Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир” (Бақара сураси, 233-оят), дея марҳамат қилган.
Дарвоқе, гўдак соғлом униб-ўсиши учун зарур бўлган барча озиқ моддаларни Аллоҳ таоло она сути таркибига жойлаб қўйган. Она сути таркибидаги микроэлементлар миқдори гўдак танасидаги эҳтиёжга кўра кўпайиб ё камайиб туради. Айниқса, гўдак олти ойлик бўлгунга қадар унинг озиқага бўлган эҳтиёжи фақат она сути ҳисобига таъминланади.
Ноёб хусусиятлари
1. Микроблар тушиш эҳтимоли мавжуд эмас.
2. 36–37 даражада бўлиб, боланинг тана ҳароратига мувофиқ.
3. Ошқозонга аста-секин ва оз-оздан тушади, таркибий қисми тўла ҳолда парчаланмай сўрилади.
4. Таркибида юқумли касалликлардан ҳимояловчи иммун таначалар ҳамда ҳазм жараёнини яхшиловчи ферментлар бор.
Кўпайиши учун
Абу Али ибн Сино эмизикли аёлнинг сути кўпайиши учун, энг аввало, унинг асаби тинч бўлиши ва кўп ухлаши кераклигини айтган. Яна сут кўпайиши учун эмизикли аёллар сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишлари зарур. Сутни ширчой қилиб, ичига ёғ ёки ёнғоқ солиб ичиш жуда фойдали. Эмизишдан 20 дақиқа олдин, албатта, бирор-бир суюқлик ичиш зарур. Кунда камида икки маҳал иссиқ суюқ овқат истеъмол қилишга одатланиш ҳам она сутини кўпайтиради. Гуручли таомлар, айниқса, палов ҳамда мошли таомлар она сутини кўпайтириш хусусиятига эга.
Она сути билан озиқланган болалар ҳар томонлама яхши ривожланади. Рахит, камқонлик, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши каби хасталиклар уларда деярли кузатилмайди. Шунга қарамай, кейинги йилларда оналар ҳар хил сабабларга кўра фарзандларини сунъий озиқлар билан улғайтирмоқда. Баъзилари меҳнат фаолиятидан ажраб қолмаслиги, айримлари қоматларини сақлаб қолиш мақсадида... Сути йўқлиги ё яроқсизлиги сабаб бўлаётганлари озчиликни ташкил этади.
Зиёд Саҳмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (болани) эси паст аёлга эмизишдан қайтардилар (албатта, сут эгасига ўхшайди)” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадис чақалоқларни сунъий озиқлар билан боқишдан ҳам қайтаради. Чунки у таркиби, озиқавийлиги, жисмоний ва руҳий саломатликка кўрсатадиган таъсири жиҳатидан эси паст онанинг сутидан кўра болага зарарлироқ.
Сунъий сутнинг оқибати
Она сутининг мўъжизавийлик хусусиятлари билан сунъий сут ва бўтқалар таркиби солиштирилиб ўрганиб чиқилган. Тадқиқотлар натижасидан биттасини келтириш кифоя: она сути таркибида қанднинг 150 тури мавжуд. Маълум бўлишича, мазкур қанд моддалари ҳазм жараёни ва кейинги жараёнда муҳим аҳамият касб этади. Сунъий сутларнинг бирортасида бу кўрсаткич бир ёки икки турдан ортиқ эмас. Сунъий озиқалар кунда-кунора болаларда қабзият пайдо қилади. Кўп ҳолларда буни бартараф этиш учун кимёвий дорилар қўлланади.
Она сути – Аллоҳ томонидан гўдаклар учун яратилган табиий-фитрий офият қўрғони. Ана шу мўъжизакор сутдан узрсиз фойдаланмаслик эса Яратган томонидан берилган имкониятдан воз кечиш демак.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси
(“Мўминалар” журнали )
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
АҚШдаги энг нуфузли олийгоҳларидан бири Нотр-Дам университети физиологлари томонидан 18 ёшдан 71 ёшгача бўлганлар иштирокида тадқиқот ўтказилди.
Кўнгилли иштирокчиларнинг ярмига 10 ҳафта давомида ёлғон гапирмаслик “вазифаси” топширилди, қолган ярмига эса ёлғон гапириш ёки ҳақиқатни айтиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмади.
Тажрибадан 10 ҳафта ўтгач, “ёлғон гапиришдан қочган” биринчи гуруҳ иккинчисига қараганда жисмоний саломатлик кўрсаткичлари юқори бўлган. Шунингдек, фақат ҳақиқатни айтган иштирокчилар бу вақт ичида яқинлари билан муносабатлари сезиларли даражада яхшиланган ва ўзларини бахтли ҳис қилишган.
Хусусан, Станфорд университети профессори Даниэл Ланглебен ўтказган тадқиқотларида, ёлғон гапириш инсон миясининг фикрлаш, фикрни жамлаш, хотира, ҳатто шахсий ривожланишга салбий таъсир қилиши аниқланган.
ЮРАК ХУРУЖИ – ИНСУЛЬТ
Мунтазам равишдаги ёлғон инсоннинг асаб тизимига оғир таъсир қилади. Бундай ҳолатнинг содир бўлиши натижасида юрак-қон томир тизими зарар кўради. Натижада, юрак хуружи ва инсульт эҳтимоли сезиларли даражада ошади.
УЙҚУСИЗЛИК
Ёлғон натижасида инсон “катта энергия” сарфлайди. Натижада уйқусизлик келиб чиқади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ёлғон гапирадиган одамлар уйқу муаммоларидан кўп шикоят қиладилар.
ИММУНИТЕТ ТИЗИМИНИНГ ЗАИФЛАШИШИ
Инсон ёлғон гапириши туфайли қанча кўп асабийлашса, организм шунча кўп стресс реакция билдиради. Стресс гормонларининг мунтазам ишлаб чиқарилиши танани заифлаштиради, бу эса одамни вируслар ва инфекцияларга мойил қилади. Тадқиқотларда ушбу ҳақиқат тасдиқланган: ёлғон гапиришни одат қилган одамларда бош оғриғи, шамоллаш ва ошқозон муаммолари кўпроқ учрайди.
ОШҚОЗОН МУАММОЛАРИ
Ёлғон сўзлаш – кортизолни оширади.
Кортизол ички органларни стресс ҳолатига олиб келади. Бу эса қорин оғриғи, диарея, кўнгил айниши ва ошқозон касалликларини келтириб чиқаради. Натижада овқат ҳазм қилиш функцияси бузилади, кислоталик ошиб кетади ва ичакдаги фойдали бактериялар йўқолади.
ЁЛҒОНЧИНИНГ ФАРИШТАСИ БЎЛМАЙДИ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бир банда ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги учун у бандадан бир мил масофага узоқлашади”, дедилар.
Тасаввур қилинг, кишини муҳофаза қилиб турадиган, ундан ҳеч ажралмайдиган фаришталар ёлғончидан узоқлашар эканлар. Бу жуда қўрқинчли ҳолат. Бошқача қилиб айтганда, ёлғончининг фариштаси бўлмайди.
ЭНГ КАТТА ВА ОҒИР ГУНОҲ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар ва ёнбошлаган ҳолларидан ўтириб олдиларда: “Ёлғон гувоҳлик бериш ёки ёлғон гапириш”, деб қайта-қайта такрорладилар.
РОСТГЎЙЛИК – ЖАННАТГА ЕТАКЛАЙДИ
Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг, чунки ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириб, ростгўйликка амал қилади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “сиддиқ” деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан сақланинг, чунки ёлғон гуноҳга бошлайди. Гуноҳ дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапириб, унга риоя қилишда бардавом бўлади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
ХУЛОСА
Шундай экан, ёлғон сўзлашни тарк қилишга ҳаракат қилинг. Энг аввало гуноҳдан тийилган, қолаверса, соғлиғингизни сақлаган бўласиз.
Даврон НУРМУҲАММАД