Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъати йиғилиши қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда тизим ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги туман масжидлари иш юритувчилари учун ўқув-амалий маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Тадбирда Диний идоранинг Ҳуқуқшунослик бўлими мутахассислари иштирок этиб, соҳага оид қонунчилик талаблари ҳамда ижро интизоми юзасидан қуйидаги муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар:
Масжидларнинг раҳбар органлари таркибида ўзгаришлар юз берганда, бу ҳақда белгиланган тартибда (бир ой муддат ичида) адлия идораларига расмий маълумот киритиш;
Масжид устави, гувоҳномалари ва бошқа таъсис ҳужжатларини амалдаги қонунчилик талаблари асосида тўғри юритиш ва сақлаш;
Имом-хатиб ва имом ноибларининг беш вақт намозда ўз хизмат вазифаларида (жойида) бўлишини қатъий таъминлаш;
Масжид биноларида олиб бориладиган қурилиш ва таъмирлаш ишлари лойиҳа ҳужжатларини олдиндан ваколатли идоралар билан келишиш.
Очиқ мулоқот ва қизғин савол-жавоблар руҳида ўтган маҳорат дарсида иштирокчилар кундалик иш фаолиятида дуч келаётган турли ҳуқуқий масалалар юзасидан мутахассислардан атрофлича тушунтириш ва амалий тавсиялар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати