Ҳар бир шахсда қадриятга бўлган тушунча ҳар хил бўлиши мумкин. Қадрият – бу инсон ёки бирор гуруҳ томонидан муҳим деб ҳисобланган тушунчадир, у одамларни бир-биридан фарқлашга ёрдам беради. Бошқа бир таърифга кўра, қадрият – бу абстракт тушунча бўлиб, ҳар бир инсоннинг ички дунёсига сингиб кетган, ҳаётдаги хатти-ҳаракатларига мезон бўлувчи, ўзгармас асосдир.
Ватанга садоқат – бу ҳар қандай инсон учун конституциявий бурчдир. Намунали фуқаро сифатида биз Ватанпарварлик туйғусига эга бўлишимиз шарт. Шу боисдан, биз давлатимизни ҳимоя қилишга тайёр бўлишимиз ва у йўлда фидокорлик кўрсатишимиз керак. Ватанга садоқат деганда бизнинг юртимизга бўлган муҳаббатимиз ҳамда жамият ва давлат йўлида фидокорона хизмат қилиш руҳияти тушунилади. Бу тушунча маънавий жиҳатдан фуқароларнинг мамлакат тараққиётига фаол ҳисса қўшиши, ижтимоий ва маданий ҳаётда иштирок этиши орқали ифодаланади. Жисмоний жиҳатдан эса мамлакатга таҳдид солувчи ташқи тажовузларга қарши мудофаа чоралари сифатида қаралади.
Ижтимоий одоб деганда инсоннинг жамиятда ўзини тўғри тутиши, бошқаларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, ахборотни тўғри ва хoлис тарқатиши тушунилади. Бугунги кунда баъзи фойдаланувчилар ҳақоратли изоҳлар ёзиш, ёлғон маълумотлар тарқатиш ёки бошқаларнинг шахсий ҳаётига аралашиш каби ҳолатларга йўл қўймоқда. Бу нафақат одобсизлик, балки жамиятда ишонч ва маданиятнинг пасайишига сабаб бўлади.
Ахборот оламида ҳар бир сўз, ҳар бир хабар инсоннинг ички дунёси ва маънавиятини кўрсатади. Шу боис интернетдаги хатти-ҳаракатларимиз ҳам ахлоқ меъёрларига мос бўлиши керак. Ижтимоий тармоқларда фикр билдиришда бошқаларни камситиш ёки ҳақорат қилиш эмас, балки хурмат, мулоҳазалилик ва инсонпарварлик устувор бўлиши лозим.
Тадқиқотларга кўра, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдаги ижобий хатти-ҳаракатлар қуйидаги бешта босқичда намоён бўлади:
Фойдаланувчи контентнинг мазмунига эътибор беради.
Агар мазкур контент фойдали деб топилса, у тўлиқ ўқилади.
Фойдаланувчи кўрган контентнинг тўғрилигини текширади.
Агар ишонч ҳосил қилинса, фойдаланувчи уни ҳаётда қўллайди.
Кейин ушбу контентни бошқа фойдаланувчилар билан бўлишади.
Агар фойдаланувчилар ушбу қоидаларга риоя қилсалар, улар ижтимоий тармоқларнинг барча имкониятларидан оқилона фойдаланишлари мумкин бўлади. Агар радикал тусдаги контент учраса, фойдаланувчилар “cоmment”, “пост” ёки “block” функциялари орқали бундай контентга эътироз билдиришлари мумкин. Бундан ташқари, ижобий контентларни улашиш, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб қилиш, халқни радикал ғоялардан огоҳ қилиш ва жамиятда радикаллашувга қарши иммунитетни шакллантириш орқали ижтимоий тармоқлардан радикализмга қарши курашиш воситаси сифатида фойдаланиш мумкин.
Шахс ўзида Ватанпарварлик туйғусини шакллантиргач, у доимо ривожланишни хоҳлайди ва қилаётган ҳаракатлари миллий мафкурага зид бўлмайди. Бундай инсон радикал ғояларнинг ўз онгига сингиб кетишига йўл қўймаслик учун доимий ҳаракатда бўлади. Рақамли даврда радикализмга қарши курашнинг асосий йўлларидан бири — бу рақамли саводхонлик орқали бўлиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистон аҳолиси учун радикализм каби таҳдидларни бартараф этиш учун рақамли саводхонликка эга бўлиш ниҳоятда муҳим. Рақамли саводхонлик дегани фақатгина “интернетни билиш” ёки унинг функцияларидан фойдалана олиш эмас, балки мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш ва саралаш қобилиятидир. Технологиянинг кескин ривожланиши билан интернетда тарқалаётган маълумотлар кўпайиб кетди ва улар филтрларсиз оммага тақдим этилмоқда. Бундай ҳолатда кенг билим асосида интернетдан фойдаланиш фойдаланувчининг ўзини ҳимоя қилишига хизмат қилади. Бу билим интернетда радикализм, нафратга ундов, кибержиноятлар, ёлғон хабарлар (фейклар) ва шунга ўхшаш хатарларга қарши иммунитетдир.
АБДУВАХИДОВ АБДУЛЛАЗИЗ АБДУСАТТОР ЎҒЛИ,
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати