Савол: Узрли (орқа авратдан операция туфайли доимий қон келиб турувчи) киши ҳаж ва умра сафарига борса бўладими? Борсалар, уларга қандай тавсия берилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Албатта, саволда тилга олинган узрли одамлар соғлиги кўтарса, ҳаж ва умра сингари муборак сафарларга бориши дуруст. Фақатгина тавофда эътиборли бўлади. Сабаби тавофда таҳоратли бўлиш тавофнинг вожибларидан саналади. Бетаҳорат тавоф қилиш қўй сўйишни лозим қилади.
Саволда айтилган одамнинг орқа авратидан тинимсиз, яъни таҳорат олиб, вақти кирган намозни шу таҳорати билан ўқий олмайдиган даражада нажосат чиқиб турса, бу одам “соҳиби узр” ҳисобланади. Намоз вақти кирганда таҳорат олади ва намозини ўқийверади.
Шунингдек, шу намоз вақти чиқиб кетгунига қадар тавоф ҳам қилаверади. Чиқадиган нажосат эҳром либоси ва ерни нопок қилиб қўймаслик учун бирор мато ёки шу каби нарса (памперс) боғлаб олади.
Масалан, аср вақтида таҳорат олган бўлса, шом намози вақти киргунича тавоф қилаверади. Шом вақти киргач, қайта таҳорат олади. Бу нарса унга қийинчилик туғдирса, хуфтон каби вақти узоқ давом этадиган намоз вақтида тавоф қилиши тавсия этилади. Саъй учун таҳоратли бўлиши вожиб эмас.
Агар нажосат тез-тез эмас, узоқ вақтда, масалан, тахминан 15 дақиқа ва ундан кўп вақтда чиқиб турадиган бўлса, ҳар нажосат чиққанда таҳорат олиб, тавоф қилади. Чунки бундай одам соҳиби узр бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
РАМАЗОНДАН СЎНГ ШАВВОЛ ОЙИДА 6 КУН РЎЗА ТУТИШ ЙИЛ БЎЙИ РЎЗА ТУТГАННИНГ САВОБИГА НОИЛ ЭТАДИ.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом сураси, 160-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!
Даврон НУРМУҲАММАД