Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас эди. Бу ҳомила хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ана шу ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этди.
Омина эса ўзида ҳомиладор аёлларда бўладиган машаққатларни мутлақо сезмас эди. Тушида ғойибдан келган овоз унга «Албатта, сен ушбу умматнинг улуғига ҳомиладор бўлдинг», дер эди.
Аллоҳ таоло фил эгаларини ҳалок этганидан эллик кун ўтиб, Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ оддий тўлғоқ эмас эди. Оминанинг ҳомиласи одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача бир ҳолатда ёруғ дунёга келди. Унинг қорнидан гўё бир нур – гўдак худди сажда қилаётгандек ҳолда ерга тушди.
Дунёни нурга тўлдирган, бутун мавжудотни бахтга чўмдирган бу улуғ кун Робиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба куни (милодий 570 йил, 20 апрель) эди.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар
Ўша куни одамлар кўпгина одатдан ташқари ҳодисаларнинг шоҳиди бўлдилар:
1. Бутлар ларзага тушиб, қимирлаб кетди. Баъзилари юзтубан ерга йиқилди. Чунки уларни йўқ қилувчи зот дунёга келган эди.
2. Маккадан бир нур зоҳир бўлиб, Шомдаги қасрларни ёритиб юборди. Чунки бутун дунёга иймон нурини элтувчи зот дунёга келган эди.
3. Ҳишом ибн Урванинг таъкидлашича, ўша куни Маккада тожирлик қилувчи бир яҳудий қурайшликлар тўпланиб ўтирган жойга келиб:
«Эй қурайшликлар жамоаси, бугун сизларда бирор бола туғилдими?», деган. Улар:
«Билмадик», дейишган. Шунда ҳалиги яҳудий:
«Аллоҳу Акбар! Аммо билмаган бўлсангиз, билинг! Сизга айтадиган гапимни яхшилаб ёдлаб олинг! Бугун ушбу охирги умматнинг набийси туғилди. Унинг икки кураги орасида аломат бор. Аломатнинг устида туклар бор», деди.
4. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Етти-саккиз ёшдаги бола эдим. Кўрган-эшитган нарсамга ақлим етар эди. Бир куни эрталаб Ясрибда бир яҳудий:
«Эй яҳудийлар жамоаси!» деб бақириб қолди. Унинг олдига тўпланишди. Мен эшитиб турибман. Улар:
«Шўринг қурғур, сенга нима бўлди?» дедилар.
«Батаҳқиқ, бу кеча туғиладиган Аҳмаднинг юлдузи чиқди!» деди».
5. Махзум ибн Ҳонеъ ал-Махзумийнинг айтишича, ўша куни Форс подшоҳи Кисронинг айвони ларзага келиб, ўн иккита болахонаси қулаб тушган. Мажусийларнинг минг йилдан буён ўчмай турган оловлари ўчиб қолган.
Баъзи бир кишиларга бу гаплар ғалатироқ туюлиши мумкин. Лекин бор ҳақиқат шу. Бу ҳодисалар турли тарихчилар томонидан, жумладан, мусулмон эмаслари томонидан ҳам ўрганиб чиқилган. Уларнинг барчаси мазкур ҳодисалар муболаға эмаслигини тасдиқлаганлар.
Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда ким бўлишларига ишорат эди.
Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмуттолибга одам юбориб, «Сизга бир ғулом туғилди, келиб, унга бир назар солинг», деди.
Эҳтимол, у киши бу билан янги куёвлик чоғидаёқ вафот этган ўғлининг кўйида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглига бир оз қувонч киришини истагандирлар.
Абдулмуттолиб қувончга тўлган ҳолида шошиб, етиб келди. Мурғак набирасини қўлига олиб, ўпди. Уни авайлаб кўтариб, Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуои хайрлар қилди. Сўнгра набирасига Муҳаммад деган исм қўйди. Араблар ичида бу исм ҳали тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди...
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг бешта исмим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг асосий исмларига қўшиб, яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларини ҳам тилга олмоқдалар:
1. Муҳаммад.
Бу муборак исмнинг луғавий маъноси «ҳамд-мақтов айтилган»дир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб, тилшунос уламолар «Айни шу сийғадан, яъни Муҳаммад сийғасидан «Мақтови тинмай янгиланиб турувчи» деган маъно чиқади», дейдилар.
Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида кўрган тушларида болалари туғилганда уни Муҳаммад деб номлашлари кераклиги айтилган экан.
Шунингдек, Абдулмуттолиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ мақомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишора қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг таъсирида ва келиннинг гапига биноан, Абдулмуттолиб набирасини Муҳаммад деб атаган.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исми қўйилган экан.
Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтибди.
Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам «Хотиним ўғил туғса, исмини Муҳаммад қўяман», деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар.
Улар қуйидаги кишилар эканлар: Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Мужошеъ, Муҳаммад ибн Уҳайҳа ибн ал-Жулааҳ ва Муҳаммад ибн Ҳимрон ибн Робийъалар.
2. Аҳмад.
Бу муборак исмнинг маъноси «Кўп ҳамд айтувчи» бўлиб, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорадир. Аввалги самовий китоблардаги башоратларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат Аҳмад исмлари келган.
3. Моҳий.
Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур» деб баён қилиб бермоқдалар.
Биз маҳв этишнинг ҳозирги пайтдаги кўпроқ ишлатиладиган маъносини оладиган бўлсак, «ўчириб ташлаш» маъноси тўғрироқ келса керак. Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ила куфрни ўчириб ташлайди.
4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур».
Яъни Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари олдига ҳашр майдонида халойиқни тўплайди.
5. Оқиб.
Бу муборак исмнинг маъноси «ортдан келувчи» деганидир. Чунки Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан кейин бошқа пайғамбар келмайди.
«Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларини бир неча исмлар ила номлар эдилар: Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набийюттавбаман, Набийюрроҳмаман», дер эдилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда аввал зикр қилинмаган учта исм зикр қилинмоқда:
1. Муқаффий.
Бу муборак исмнинг маъноси ҳам «орқадан келувчи» бўлиб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканликларини англатади.
2. Набийюттавба.
Бу муборак исмнинг маъноси «тавба пайғамбари» деганидир.
3. Набийюрроҳма.
Бу муборак исмнинг маъноси «раҳмат пайғамбари» дегани.
"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
Кириш: Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар инсонлар ўртасида ахборот алмашиш ва мулоқот қилишнинг муҳим воситасига айланди. Шу билан бирга, ушбу платформалардан фойдаланиш жараёнида айрим шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва обрў-эътиборига зарар етказувчи маълумотларни тарқатиш каби ҳолатлар ҳам учраб турибди. Айниқса, интернетда тарқалган маълумотнинг кенг оммага тез етиб бориши бундай ҳолатларнинг оқибатларини янада жиддийлаштириши мумкин.
Шу боис инсоннинг обрўси ва қадр-қимматига етказилган зарарнинг шариат нуқтаи назаридан қандай баҳоланиши, бундай зарар учун товон ундиришнинг жоиз ёки жоиз эмаслиги каби масалаларга аниқлик киритиш муҳимдир.
Қуйида Иордания Фатво идораси томонидан тайёрланган, маънавий зарар учун товон ундириш масаласига бағишланган фатвони эътиборингизга ҳавола қиламиз. Унда маънавий зарарнинг турлари, унинг инсонга кўрсатган таъсири ва етказилган зарар учун товон олиш масаласи фиқҳий манбалар асосида ёритилган.
“Савол: Бир киши ижтимоий тармоқларда бошқа бир шахсни шарманда қилувчи маълумотларни тарқатди. Шундан сўнг жабрланган шахс унга қарши маҳкамага даъво аризаси билан мурожаат қилди ва маҳкама томонидан унга товон пули ундириб бериш ҳақида қарор чиқарилди. Ушбу товон пулидан фойдаланиши жоизми?
Жавоб: Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. Пайғамбаримиз саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оила-аъзолари ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!
Маънавий (руҳий) зарар учун бериладиган товоннинг ҳукми унинг инсонга кўрсатган таъсири ва зарарининг қай даражада жиддий эканига қараб фарқ қилади. Шу жиҳатдан у икки қисмга бўлинади:
Биринчи қисм: Бу – бошқа инсонларга мол-мулки ёки баданига эмас, балки дини, қадр-қиммати, шаъни ёки обрў-эътиборига зарар ва зиён етказишдир. Бунга ҳақорат қилиш, обрўсизлантириш, шарманда қилиш ёки инсонга нисбатан таҳқирловчи тарзда озор бериш каби ҳолатлар киради. Агар бундай ҳаракат натижасида инсон ишидан ёки тижоратидан айрилса, обрўсига путур етса ёки даволанишни талаб қиладиган касалликка дучор бўлса, бундай зарар учун товон пули олишда ҳеч қандай монелик йўқ.
Бунга қуйидаги фиқҳий матнлар далил бўлади:
Ҳанафий мазҳаби имоми Сарaхсий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
"وقد روي عن محمد في الجراحات التي تندمل على وجه لا يبقى لها أثر تجب حكومة بقدر ما لحقه من الألم، وعن أبي يوسف رحمه الله يرجع على الجاني بقدر ما احتاج إليه من ثمن الدواء وأجرة الأطباء حتى اندملت"
(المبسوط، 26/81)
«Имом Муҳаммаддан шундай ривоят қилинган: из қолдирмай битиб кетадиган жароҳатларда етказилган оғриқ миқдорига қараб товон белгиланади. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса: жароҳат битгунига қадар жабрланувчининг дори-дармон ва табибларга тўлаган харажатлари миқдорини тажовузкордан ундириш мумкин, деганлар».
(Изоҳ: Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳнинг бу гапларида инсонга зарар етказилса, унинг оқибатида келган зарарни қоплаш мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда. Масалан, жароҳат олган кишининг дори-дармон ва табиб харажатлари зарар етказган шахсдан ундирилиши мумкин. Шунга ўхшаш равишда, инсонни обрўсизлантириш натижасида унга ҳақиқий зарар етган бўлса, бу зарарни ҳам қоплаш масаласи кўрилади. Яъни, бу ерда далил жароҳат билан обрўсизлантиришнинг бир хил эканига эмас, балки етказилган зарарни қоплаш мумкинлигига тааллуқли.)
Шофеъий мазҳаби уламоларидан Имом Субкий ва бошқалар раҳимаҳумуллоҳ қуйидагиларни нақл қилганлар:
"وقال أبو إسحق: ثلاث مسائل أخالف فيها أصحابي: حد القذف، وحق الشفعة، ومقاعد الأسواق، أجوّز الصلح عنها، ومنعها سائر الأصحاب؛ لأنها ليست بمال"
(تكملة المجموع، 12/168)
«Абу Исҳоқ шундай деди: “Мен шерикларимдан учта масалада фарқли фикрдаман: қазф (бировни зино билан туҳмат қилиш) ҳадди, шафъа ҳаққи ва бозорлардаги ўринларга бўлган ҳақ. Мен бу ҳуқуқлар борасида келишув қилишни жоиз деб биламан. Бошқа мазҳабдошларим эса бунга йўл қўймаганлар. Чунки улар мол ҳисобланмайди”».
Шофеъий уламоларидан Сирожуддин Булқиний раҳимаҳуллоҳ ҳам қуйидагиларни келтирганлар:
"(ولا يقابَل إسقاطُ حدّ القذف بشيء من الأعواض على الأصح)، يقال عليه: الوجهان في إسقاط حق الشفعة، ومقاعد الأسواق، والرد بالعيب أيضًا. ثم ذكر رأي أبي إسحق فقال: حكى الإمام عنه في [النهاية] أنه قال: خالفتُ أصحابي في ثلاث: يقولون: لا يوجد العوض عن حد القذف. وأنا أقول: يوجد"
(الفوائد الجسام على قواعد ابن عبد السلام، 1/407)
«Энг тўғри қарашга кўра, қазф ҳадди бекор қилиниши эвазига бирор товон олинмайди. Бунга нисбатан: шафъа ҳуқуқи, бозорлардаги ўринларга бўлган ҳуқуқ ва айбли молни қайтариш масалаларида ҳам икки хил қараш бор, дейилади. Сўнг Абу Исҳоқнинг фикрини келтириб: “Имом (Жувайний) “Ан-Ниҳоя” асарида ундан қуйидагиларни нақл қилган: “Мен мазҳабдошларимдан уч масалада фарқ қилдим. Улар: ‘Қазф ҳадди учун товон бўлмайди’, дейдилар. Мен эса: ‘Товон бўлади’, дейман”, деган».
Иккинчи қисм: Бу – инсоннинг дини, қадр-қиммати ёки шаънига дахл қилмайдиган, шариат нуқтаи назаридан жиддий аҳамиятга эга бўлмаган ёки таъсири жуда кичик бўлиб, инсоннинг ҳаёти, меҳнат фаолияти ва ҳис-туйғуларига сезиларли даражада таъсир кўрсатмайдиган зарардир. Бундай зарар эвазига товон олиш жоиз эмас.
Хулоса қилиб айтганда, агар маънавий зарар инсоннинг ҳуқуқларига тажовуз қилиш хусусиятига эга бўлиб, унга ҳақиқий зарар ва зиён етказган бўлса, жабрланган шахс маҳкамадан жазо қўллашни ёки етказилган зарар эвазига ундан пул ундиришни талаб қилиши жоиз.
Бунда бугунги кунда инсоннинг обрўсига зарар етказишнинг янги усуллари пайдо бўлаётгани ва бундай зарарнинг оқибатлари ҳам эътиборга олинади. Шу асосда, жиддий маънавий зарар етказилган ҳолларда уни қоплаш учун пул ундириш жоиз бўлиши мумкин.
Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, зарар учун товон ундириш масаласи фоиз олиш ёки қарзни ўз вақтида тўламаганлик учун пеня ва жарима олиш масаласидан фарқ қилади. Шу сабабли мазкур ҳукмдан қарзни кечиктирганлик учун фоиз ёки пеня олиш жоизлиги келиб чиқмайди. Валлоҳу аълам”.
Таржимон ва изоҳлар муаллифи:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов