Инсон қадри улуғланаётган Янги Ўзбекистонда одамларни ҳаётдан рози қилиш, ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда турли соҳа вакилларига эҳтиром кўрсатиш муҳим вазифа этиб белгиланган.
Айниқса, ён-атрофимизни обод ва озода қиладиган касб эгаларини қадрлаш — инсонпарвар жамиятнинг асосий белгисидир.
Шу мақсадда, 30 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Ҳазрати Имом" мажмуасида пойтахтимиз ободлиги ва кўркамлигига ҳисса қўшиб келаётган ободонлаштириш ходимлари учун эҳсон дастурхони ёзилиб, илиқ сўзлар ила ҳадялар улашилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси масъуллари ва 200 нафардан зиёд ходимлар иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида сўнгги йилларда юртимизда Давлатимиз Раҳбари томонидан инсон қадрини юксалтириш йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётгани ва бу ҳар бир ҳамюртимиз ҳаётида ўз аксини топаётганини алоҳида таъкидлаш баробарида мазкур касб эгаларининг жамият ҳаётидаги ўрни беқиёс экани, улар туфайли юртимиз обод, кўчаларимиз ораста, атроф-муҳитимиз покиза ва қалбларимиз равшан бўлишини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзларида ана шундай фидойи инсонлар динимизда юксак қадрланишини таъкидлаб, йўлдан озорни кетказиш ҳам иймондан саналишини, Исломда покликка алоҳида эътибор қаратилиши унинг иймон билан боғланганидан ҳам яққол кўринишини айтиб ўтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Поклик иймоннинг ярмидир”, деган ҳадисларини ёдга олдилар.
Мухтасар қилиб айтганда, тадбирда жамият фаровонлиги, аввало, инсонга бўлган эътибор, унинг меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантиришдан бошланиши таъкидланди. Пойтахтимиз ободлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган ободонлаштириш ходимларига кўрсатилаётган бундай эҳтиром ва ғамхўрлик давлатимизда ҳар бир инсоннинг меҳнати ва қадри эъзозланишининг яққол намунаси экани қайд этилди.
Тадбир якунида Муфтий ҳазратлари томонидан соҳада фаоллик кўрсатаётган жонкуяр ходимларга қимматбаҳо совғалар, барча иштирокчиларга эса озиқ-овқат жамланмалари ҳадя этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати