Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Ҳаётимиз тўкин, лекин оқибатимиз кам

22.01.2026   10958   3 min.
Ҳаётимиз тўкин, лекин оқибатимиз кам

Оилада биз отамнинг олдида ҳеч қачон оёқ узатиб ўтирмасдик. Дастурхонга катталардан олдин қўл чўзмасдик. Уйдаги гапни кўчага чиқармасдик. Маҳалладаги ҳашарларга қатнашардик. Ўзгаларнинг мушкулини осон қилишга интилардик. Хуллас, ота-онам бизни андишали ва жонкуяр қилиб тарбиялаганди.
 

Афсуски, бугун орамиздан бу фазилатлар кўтарилиб бораётгандек. 


Бир куни маҳалла идорасида ўтирсам, “Қизим билан куёвим тил бириктириб, мулкимни олиш учун шикоят қилиб ёзиб юришибди”, дейди бир қийналган отахон. “Ўғлим уйдан чиқариб юбораман”, деяпти, дея арз қилди муштипар она. “Акам билан томорқа устида келишолмаяпмиз”, дея нолиди бир ёш йигит. Бу гапларни эшитиб, дилим оғриди. Тўғри, ҳар бир низони қонуний ҳал қилиш чораси бор, аммо инсон кўнглининг ўртасига тушиб, истиҳолаю инсофни ўргатиб бўлармикин?! Ота-онани, яқинларини зор қақшатаётган кимсаларда иймон, инсоф, андиша бормикин?! Фақат ўзини ўйлаб, заррача бировга яхшилик қилмаса, эртага охиратда қандай жавоб бераркин?


Дарҳақиқат, бугун одамлар орасидан меҳр-оқибат, ҳаё кўтарилиб боряпти. Бунинг ортидан одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам дарз кетяпти. Ўзгаларга яхшилик қилиш, кўмаклашиш ўрнига лоқайдлик иллати ортиб, самимий муносабатлар йўқоляпти. Нафс, мол-дунё инсонийлик устидан ғолиб бўлмоқда. Оқибатда кишиларнинг бир-бирига фириб бериши оддий ҳолга айланяпти.


Айримларга эътибор берсак, тилида Худо дейди, ҳатто ибодатлар қилади.


Аммо дили мол-дунёю ҳашамат ва бошқа орзу-ҳаваслар билан тўла. Инсонларга яхшилик улашиш, ўзгаларнинг мушкулини осон қилиш каби эзгуликлар хаёлига ҳам келмайди.


Яқинда Қуръони каримда бир оятни ўқиб қолдим: “Эркакми ё аёлми, кимда-ким мўмин ҳолида бирон яхши амал қилса, биз унга покиза ҳаёт ато этамиз. Уларни ўзлари қилиб ўтган чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз”, дея марҳамат қилинган (Наҳл сураси, 97-оят).


Болалагимни яхши эслайман. Оталаримиз қишлоқда кимдир ҳашар қилса ёки ёрдамга муҳтож бўлса, уларга кўмак беришга шошиларди. Қўни-қўшни, бутун маҳалла бир тану жон эди. Уруш-жанжал, еру сув талаш бўлганини билмайман. Ҳамма бир-бирига самимий эди. У даврларда ҳозиргидек тўкинчилик бўлмаса-да, одамларнинг назари тўқ, қаноатли эди. Ўйлаб кўрсам, оталаримиз юқоридаги оятга амал қилиб, бир-бирига яхшилик улашиб яшаган эканлар. Шунинг учун ҳам улар орасида меҳр-оқибат кучли бўлган.


Бугун биз ҳам оталаримизга муносиб авлод бўлишга интилиб, бошқаларга яхшиликлар улашиб яшайликки, зора яна орамизга меҳр-оқибат қайтса. 


Мардиқул СИДДИҚОВ,
Хатирчи тумани (Б. Муҳаммад уюштирди).

“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 24-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа)

26.08.2026   1097   1 min.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқаролар мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.


Бугун, 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади.


Юзма-юз мулоқот жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид қатор масалалар кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.


Эслатиб ўтамиз, бу каби очиқ мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам ўтказиб келинмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа) Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа) Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа) Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа) Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа) Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа) Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа) Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа) Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор (фотолавҳа)
Ўзбекистон янгиликлари