Мадҳиянинг ҳар бир сўзи бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоати, халқимизга хос меҳмондўстлик, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган.
Ҳар куни беқиёс замин, жаннатмакон ўлкада яшаётганимизни дилимизга жо этиб тургувчи қадрдон мадҳиямиз эса мадҳияликка номзод 80 га яқин шеърнинг сардори сифатида қалбларимизга жо бўлган. Ҳар бири махсус комиссия томонидан ғоят синчковлик билан, жиддий кўриб чиқилган дастлабки мадҳиялардан қирққа яқини саралаб олиниб, уларнинг 27 таси танловнинг I босқичида иштирок этди. II ва III босқичлардан муваффақиятли ўтган 3 та мадҳия матни эса финал босқичига муносиб кўрилди. Булар — Мутал (Мутаваккил) Бурхонов ва Абдулла Орипов, Бахтиёр Алиев билан Абдулла Орипов, Рустам Абдуллаев ва Мирпўлат Мирзо ҳамкорлигидаги мадҳиялар эди.
1992 йил 10 декабрь куни Олий Кенгашнинг 400 дан зиёд депутат йиғилган 11-сессиясида гулдурос қарсаклару олқишлар билан Мутал Бурхонов ва Абдулла Орипов муаллифлигидаги ҳозирги мадҳиямиз қабул қилинди. Зеро, ўз ишининг моҳир усталари бўлган икки муаллифнинг улкан ижодий салоҳияти акс этган мадҳиямиз бошидан охирига қадар қалбимизни ҳаяжонга соладиган сеҳрга эга. Юртимизга хос барча улуғворлик, халқимизга хос барча буюклик мужассам бўлган унда.
Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов "Унутилмас Мутал акамиз" мақоласида халқимизнинг бу муаззам қўшиғи ҳақида шундай ёзган эди: "Мадҳия — тирик ҳаёт, жонли турмуш. У турли фикрдаги ватандошларни бир неча дақиқадаёқ сўз ва оҳанг кучи билан бирлаштира олувчи буюк қудратдир".
Барча юртдошларимизни ушбу сана билан табриклаймиз, миллий мадҳиямиз қудрати янада юксалиб, дунё бўйлаб баралла янграйверсин!
https://www.youtube.com/watch?v=AzzBEGs3wjk&t=140s
Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА
Шу йил 13–14 март кунлари юртимизда "Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки" шиори остида муборак Рамазон ҳайитини муносиб кутиб олиш, маҳаллалар ва муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш мақсадида ўтказилган умумхалқ хария ҳашари диний соҳа ходимлари ва мўмин-мусулмонларимизни эзгулик йўлида янада жипслаштирди.
Мазкур хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги қарийб 2150 та масжид, 270 та зиёратгоҳ ва 4500 та қабристон ҳудудларида кенг кўламли тозалик ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Ҳашар доирасида миллион квадрат метрдан ортиқ майдон чиқиндилардан тозаланиб, 35 000 туп кўчат экилди ҳамда 88 000 дона дарахт оқланиб, шакл берилди.
Байрам олдидан нафақат масжид ва зиёратгоҳлар, балки инсонлар қалбига ҳам қувонч улашилди: имом-хатиблар бошчилигидаги 85 мингдан зиёд ҳашарчилар томонидан 750 дан ортиқ кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.
Шунингдек, 4100 нафардан зиёд эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, уларга жами 1 млрд 465 млн сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундай олижаноб ишлар халқимиз орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, Рамазон ҳайити шукуҳини хонадонларга олиб кирди.
Масжидларда намозхонлар ва зиёратчилар учун барча қулай шарт-шароитлар ҳозирланиб, хонақоҳ ва таҳоратхоналар байрам намозига шай ҳолга келтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати