Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Сентябр, 2026   |   12 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:52
Қуёш
06:11
Пешин
12:15
Аср
16:31
Шом
18:23
Хуфтон
19:38
Bismillah
23 Сентябр, 2026, 12 Рабиъус сони, 1448

Ҳар нарса кўрингани каби эмас

17.11.2025   6358   1 min.
Ҳар нарса кўрингани каби эмас

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир куни Имом Шофеъий Имом Аҳмад ибн Ҳанбални зиёрат қилгани уйига борди. Иккиси кечки овқатни бирга егач, Имом Шофеъий унинг ҳужрасида эрталабгача ётиб қолди.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қизи отасига: “Отажон, бу киши сиз бизга таърифлаб берган Имом Шофеъийми?” деб сўради.

Отаси: “Ҳа, қизим, шундай”, деди.

Қизи: “У кишига учта эътирозим бор. Сизга айтсам, етказиб қўясизми, отажон?” деди.

Отаси рози бўлгач, қизи бундай деди: У кишининг олдига овқат олиб келганимизда кўп таом еди. Натижада ётганидан сўнг таҳажжуд намозига уйғонмади. Бомдод намозини эса таҳоратсиз адо қилди...”.

Имом Аҳмад Имом Шофеъийга қизининг гапларини айтди. Имом Шофеъий дарҳол жавоб берди: “Эй Аҳмад, чинданам мен кўп овқат едим. Чунки сахий инсонлар берадиган таомда шифо борлигини билардим. Бахилнинг таоми эса дарддир. Кечки намозга турмаганимнинг сабабига келсак, ухлаш учун бошимни ёстиққа қўйганимда кўз олдимга Қуръон ва ҳадис келди. Аллоҳ таолонинг изни билан ўйлаб ётиб, етмиш иккита фиқҳий масаланинг ечимини топиш насиб қилди. Шу ишим мусулмонларга кўпроқ манфаатли бўлади, деб таҳажжуд намозига турмадим. Сизлар билан бомдод намозини таҳоратсиз ўқиганимга келсак, Аллоҳга қасамки, кўзларимни юмиб ётганим билан икки кўзимга уйқу келгани йўқ, таҳоратим ҳам синмади. Хуфтон намозига олган таҳоратим билан бомдод намозини ҳам адо қилдим”, деб жавоб берди.

Солиҳлар даврасида китобидан олинди

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзияда хайрия соҳасида илғор тажрибалар ўрганилмоқда

23.09.2026   11178   1 min.
Малайзияда хайрия соҳасида илғор тажрибалар ўрганилмоқда

Малайзияда ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон  вакиллари таълим, илм-фан, вақф, хайрия ва зиёрат туризми йўналишларида халқаро тажриба алмашмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, «Вақф» фонди раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган «Исломий иқтисодиёт ҳафталиги»да иштирок этди. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлат вакиллари қатнашди.

Шунингдек, Жаҳон вақф форумининг навбатдаги онлайн мажлисида иштирок этилиб, унда юртимиздаги «Вақф» фонди фаолияти, соҳани рақамлаштириш ҳамда хайрия маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

Бундан ташқари, Малайзия Вақф бош бошқармаси раҳбарияти билан мулоқот ўтказилиб, вақф ва хайрия соҳасида самарали иш механизмларини жорий этиш, хайрия маблағларини манзилли йўналтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, беморларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда кенг кўламли хайрия тадбирлари ҳақида сўз юритилди.

Ўз навбатида, мазкур йўналишларда Ўзбекистонда йўлга қўйилган тажриба анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, Кедаҳ штати соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маблағларни йиғиш ва уларни манзилли тарзда ўз ўрнига етказиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, электрон тизимлар бўйича замонавий тажрибани жорий этиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга эътибор қаратилди. 

Сафар давомида Ал-Бухорий халқаро университети раҳбарияти билан ҳам илмий алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, мазкур олийгоҳда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Учрашувда ёшларга замонавий илмларни пухта эгаллаб, келгусида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишиш бўйича илиқ тилаклар билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари