حدثنا ابن عفان العامري نا ابن نمير عن الأعمش عن شقيق قال: قال عبد الله قال رسول الله صلى الله عليه وسلم عليكم بالصدق فإن الصدق يهدي إلى البر والبر يهدي إلى الجنة وإن الرجل ليصدق حتى يكتب عند الله صديقا وإياكم والكذب فإن الكذب يهدي إلى الفجور والفجور يهدي إلى النار وإن الرجل ليكذب حتى يكتب عند الله كذابا.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам бундай дедилар: “Ростгўйликни лозим тутинг. Чунки ростгўйлик эзгуликка бошлайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши фақат рост гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғондан сақланинг. Чунки ёлғон фисқ-фужурга бошлайди, фисқ-фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзилиб қолади”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Малайзияда ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон вакиллари таълим, илм-фан, вақф, хайрия ва зиёрат туризми йўналишларида халқаро тажриба алмашмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, «Вақф» фонди раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган «Исломий иқтисодиёт ҳафталиги»да иштирок этди. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлат вакиллари қатнашди.
Шунингдек, Жаҳон вақф форумининг навбатдаги онлайн мажлисида иштирок этилиб, унда юртимиздаги «Вақф» фонди фаолияти, соҳани рақамлаштириш ҳамда хайрия маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.
Бундан ташқари, Малайзия Вақф бош бошқармаси раҳбарияти билан мулоқот ўтказилиб, вақф ва хайрия соҳасида самарали иш механизмларини жорий этиш, хайрия маблағларини манзилли йўналтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, беморларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда кенг кўламли хайрия тадбирлари ҳақида сўз юритилди.
Ўз навбатида, мазкур йўналишларда Ўзбекистонда йўлга қўйилган тажриба анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Кедаҳ штати соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маблағларни йиғиш ва уларни манзилли тарзда ўз ўрнига етказиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, электрон тизимлар бўйича замонавий тажрибани жорий этиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга эътибор қаратилди.
Сафар давомида Ал-Бухорий халқаро университети раҳбарияти билан ҳам илмий алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, мазкур олийгоҳда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Учрашувда ёшларга замонавий илмларни пухта эгаллаб, келгусида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишиш бўйича илиқ тилаклар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати