Термиз шаҳридаги “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида таниқли уламо Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан диний соҳада кўп йиллар хизмат қилган уламолар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Шундай тадбирлардан бири — “Илм ва маърифатга бағишланган умр” мавзусида “Имом Термизий” таълим муассасасида ташкил этилди.
Тадбирда таълим муассасаси раҳбарияти, устозлар ва талабалар иштирок этиб, Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг ҳаёт йўли ва илмий мероси ҳақида сўз юритдилар. Уламонинг дин равнақи ва халқ маърифати йўлидаги фидокорона хизматлари ёдга олиниб, илмий фаолияти ва қолдирган бой маънавий хазинасининг бугунги кун ёшлари учун аҳамияти таъкидланди.
Тадбир давомида нотиқлар Шайх Юсуфхон тўранинг олимлик ва инсонийлик фазилатлари талабалар учун ҳақиқий ибрат мактаби эканини эътироф этдилар.
Шунингдек, таълим муассасасининг расмий ижтимоий тармоқларида “Шайх Юсуфхон тўра Шокиров — илм ва маърифат фидойиси” сарлавҳали кенг қамровли илмий мақола чоп этилди. Унда алломанинг сермаҳсул ижоди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги кўп йиллик фаолияти таҳлил қилинган.
Бу каби тадбирлар аждодлар хотирасини эъзозлаш ва келажак авлодни миллий-диний қадриятларимизга содиқ руҳда тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Маънавий-маърифий ишлар бўйича
директор ўринбосари И.Бобоқулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати