар ила номлар эдилар: Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набийюттавбаман, Набийюрроҳмаман», дер эдилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда аввал зикр қилинмаган учта исм зикр қилинмоқда:

1. Муқаффий.

Бу муборак исмнинг маъноси ҳам «орқадан келувчи» бўлиб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканликларини анг­латади.

2. Набийюттавба.

Бу муборак исмнинг маъноси «тавба пайғамбари» деганидир.

3. Набийюрроҳма.

Бу муборак исмнинг маъноси «раҳмат пайғамбари» дегани.

 

"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Тарихий меросни асраган ҳолда атрофида барқарор туристик хизматлар тизимини яратиш муҳим вазифа"

29.09.2026   41030   13 min.

Мамлакатимизда туризмнинг учта асосий тури мавжуд: кириш, чиқиш ва ички туризм. Кириш ва ички туризмга асосий ва махсус туристик маҳсулотлар киради: туристик диққатга сазовор жойларга экскурсиялар; меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, курортлар, санаторийлар, сайёҳлик қишлоқлари, уй-лагерлар, лагерларда жойлаштириш; миллий таомлар ва виноларни татиб кўриш; фестиваллар ва байрам тадбирларида иштирок этиш; мамлакат бўйлаб қулай ҳаракат.

Тарихий обидалари, қадимий шаҳарлари, буюк алломалар мероси эса Ўзбекистоннинг асрлар давомида шаклланган миллий маданияти мамлакатнинг энг катта туристик бойликларидан бири. Бироқ бугун масала фақат ушбу меросни дунёга танитиш билан чекланмайди. Уни асраб-авайлаган ҳолда замонавий туризм маҳсулотига айлантириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни рағбатлантириш ва туристнинг мамлакатда кўпроқ вақт қолишига эришиш муҳим вазифага айланмоқда.

Айниқса, зиёрат туризми учун имкониятлар катта. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз меъморий мероси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби алломаларнинг илмий-маърифий мероси, минг йиллар давомида шаклланган ҳунармандчилик, мусиқа, гастрономия ва урф-одатлар бугун маданий ҳамда зиёрат туризмининг катта иқтисодий ресурсига айланмоқда. Бу ресурснинг глобал бозордаги салмоғи ҳам йил сайин ортмоқда. “Mastercard-CrescentRating” ташкилотининг “Жаҳон мусулмон саёҳати индекси — 2026” (GMTI 2026) маълумотларига кўра, 2025 йилда мусулмон сайёҳларнинг халқаро саёҳатлари сони 196 миллионга етган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 262 миллионга, йиллик харажатлар эса 310 миллиард АҚШ долларига етиши прогноз қилинмоқда. Ислом цивилизациясининг бешикларидан бири бўлган Ўзбекистон учун бу бозор нафақат маънавий, балки стратегик иқтисодий имкониятдир. Шу билан бирга, мазкур бозорда рақобат кескинлашиб бораётгани хизмат сифатини тизимли ошириш заруратини ҳам кун тартибига қўймоқда.

Хўш, тарихий меросни замонавий иқтисодий ресурсга айлантиришнинг қандай йўллари мавжуд? Биз бир қанча саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққуловга мурожаат қилдик.

- Бугун “меросни иқтисодиётга айлантириш” деган тушунча кўп тилга олинмоқда. Бу иборани қандай тушуниш мумкин? Тарихий обидани тижорат объектига айлантириш билан уни иқтисодий ресурс сифатида ишлатиш ўртасида қандай фарқ бор?

— Тарихий меросни тижоратлаштириш эмас, аксинча, уни асраб-авайлаган ҳолда атрофида барқарор туристик хизматлар тизимини яратиш муҳим. Масалан, зиёратгоҳга келган сайёҳ фақат бир объектни кўриб кетмаслиги керак. Унинг учун транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, гидлик хизмати, ҳунармандчилик, миллий таомлар, китоб ва сувенирлар, маданий дастурлар каби хизматлар таклиф этилиши лозим. Шунда битта тарихий объект атрофида ўнлаб тадбиркорлик субъектлари фаолияти шаклланади. Бу эса янги иш ўринлари ва аҳоли даромадининг ўсишига хизмат қилади.

- Ўзбекистонда давлат муҳофазасида 8 мингдан зиёд моддий маданий мерос объекти бор. Бу улкан салоҳиятни туризмга қандай жалб қилиш мумкин?

— Аввало, ҳар бир объектнинг ўзига хос хусусиятини аниқлаш керак бўлади. Барча объектга бир хил ёндашув тўғри эмас. Айримлари зиёрат туризми, бошқалари археологик, илмий, этнографик ёки маданий маршрутлар учун қизиқарли бўлиши мумкин. Биз учун “бир объект — бир ташриф” модели эмас, балки “бир ҳудуд — бир неча кунлик туристик тажриба” модели муҳим. Биз сайёҳга фақат зиёрат эмас, балки тарих, илм-фан, меъморчилик, миллий таомлар, ҳунармандчилик ва замонавий хизматларни бирлаштирган яхлит маҳсулотни таклиф қилишимиз мумкин.

- Бу ёндашув туристнинг мамлакатда қолиш муддатига ҳам таъсир қиладими?

— Албатта. Туризмда асосий кўрсаткичлардан бири фақат туристлар сони эмас. Уларнинг мамлакатда қанча кун қолиши ва қанча маблағ сарфлаши ҳам муҳим. Алоҳида қайд этишим лозимки, 2030 йилгача туристнинг мамлакатда қолиш муддатини 7–8 кунга етказиш, ўртача харажатини эса 1 минг долларгача ошириш мақсади белгиланган. Бунинг учун туристга кўпроқ хизмат ва кўпроқ тажриба таклиф қилиш мақсадга мувофиқ. Маданий ва зиёрат туризми бу вазифани бажаришда муҳим йўналишлардан бири бўлади.

- 2026 йил март ойида Ислом цивилизацияси маркази ва янгиланган Имом Бухорий мажмуасининг очилиши катта воқеа бўлди. Бу объектлар туристик оқимга қандай таъсир кўрсатмоқда?

— Ислом цивилизацияси маркази қисқа вақт ичида йирик ташриф нуқтасига айланди. 2026 йил 1 июнь ҳолатига марказга ярим миллион маҳаллий ва хорижий ташрифчи келган. Кунлик ўртача ташрифлар 6 минг нафарни ташкил этган. Имом Бухорий мажмуасида ҳам катта ўзгариш бўлди. Мажмуа нафақат зиёратгоҳ, балки меҳмонхона, оилавий меҳмон уйлари, туризм маркази, сервис ва транспорт инфратузилмасига эга яхлит туристик мажмуа сифатида шакллантирилди. Очилишидан кейин бир ой ичида бир миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий зиёратчининг ташриф буюргани бу йўналишга талаб юқори эканини кўрсатади. Қисқа вақт ичида марказ “Дунёнинг энг йирик ислом цивилизацияси музейи” сифатида Гиннесс рекордлар китобига киритилди, мингдан ортиқ ноёб артефакт Ўзбекистонга қайтарилди. Илмий йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий олим иштирок этди. Конференция, семинар ва маҳорат дарсларига 5 мингдан ортиқ киши жалб қилинди.

- Бир миллион ташрифнинг иқтисодий самараси қандай ўлчанади?

— Бир миллион ташриф — фақат зиёратгоҳга кирган одамлар сони эмас. Бу транспорт, меҳмонхона, умумий овқатланиш, гидлик, савдо, ҳунармандчилик ва бошқа хизматларга қўшимча талаб дегани. Шунинг учун биз туристик объектларни алоҳида эмас, балки улар атрофида шаклланадиган иқтисодий занжир билан биргаликда кўришимиз керак. Энг муҳими, бу жараёнда маҳаллий аҳоли фаол иштирок этиши зарур. Турист келади, хизматдан фойдаланади ва маблағ ҳудудда қолади. Ана шунда туризмнинг ижтимоий-иқтисодий самараси янада юқори бўлади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган нутқида давлат раҳбари мамлакат истиқлолининг илдизлари уч минг йиллик давлатчилик ва цивилизация тарихига бориб тақалишини таъкидлади. Шунингдек, мустақиллик миллий қадриятлар, тарихий хотира ва диний меросни қайта англаш учун шароит яратгани қайд этилди. Нутқда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуалари бу жараённинг замонавий илмий-маърифий инфратузилмаси сифатида алоҳида тилга олинди. Бугун Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси халқаро институтлар даражасида ҳам кенг эътироф этилган. UNESCOнинг амалдаги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 8 та объекти Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Уларнинг 6 таси маданий мерос объектларидир: Хиванинг Ичан қалъаси, Бухоро тарихий маркази, Шаҳрисабз тарихий маркази, “Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси”, “Ипак йўли: Зарафшон–Қорақум коридори” ҳамда 2026 йилда рўйхатга киритилган “Тошкент модернистик архитектураси”.

Сўнгги номинация алоҳида эътиборга лойиқ. 2026 йил июль ойида Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтказилган UNESCO Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида “Тошкент модернистик меъморчилиги. Марказий Осиёда замонавийлик ва анъаналар” номинацияси доирасида пойтахтимиздаги 10 та бино ва меъморий мажмуа рўйхатга киритилди. Бу — сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистоннинг бундай юксак мақомга сазовор бўлган илк миллий номинацияси. UNESCO баҳосига кўра, ушбу объектлар 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентнинг қайта қурилиши ва ривожланишини акс эттиради. Бу эса пойтахтни фақат транзит нуқтаси эмас, балки мустақил маданий туризм манзили сифатида тарғиб қилиш учун янги имконият очади. Навбатда “Зомин тоғлари” табиий объектини рўйхатга киритиш бўйича номинация ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Бу билан бирга, Ўзбекистонга тегишли 18 та номоддий маданий мерос элементи UNESCO рўйхатларида қайд этилган. Улар орасида Шашмақом, Катта ашула, Аския, палов маданияти, Хоразмнинг “Лазги” рақси, бахшичилик санъати, миниатюра, кулолчилик ва зарҳал безак санъати билан боғлиқ ижтимоий-маданий анъаналар бор. Ўтган 2025 йилда UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқандда ўтказилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу конференция UNESCO бош қароргоҳи жойлашган Париждан ташқарида 40 йилдан ортиқ вақтдан кейин биринчи марта ташкил этилди. Сессияда 200 га яқин давлатдан 2 800 дан ортиқ делегат иштирок этди, 150 дан ортиқ тадбир ўтказилди. UNESCOнинг ўзи Самарқанддаги сессияни халқаро маданий ва илмий ҳамкорлик нуқтаи назаридан муҳим воқеа сифатида қайд этди. Бу рақамлар ва воқеалар маданий мероснинг фақат тарихий хотира эмас, балки Ўзбекистонни халқаро туризм бозорида фарқлантирадиган стратегик йўналиш эканини кўрсатади.

Туризм мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган, минглаб янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган истиқболли тармоққа айланиб бормоқда. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, виза тартибининг соддалаштирилгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайтирилгани, тадбиркорлар учун кўплаб солиқ ҳамда божхона имтиёзлари жорий қилингани соҳа ривожига янги шиддат бермоқда. Бунинг тасдиғини 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан салкам 6 баробар ошиб, қарийб 12 миллион нафарга етгани, туризм хизматлари экспорти 11 карра кўпайиб, 4 миллиард 800 миллион АҚШ долларини ташкил этгани мисолида яққол кўриш мумкин.

— Туристик рақобат кучайиб бораётган шароитда хизмат сифати масаласи қанчалик муҳим?

— Жуда муҳим. Бугун сайёҳ фақат тарихий объектнинг ўзига баҳо бермайди. У аэропортдан бошлаб транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, санитария, гид, тил, рақамли хизмат ва хавфсизликкача бўлган бутун тажрибани баҳолайди. Шунинг учун биз туризмда “объект борлиги”дан “сифатли туристик маҳсулот борлиги”га ўтишимиз керак.

— UNESCOнинг Ўзбекистон маданий меросига берган эътирофи туризм учун қандай имкониятлар очмоқда?

— UNESCO рўйхатида Ўзбекистоннинг 8 та объекти мавжуд. Шунингдек, 18 та номоддий маданий мерос элементи халқаро рўйхатларда қайд этилган. Бу эътироф мамлакатнинг халқаро туристик имижини кучайтиради. Лекин энг муҳими — бу мақомдан амалий фойдаланиш. Яъни объектни халқаро бозорда тўғри тарғиб қилиш, уни туристик маршрутларга киритиш ва атрофида сифатли хизматларни шакллантириш керак. 2026 йилда Тошкент модернистик архитектурасининг UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилиши пойтахт учун ҳам янги имконият очди. Энди Тошкентни фақат замонавий мегаполис эмас, балки ўзининг алоҳида меъморий тарихи ва маданий қатламларига эга шаҳар сифатида ҳам тарғиб қилиш имконияти бор.

— Туристлар сони кўпайиши маданий мерос объектларига зарар етказиши мумкин. Бу хавф қандай бошқарилади?

— Туризм ривожи билан бирга меросни муҳофаза қилиш тизими ҳам кучайиши шарт. Шу мақсадда меросга таъсирни баҳолаш тизимини жорий этиш, объектларни рақамлаштириш, рақамли эгизаклар яратиш ва туристик юкламани бошқариш механизмларини ривожлантириш режалаштирилган. Айрим объектларда ташриф буюрувчилар оқимини олдиндан прогноз қилиш ва зарурат бўлса, ташрифлар сонига вақтинча чеклов жорий этиш ҳам мумкин.

Шуни алоҳида эътироф этишим лозимки, мамлакатдаги умумий туризм кўрсаткичлари ҳам бу жараённинг иқтисодий масштаби кенгайиб бораётганини кўрсатади. Хусусан, 2026 йил январь–июль ойларида Ўзбекистонга  7 миллион 749 мингдан ортиқ хорижий турист келган, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 22,6 фоиз кўп. Шу даврда туризм хизматлари экспорти 3,895 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 56 фоизга ўсган. Эътиборли жиҳати, экспорт тушуми сайёҳлар сонидан деярли икки баравар тезроқ ўсмоқда — бу ҳар бир ташрифнинг иқтисодий самараси ортиб бораётганини англатади. Август ойи якунлари ўсиш суръати сақланиб қолаётганини тасдиқлади: 8 ойда мамлакатга 9,1 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди, туристик хизматлар экспорти эса 4,6 миллиард долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53,5 фоизга ошди. Талабга мос равишда инфратузилма ҳам кенгаймоқда: январь–июль ойларида 705 та янги жойлаштириш воситаси ишга туширилиб, уларнинг умумий сони 7 440 тага, ўринлар сони 202,6 мингтага етди. Яна бир муҳим кўрсаткич: 2026 йил январь–июль ойларида мамлакат хизматлар экспортининг 53,8 фоизи саёҳат, яъни туризм ҳиссасига тўғри келган. Бу рақамлар маданий ва зиёрат объектларини фақат маънавий мерос сифатида эмас, балки туризм хизматлари экспорти, кичик бизнес ва ҳудудий иқтисодиёт билан боғланган актив сифатида ривожлантиришнинг аҳамиятини кўрсатади.

Соҳада ислоҳотлар давом этади. 2030 йилга бориб, хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш, хизматлар экспортини 8 миллиард доллардан ошириш, юқори тоифадаги меҳмонхоналар сонини эса икки карра кўпайтириш мақсад қилинган. Бунинг учун барча имкониятлар яратиб берилган. Бир нарсани унутмаслигимиз керакки, меросни асраш — ўтмиш олдидаги бурч, уни келажакка хизмат қилдириш эса масъулиятдир.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари