Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Октябр, 2026   |   19 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:32
Қуёш
06:52
Пешин
12:12
Аср
15:39
Шом
17:24
Хуфтон
18:38
Bismillah
30 Октябр, 2026, 19 Жумадул аввал, 1448

Дунёга муҳаббат

06.11.2025   13789   3 min.
Дунёга муҳаббат

Дунё – инсоннинг душмани. Дунё ва унинг матоҳларига муҳаббат барча илоҳий дин ва шариатларда лаънатлангандир. Чунки у – барча гуноҳларнинг ўчоғи ва фитналарнинг манбаидир. Шунинг учун банда фоний дунё жозибаларига берилмаслиги, жамиятнинг юқори мартабаю эътиборлари сари талпинишни кўнглига йўлатмаслиги зарур! Зеро, обрўю эътиборга бўлган ташналик бу дунё бойликларининг муҳаббатидан кўра ҳам оғирроқдир. Мана шу хатарли икки сифатнинг инсонда жам бўлишлиги эса ўзининг ашаддий душмани бўлган дунёни севишлигига далолат қилади.

Бу фоний дунёнинг қанчалик манфур ва нохуш эканлигини тушуниш учун қуйидаги мисолнинг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ отамиз Одам алайҳиссалом ва онамиз Ҳавони жаннатдан ерга туширганида жаннатнинг роҳатбахш ҳидидан маҳрум бўлган икки банда бу дунёнинг бадбўй ҳидидан ҳушларин йўқотиб қўядилар. Айтилишича, улар қирқ кун шу аҳволда ётган эканлар.

Хабарларда келади-ки, Аллоҳ дунёни яратиб, унга хитоб этди:

“Эй дунё! Менга хизмат қилганларнинг хизматкори бўл! Сенга хизмат қилувчиларни ўзингнинг югурдак қулларингга айлантир!”.

Биз дунёнинг матоҳу манфаатлари ҳақида гапирганимизда ундаги мол, таом, калом, уйқу ва шунга ўхшаш нарсаларни назарда тутган бўламиз. Эй тариқат йўлининг йўлчиси, сен ўзингни булардан сақлагинки, ўткинчи дунё матоҳларининг жозибаси, лаззати кўнглингизни зинҳор эгаллаб қўймасин! Ва шуни билингки, дунё муҳаббати юракнинг ичидан униб чиқадиган тукларга ўхшайди, агар инсон юрагида бир дона тук ўсиб чиқадиган бўлса ҳам у ўша ондаёқ ҳалок бўлади. Айнан шунинг учун Аллоҳнинг иродаси билан туклар тери юзасида ўсади, аксинча эмас. Бундаги ҳикмат шундаки, жаннатга мўминлар соч-соқолсиз, танлари туксиз, сурма сурилган кўздай, ҳаммалари теппа-тенг, бир хил кўнгил билан, бир-бирларига ҳасад ва нафрат туймасдан кирадилар.

Агар баданларида туклар ўсган бўлганида эди, бу уларни ҳалокатга олиб борган бўларди, чунки у дунёда одамлар жисман ва руҳан худди ўша юрак каби бўладилар ва уларни Аллоҳдан тўсувчи парда ва тўсиқлар бўлмайди.

Шуни билингки, мурид дунё лаззатларини ҳар қанча кўпроқ ёқтирса, Аллоҳнинг наздида шунчалик даражада ёқимсиз бўлади. Сени Аллоҳдан чалғитувчи ҳар қандай нарса дунёга тегишли бўлгани каби сени Аллоҳ ва унинг ёдига ундовчи ва элтувчи ҳар қандай нарса охират ҳаётига тегишлидир.

Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисида айтилган:

“Ҳақиқатда, Аллоҳ дунё каби бошқа бирор бир ёқимсиз нарса яратмаган. Шу боис яратганидан бери унга бирор марта ҳам назар солиб қўймади[1]” (Имом Байҳақий ривояти).

Шунингдек, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам яна марҳамат қилдилар:

“Дунё ҳам, ундаги бор нарсалар ҳам лаънатланди, магарам Аллоҳнинг зикри ва унга элтувчи нарсалардан ўзга!” (Имом Термизий ривояти)

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.


[1] Яъни Аллоҳ дунёга ўзи учун бирор бир қадри бор нарса сифатида қарамади. Муҳаррир.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Аждодлар билан фахрланишнинг ўзи кифоя эмас»: Имомлар Ислом цивилизацияси марказининг яна бир муҳим вазифаси ҳақида

30.10.2026   16126   4 min.
«Аждодлар билан фахрланишнинг ўзи кифоя эмас»: Имомлар Ислом цивилизацияси марказининг яна бир муҳим вазифаси ҳақида

Ислом цивилизацияси марказида диний соҳа вакиллари учун ташкил этилган ўқув-семинарда аждодлар илмий мероси, Қуръони карим қироати ва тажвид илмига оид билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Унда иштирок этган имомлар Марказда олган сабоқларини ўзлари фаолият юритаётган масжидларда ҳам тарғиб этиш, тарихий меросни ўрганиш билан чекланмай, унинг маърифий аҳамиятини жамоатчиликка етказиш зарурлигини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» дастури доирасида навбатдаги ўқув-семинар ташкил этилди.

Машғулотларда Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти тингловчилари иштирок этди.

Дастур тарихий ва диний-маърифий билимларни уйғунлаштириш, соҳа вакилларини аждодлар илмий мероси билан яқиндан таништириш ҳамда уларнинг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Иштирокчилар дастлаб Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишди. Уларга Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илм-фан, маданият ва ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, тарихий қўлёзмалар ҳамда ноёб маданий мерос намуналари ҳақида маълумот берилди.

Ўқув-семинарнинг асосий қисмларидан бири Қуръони каримни тўғри тиловат қилиш ва тажвид қоидаларини чуқур ўзлаштиришга бағишланди.

Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли «Қироат ва тажвид илми» мавзусида машғулот ўтказиб, Қуръони карим тиловатининг ўзига хос жиҳатлари, ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш, қироат қоидаларига амал этиш ва диний билимларни мунтазам такомиллаштириш масалаларини тушунтирди.

Машғулотлар иштирокчиларга ўз билимларини мустаҳкамлаш, тажрибали устоз билан бевосита мулоқот қилиш ва қироат илмига оид муҳим масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини берди.

Семинар иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказидаги таълимий муҳит ва машғулотлардан олган таассуротларини баҳам кўрар экан, бу ерда ўрганилган билимларни амалиётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади.

Жумладан, Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Ҳазрати Умар жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадали Фазлиддин Марказнинг вазифаси фақат тарихий ёдгорликлар ва ноёб экспонатларни намойиш этиш билан чекланмаслигини қайд этди.

Унинг фикрича, буюк алломалар меросини ўрганиш инсонни илм олишга, ўз устида ишлашга ва эгаллаган билимларини бошқалар билан баҳам кўришга ундаши лозим.

«Ислом цивилизацияси марказини фақат музей сифатида қабул қилмаслик керак. Бу ердаги асосий мақсад — аждодларимизнинг илм йўлидаги хизматларини кўрсатиш, уларнинг мероси орқали бугунги авлодни маърифатга ундашдир. Бу масканга келган ҳар бир инсон буюк алломаларимиз бутун ҳаётини илмга бағишлаганини англайди. Биз ҳам улар билан фахрланиш билангина чекланмай, уларнинг илмий анъаналарини давом эттиришга интилишимиз зарур.

Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлининг қироат ва тажвид илмига бағишланган суҳбатидан ҳам катта илҳом олдик. Бу дарс Қуръонга бўлган шавқимиз ва муҳаббатимизни янада оширди. Бугунги машғулотлардан олган энг муҳим хулосаларимиздан бири — ёшимиз ва касбимиздан қатъи назар, доимо илм олишга интилишимиз кераклигидир. Энг муҳими, ўрганганларимизни аввало оиламиздан бошлаб ҳаётга татбиқ этишимиз, кейин эса жамиятга етказишимиз лозим. Шундагина маърифатнинг самараси кенгроқ намоён бўлади», — деди Муҳаммадали Фазлиддин.

Мазкур фикрни Тошкент шаҳридаги Ракат жоме масжиди ноиб имоми Аҳрор Раҳмонов ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, Марказдаги машғулотлар диний соҳа вакилларига нафақат тарихий билимларини бойитиш, балки ўз фаолиятида фойдаланиш мумкин бўлган янги маълумот ва тажрибаларни ўзлаштириш имконини бермоқда.

«Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган ушбу улуғ масканда ҳар бир бўлимнинг ўзига хос ўрни бор. Бу ерда нафақат тарихий меросимиз билан танишамиз, балки таълим ва маърифатга қаратилган эътиборни ҳам яққол кўрамиз. Устозларимизнинг суҳбатлари ва машғулотларидан катта фойда олмоқдамиз. Энг муҳими, бу ерда олган билимларимизни ўзимиз хизмат қилаётган масжидларда ҳам етказишга, уларнинг жамият учун манфаатли бўлишига ҳаракат қиламиз», — деди Аҳрор Раҳмонов.

«Учинчи Ренессанс чорраҳаси» дастури доирасидаги мазкур учрашув ҳам тарихий меросни ўрганишни замонавий таълим ва касбий малака ошириш жараёни билан боғлашга қаратилган.

Шу тариқа, Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган маърифий машғулотлар аждодлар меросини намойиш этишдан уни чуқур англаш ва жамоатчиликка етказиш сари муҳим ўқув майдони вазифасини бажармоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари