Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сеҳргар асло бахтли ҳаёт кечирмайди. У инсонларнинг энг бахтсизидир. Сеҳргар Қуръони каримни эшитишни ёмон кўради ва азондан қўрқади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз” (Тоҳа сураси, 124-оят).
Сеҳргар имкон қадар одамлардан узоқда яшайди, улар билан муомала қилишни истамайди. У кечаси тинч ухламайди, тонгда хурсанд бўлиб уйғонмайди. Тунларини исириқлар, қоронғу жойларда ширк амаллари билан ўтказади.
Сеҳргарнинг ҳар бир гуноҳ амали ўзига ҳам, унинг ҳузурига келганларга ҳам уради. Аллоҳ таоло: “Ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр учун (қилдилар). Ёмон макр эса, фақат ўз эгасига қайтадир” (Фотир сураси, 43-оят).
Сеҳргар ҳеч қачон ва ҳеч қаерда ютуққа ҳам, бахтга ҳам эришмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас” (Тоҳо сураси, 69-оят).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Сеҳргар ер юзининг қаерига борса ҳам нажот топмайди”.
Сеҳргар Аллоҳга куфр келтиргани учун унинг барча амаллари ҳабата (беҳуда) бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, сенга ва сендан олдин ўтганларга ҳам: “Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан. Йўқ! Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этгувчилардан бўл!” деб ваҳий қилинган» (Зумар сураси, 65-оят).
Сеҳргарга дўзах ваъда қилинган бўлса, унинг олдига бориб, ундан нимани умид қилиш мумкин?! У инсонларнинг энг бахтсизи бўлса, қандай қилиб ундан бахт сўраш мумкин?!
Даврон НУРМУҲАММАД