Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Меҳмонни ҳурмат қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим бўлсин”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
2. Меҳмонни очиқ юз ва ширин сўзлар билан кутиб олиш.
Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимда: “Марҳабо! Хуш келибсиз! Эй Умму Ҳонеъ”, деб қарши олдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Авзоъий раҳимаҳуллоҳ: “Меҳмоннинг ҳурмати унга очиқ юз билан хизмат қилишдир”, деган.
3. Меҳмондорчиликка тақводор, дину-диёнатли иинсонларни таклиф қилиш.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат мўмин билан бирга (йўлдош) бўл. Таомингдан фақат тақводоргина тановул қилсин”, дедилар.
4. Меҳмонларни дастурхон олдида ёлғиз қолдирмай, ёнида гаплашиб ўтириш, бирга еб-ичиш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳо онамизга: “Меҳмонинг билан ўзинг ҳам овқат егин, чунки меҳмон ёлғиз ўзи ейишдан ҳаё қилади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
5. Таомни аввал ёши улуғлардан бошлаш, кейин ўнг томондагиларга узатиш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга сув узатсалар: “Катталардан бошланг”, дер эдилар.
Агар меҳмонлар ёшда баробар бўлсалар, ўнг томондан узатилади.
6. Меҳмон бир луқма таом еганидан сўнг, ҳадеб “олинг”, “олинг” деб уни ейишга мажбурланмаслик.
7. Меҳмонни эшик олдигача кузатиб қўйиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меҳмонни эшик олдигача кузатиб бориш суннатдир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
8. Мезбоннинг ҳаққига дуо қилиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмон қилган кишининг ҳақига дуо қилардилар:
اللهم بارك لهم فيما رزقتهم واغفر لهم وارحمهم
“Аллоҳумма баарик лаҳум фийма розақтаҳум вағфир лаҳум варҳамҳум”.
“Аллоҳим, бу хонадон аҳлининг ризқига барака бер, уларнинг гуноҳларини мағфират қил ва уларга раҳм айла!” (Имом Муслим ривояти).
أللهم أطعم من أطعمني واسق من سقاني
“Аллоҳумма атъим ман атъаманий, васқи ман сақоний”.
“Аллоҳим, мени таомлантирган кишиларни Сен ҳам таомлантиргин, мени сув билан суғорган кишиларни сен ҳам сероб қилгин!”.
أفطر عندكم الصائمون وأكل طعامكم الأبرار وصلت عليكم الملائكة
“Афтара индакумус сооимуна ва акала тоаъмакумул аброр ва соллат алайкумул малааика”.
“Хонадонингизда рўзадорлар оғиз очсин, таомингизни яхшилар есин ва сизларга фаришталар салавот айтиб, ҳақингизга дуо ва истиғфор айтсин!” (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz