Муносабат
Аллоҳ таолога беадад шукрки, юртимизда юздан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшайди. Албатта, башарият учун хайрли бўлган бу ҳодиса замирида янги Ўзбекистоннинг бағрикенглик ва тотувлик ғояларига хайрихоҳлик сиёсати мужассам.
Ўзбек халқи асрлар мобайнида эътиқод қилиб келаётган, инсон қадрини, илм-маърифатни, эзгулик ва бағрикенгликни тарғиб этувчи ислом дини ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом биз — мўминларни бошқа дин вакиллари билан тинч-тотув ҳаёт кечириш, уларнинг ҳақига риоя этиш ва жамият равнақи йўлида ҳамкорлик қилишга чақирганлар.
Унутмаслик керакки, ўзга дин вакиллари билан муомалага киришган киши улар ҳавас қиладиган даражада гўзал ахлоқли бўлиши лозим. Қайси жамиятда бағрикенглик тамойиллари мустаҳкам қарор топган бўлса, ўша ерда ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатлар ривожланади, инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Тинчлик бўлмаган жойда тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби бағрикенглик бўлмаган жамиятда осудалик ҳукм сурмайди. Шу боис, инсоният ер юзида ҳаёт кечира бошлаганидан буён бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшашга катта эҳтиёж сезади.
Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик мустаҳкам бўлса, кучли тараққиётга эришилганини кўрамиз. Эл осойишта, халқ фаровонлик яшаган. Аксинча, муросасизлик, ўзаро хусумат кучайиб, уруш ва можаролар авж олган жойда юрт вайронага, эл парокандаликка юз тутган. Шунинг учун ислом дини турли эътиқоддагиларни диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик тамойиллари асосида яшашга даъват этган.
Бугунга келиб саодат соҳилига айланган янги Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталик, турли эътиқод эгалари орасидаги тотувлик муҳити таҳсинга сазовор. Ватанимиздаги бундай ҳолатга хорижлик биродарларимиз ҳам ҳавас билан қарайди.
Ўзбекистонда диний бағрикенглик борасида кузатилаётган барқарорлик ва миллатлараро тотувликнинг қатор сабаблари бор. Аввало, Ҳақ таоло бир юртда умргузаронлик қилаётганларни аҳил яшаш ва юртни обод этишга буюрган. Ислом динимиз тўғридан-тўғри бағрикенгликка чорлаган. Диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик тамойили Президентимиз бошлаган инсонпарвар ислоҳотларнинг энг муҳим бўғинига айланган. Шу боис, Ватанимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлашга ҳамиша улкан эътибор қаратилади. Ҳар йили юртимизда анъанавий ўтказиладиган “Бағрикенглик ҳафталиги” ҳам ана шу юксак эътибор мевасидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик” (Ҳужурот сураси, 13-оят). Бу ояти карима одам болалари ўртасидаги тенглик ва дўстликка далолат қилгувчи, маърифатга чорловчи илоҳий нидо аслида.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифларнинг бирида “Одамларга ташаккур айтмаган Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, дейилади. Юртимиздаги тинчлик, барқарорлик муҳити, диёримизда яшаётган турли дин ва миллат вакиллари орасидаги тотувлик мустаҳкамлиги, қўшни давлатлар ва у ерларда яшаётган халқлар билан юзага келган дўстона алоқалар учун Аллоҳ таолога беадад шукр қилган ҳолда унга сабабчи бўлган давлатимиз раҳбарига – янги Ўзбекистон меъморига, албатта, ташаккур изҳор қилиш лозим.
Атрофимиздаги қўшни халқлар ва миллатлар билан дўстона алоқаларимиз янги Ўзбекистон раҳбарининг инсонпарвар қарашлари ва ислоҳотлари туфайли мутлақо самимий, ишонч ва бирдамлик босқичига кирди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласида бундай ёзади: “Марказий Осиё ўз тараққиётининг янги, тарихий аҳамиятга молик босқичига қадам қўймоқда. Бугун биз чинакам бирдамлик босқичига ўтяпмиз. Бизнинг минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб боришимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда”.
Ватанимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар аниқ мақсадларга хизмат қилади. Бу мақсадлар замирида эса, шубҳасиз, инсон қадри мужассам. Динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳанг тарзда янги Ўзбекистонда қабул қилинаётган қонун-қоидалар ва меъёрий ҳужжатлар ҳам эътиқод эркинлиги, инсон шаънини ҳурматлаш ва ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилишни кўзлайди. Ўзбек халқининг мутлақ хайрихоҳлиги билан қабул қилинган, эзгу ниятлар билан янгиланган бош қонун – Ўзбекистон Конституцияси мамлакат фуқароларининг муносиб ҳаёт кечириши, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, кўп миллатли жонажон Ватанимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини назарда тутади.
Бош қонуннинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб ёзилган. Шу йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун ҳам давлатчилигимиз тарихи ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган. Мазкур концепция фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди, диний конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида ҳар йили 16 ноябрь Халқаро бағрикенглик куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Мазкур сана муносабати билан “Бағрикенглик ҳафталиги” ташкил этилиши ҳамда шу ҳафталик доирасида турли анжуманлар, давра суҳбатлари, учрашувлар, тақдимотлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши яхши анъанага айланган.
Жамиятимизда динлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни кенг тарғиб этган, ўзаро ҳамкорлик ривожига муносиб ҳисса қўшганларни тақдирлаш учун Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони таъсис этилган.
Ўзбекистон халқи бу ёруғ оламда яшаётган бағрикенг ва меҳмондўст халқлар қаторида зикр этилади. Азалдан диёримизда яшаб келаётган турли миллат ва элат вакиллари ўзаро елкадош бўлиб, бир-бирининг оғирини енгил, мушкулини осон қилган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўй ва маъракада ҳам кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлигига ҳамиша гувоҳмиз.
Парвардигоримиз барча миллат ва эътиқодлар орасида адолат билан иш тутишга чақиради. Чунки башариятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳавводан тарқалган. Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонларнинг турфа халқ ва қабилаларга бўлинишининг ҳикмати эса ўзаро танишиш, ҳамкорлик ва маърифатда бардавом бўлишдадир.
Муқаддас динимиз ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш баробарида уларга ва уларга эътиқод қилувчиларга мурувват кўрсатишни буюради. Бу ҳақиқатни ўта улкан заковати билан англай олган мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорик ут-танзил” асарида “Мумтаҳана” сурасининг 8-оятини бундай тафсир қилган: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг!”
Улуғ алломанинг тафсирда бундай хулосага келишига ҳазрати пайғамбар алайҳиссаломнинг Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлари ва: “Улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлари ҳақидаги далил сабаб бўлгандир, эҳтимол.
Ислом тарихида бундай воқеалар жуда кўп...
Ислом таълимоти ўзга дин ва миллат вакиллари билан ҳамиша чиройли ва бағрикенг муносабатда бўлишга чорлайди. Бу гўзал чорловдан ҳосил бўлган эзгу анъаналар бугун ҳам бардавом. Хусусан, имомлар ҳомийлар ва ҳожиларни жалб қилган ҳолда ўзи фаолият юритадиган масжид жойлашган маҳалла ҳудудидаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан мунтазам хабар олиб туради. Бу ҳолатда қайси миллат ё дин вакили бўлишидан қатъи назар, эҳтиёжмандларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатилади. Эътибор ва ардоқдан кўнгли тоғдек кўтарилган юртдошларимиз эса эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини сўраб дуо қилади.
“Ёмғир билан ер кўкаради, дуо билан эл кўкаради” дейди доно халқимиз. Шу маънода айтиш мумкинки, бугун халқимизга етаётган жами яхшиликларга юрт эгасининг эзгу мақсади, шу мақсаднинг амалий қадамлари ва бу қадамлардан манфаат кўраётган фуқароларнинг чин дилдан қилаётган самимий дуолари сабаб.
Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларнинг, миллат ва элатлар вакилларининг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишида мададкор бўлсин. Янги Ўзбекистоннинг, инсон қадрининг фаол ҳимоячиси бўлган муҳтарам Президентимизнинг жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги эзгу ишларига қут-барака ёғилаверсин.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
“Олий даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби
Париж шаҳрида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида 7 октябрь куни "Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифатнинг уфқлари" мавзусида анжуман бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
Тадбир доирасида Ислом тарихи, илм-фани ва маданияти, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, бой маънавий мероснинг замонавий тараққиётдаги ўрни ҳамда маданиятлараро мулоқот масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази — IRCICA Бош директори, профессор доктор Маҳмуд Эрол Килич “Маънавий-маърифий мерос ва замонавий тараққиёт” мавзусида маъруза қилди.
Маърузачи ўз нутқида ўтмишнинг илмий, маънавий ва маданий меросини ўрганиш инсоният учун нафақат тарихий хотирани асраш, балки тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, турли халқлар ва маданиятларнинг умуминсоний цивилизацияга қўшган ҳиссини холисона ўрганиш инсониятнинг умумий билим ва тажрибасини янада чуқурроқ англаш имконини беради. Айниқса, буюк олимлар, файласуфлар ва мутафаккирларнинг асрлар давомида шаклланган таълимотлари бугунги дунёда маънавият, ахлоқ ва инсонпарварлик қадриятларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон ҳудуди жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутганини қайд этиб, Мовароуннаҳр, Хуросон ва умуман Марказий Осиё асрлар давомида илм-фан ва маърифатнинг муҳим марказларидан бири бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон ҳудуди цивилизациянинг асосий ўчоқларидан бири бўлиб, бу ерда инсониятнинг турли соҳаларда тўплаган билим ва тажрибалари қабул қилинди, такомиллаштирилди, ривожлантирилди ва кейинги авлодларга етказилди. Турли эътиқод ва маданиятлар уйғун яшаган бу заминда ҳукмдорларнинг илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватлаши илмий изланишларнинг ривожига кенг йўл очди. Ана шу муҳитда шаклланган уч муҳим тамойил — турли манбалардан илғор ғояларни қабул қилишга очиқлик, тайёр ақидалардан кўра ақл ва тафаккурга таяниш ҳамда илм-фан ва диний билимларни бирлаштирувчи яхлит билим тушунчаси — бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Беруний каби буюк алломаларнинг мероси ана шу интеллектуал муҳитнинг юксак натижаси бўлди. Уларнинг илмий қарашлари нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсоният тараққиётига улкан таъсир кўрсатди. Шунингдек, Жалолиддин Румий, Нажмиддин Кубро, Яҳё Боку́вий Ширвоний ва Боязид Бистомий каби буюк маънавий алломаларнинг инсонлар ўртасида бирлик, тенглик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этган таълимотлари бугун ҳам жаҳон учун муҳим маънавий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун ушбу меросни ўрганиш ва унинг замонавий дунё учун аҳамиятини қайта англаш ниҳоятда муҳим. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Учинчи Ренессанс ғояси ўтмишнинг бой маданий меросидан келажак тараққиёти учун илҳом олишга қаратилган узоқни кўзлаган стратегияни намоён этади. Бу жиҳатдан мазкур форум ҳам алоҳида аҳамиятга эга: у Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан цивилизацион меросни жаҳон илмий ва маданий маконига олиб чиқиш билан бирга, маданий дипломатия, ўзаро тажриба алмашинуви ва халқлар ўртасидаги мулоқотга хизмат қилади.
2026 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан расман очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу кенг кўламли ташаббусларнинг ёрқин намунасидир. Бу Марказ Марказий Осиёнинг исломгача бўлган даврдан замонавий давргача бўлган тарихини намоён этувчи, бой илмий ва маданий меросни бир жойга жамлаган муҳташам мажмуа ҳисобланади. Мен унинг очилиш маросимида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Ҳали ушбу марказга ташриф буюрмаган барчани у билан танишишга самимий тавсия қиламан, — деди IRCICA Бош директори Маҳмуд Эрол Килич.
У, шунингдек, IRCICA фаолияти ҳам ушбу мақсадлар билан уйғун эканини қайд этди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги халқаро ташкилот сифатида IRCICA 57 та аъзо давлат ўртасида умумий маданий ва тарихий мерос асосида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида билимга асосланган маданий алмашинувларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Профессор Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон ва IRCICA ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайганини ҳам қайд этди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари билан қўшма илмий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
IRCICA Бош директори бундай ҳамкорликлар буюк алломаларнинг илмий ва маънавий меросини бугунги ва келажак авлодларга етказиш, уларнинг ғояларини замонавий дунёда янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилишини таъкидлади.
Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон, ЮНЕСКО ва халқаро ташкилотлар томонидан тадбирни ташкил этишдаги ҳамкорлик, шунингдек, форумда иштирок этган экспертларга миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун: IRCICA — Ислом ҳамкорлик ташкилоти тизимидаги халқаро илмий-тадқиқот ва маданий ташкилот бўлиб, ислом тарихи, маданияти, санъати ва цивилизациясини ўрганиш, шунингдек, аъзо давлатлар ўртасида маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати