Чумоли энг меҳнаткаш жонзотлардан бири. Исломда чумолига алоҳида эътибор берилган бўлиб, Қуръонда ҳам зикр қилинган. Ҳатто бир суранинг номи “Ан-Намл” - “Чумолилар” деб аталади.
Ҳадисларда ҳам чумолининг ўзига хос мақоми таъкидланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт хил жонзотни ўлдиришни ман қилганлар: чумоли, асалари, ҳудҳуд ва сурродни (тўрғайга ўхшаш қуш). (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Кўпчилик одатда чумоли чақса, дарҳол босиб ўлдиради. Аслида бу нотўғри. Чумолини ўлдирмаслик керак, чунки у ҳам тирик мавжудот ва уни нобуд қилиш бекорга ман қилинмаган. Қолаверса, чумоли чақиши инсон организми учун бир қатор фойдаларга эга экани ҳам айтилади.
Чумоли чақишининг баъзи фойдaлари:
Қон айланишини рағбатлантиради. Чақиш натижасида қон айланиши яхшиланади, қизил қон ҳужайралари кўпайиб, организмда фаоллик ортади;
Мия нерв ҳужайраларини уйғотади. Чумоли чаққанида юз берган сенсор сигналлар мияга етиб бориб, айрим нейронларни жадалроқ ишлашга ундайди.
Терини чидамли қилади. Олимларнинг фикрича, бир жойни бир нечта чумоли бир вақтда чақса, ўша жойдаги терининг ҳарорат ва бактерияларга нисбатан чидамлилиги мустаҳкамланади;
Қон ивишини фаоллаштиради. Чақиш айрим ҳолларда қоннинг тезроқ ивишига ёрдам беради;
Токсинларга чидамлиликни оширади. Чақиш натижасида ҳосил бўлган қон қатлами томирларни заҳарли моддаларга нисбатан чидамли қилади, бу эса жигарга тушадиган юкни камайтиради;
Семиришга қарши таъсир. Урғочи чумоли чақиш пайтида чиқарадиган махсус ионли шиллиқ миқдори чақилган жойдаги ёғ тўқималарини йўқ қилишга ёрдам беради. Масалан, чумоли қўлни чақса, ушбу модда қўл бўйлаб тарқалиб, ёғларнинг катта қисмини эритишда ёрдам беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир чумоли пайғамбарлардан бирини тишлаб олди. Шунда чумолилар инларини ёндиришга буюрди. Аллоҳ таоло унга ваҳий қилди: “Сени бир чумоли тишласа, тасбеҳ айтадиган умматни ҳалок қиласанми?”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
Малайзияда ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон вакиллари таълим, илм-фан, вақф, хайрия ва зиёрат туризми йўналишларида халқаро тажриба алмашмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, «Вақф» фонди раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган «Исломий иқтисодиёт ҳафталиги»да иштирок этди. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлат вакиллари қатнашди.
Шунингдек, Жаҳон вақф форумининг навбатдаги онлайн мажлисида иштирок этилиб, унда юртимиздаги «Вақф» фонди фаолияти, соҳани рақамлаштириш ҳамда хайрия маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.
Бундан ташқари, Малайзия Вақф бош бошқармаси раҳбарияти билан мулоқот ўтказилиб, вақф ва хайрия соҳасида самарали иш механизмларини жорий этиш, хайрия маблағларини манзилли йўналтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, беморларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда кенг кўламли хайрия тадбирлари ҳақида сўз юритилди.
Ўз навбатида, мазкур йўналишларда Ўзбекистонда йўлга қўйилган тажриба анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Кедаҳ штати соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маблағларни йиғиш ва уларни манзилли тарзда ўз ўрнига етказиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, электрон тизимлар бўйича замонавий тажрибани жорий этиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга эътибор қаратилди.
Сафар давомида Ал-Бухорий халқаро университети раҳбарияти билан ҳам илмий алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, мазкур олийгоҳда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Учрашувда ёшларга замонавий илмларни пухта эгаллаб, келгусида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишиш бўйича илиқ тилаклар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати