Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги ҳамда Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятимизда хизмат қилаётган имом-хатиб ва имом-ноибларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, ўзаро жамоавий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил 24 январь куни волейбол, стол тенниси ҳамда шахмат-шашка йўналишлари бўйича спорт мусобақалари ташкил этилди.
Ушбу спорт беллашувларида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган имом-хатиб ва имом-ноиблар фаол иштирок этдилар. Мусобақалар дўстона муҳитда, юқори спорт руҳида ўтиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият ва илиқ таассуротлар улашди.
Тадбир якунида ғолиб ва фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
#xabar #haj2026 #ellikboshi #vazifa
Жорий йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2026” мавсумида ҳожилар ибодатига бошчилик қилувчи гуруҳ раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратлари ҳаж қилувчи инсон Ҳақ таолонинг меҳмони экани, шу боис ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлишини сўзлаб, ҳар бир элликбоши Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Йиғилишда жорий мавсумни намунали ўтказиш учун амалга оширилаётган ишлар, жумладан, 300 нафардан зиёд элликбоши саралаб олингани, ўқув-семинар машғулотлари ўтказилгани, зиёратчилар билан учрашувларда эътибор қилиниши зарур бўлган масалаларга урғу қаратилди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз сўзлари давомида муборак сафарга қадар зиёратчилар билан мунтазам суҳбатлар ташкил этиш ва уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, аҳкомлари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ҳамда зикру дуолар қилиш ва юртдошларимизнинг барча саволларига жавоб бериш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, ҳаж амалига оид шаръий масалаларда фақат Фатво маркази фатволарига риоя этиш, ҳаж сафарига доир қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни пухта билиш, ўзаро ёрдам муҳитини шакллантириш, зикру ибодатларни кўпайтириб, сафарни мазмунли ўтказиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Тадбир якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати