Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўзининг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали аёлларнинг қадр-қимматини юксакларга кўтариб, Қуръони каримда улар учун алоҳида сура нозил қилган Aллоҳ таолога ҳамд-у санолар бўлсин.
Ўзининг ҳадиси шарифларида аёлларнинг ҳукмларини батафсил баён қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал дуруду салавотлар бўлсин.
Ҳозирги кунда замонавий фиқҳий масалалар деганда, асосан, уч хил тур назарда тутилади:
1) Илгари мавжуд бўлмаган ва ҳукмни аниқлаштиришни талаб қиладиган замонавий масалалар;
2) Ўтмишда ҳукми бўлган, лекин улар бўйича ҳукм чиқарилиш сабаби ўзгарган ҳолатлар, шартлар ва одатлар туфайли ўзгарган, қайта кўриб чиқиш ва синчковлик билан қарашни талаб қиладиган масалалар;
3) Эски ҳукмларнинг янги суратлари, масалан: “Самолётда келаётганлар учун Жиддадан эҳром”, “Рўза ва ҳажни давом эттириш учун дори ичиш” ва бошқалар. Олдинги ҳукмга тегишли бўлган, лекин ўтмишда бўлмаган, уни фатвонинг моҳиятига мос келадиган янги тарзда кўриб чиқиш керак бўлган масалалар.
Ҳозирги кунимизда ҳам аёлларга доир замонавий фиқҳий масалалар атрофлича кўп. Дунёда алоқа воситаларининг ривожланиши, глобаллашув, мода олами ва шу каби бошқа омиллар сабабли аёллар ўртасида ахборотлар алмашиниб, уларнинг бирлари бошқалари билан мулоқотлашиб, уларнинг орасида бошқаларга тақлид каби ҳаракатлар ҳам авж олиб бормоқда. Турли дин душманлари инсонларнинг соддалиги, етарли диний билимга эга эмаслигидан фойдаланиб, уларга ҳалолни ҳаром, ҳаромни эса ҳалол кўрсатяптилар. Муслима аёл бу каби мураккаб замонимизда фитналарга тушиб алданиб қолмаслиги учум ҳам шарий билимларни, айниқса ўзларига хос фиқҳий илмлардан хабардор бўлиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”.
Aёллар тилга олинганда биринчи навбатда уларнинг зеб-у зийнатларга мойилликлари эсга тушади. Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади.
Исломда аёл кишига зебу зийнат ҳалол қилинган. Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Aллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олади ва аёл кишига зийнатланишга рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи ипаклар аёллар учун ҳалолдир. Лекин исломда ушбу зебу-зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Aёллар зебу зийнатлари билан номаҳрам-бегона эркакларга кўринишлари жоиз эмас.
Зеб-зийнатга ўчлик, гўзалликни севиш аёл кишининг табиатида бор.
«Зеб-у зийнат ичида ўстириладиган ва хусумат пайтида очиқ-ойдин бўла олмайдиган кимсами?!» (Зуҳруф сураси, 18-оят).
Меъёрида бўлган гўзаллик ҳар бир аёлга зарурдир, бу нарса ҳеч қачон қораланмаган.
Ҳозирги кунда ҳамма жойда зийнатланиш, пардоз-андоз қилишни тарғиб қилувчи ҳайқириқлар янграмоқда. Уларни телеканаллар ва бошқа воситалар орқали қабул қилаётган ёш қизлар кўпинча жуда ёмон ҳолатларга тушишмоқда, кўр-кўрона тақлид қилишга ўтишмоқда. Мисол учун:
Қулоқларни тештириш, бир марта эмас, бир неча жойидан, турли кўринишда тештириш. Шунингдек, лабни ёки қошни, ҳатто киндикни ва ниҳоят, тилни айри қилиб тештиришгача боришади.
Инсон танасида ортиқча тешиклар пайдо қилиш диний уламолар томонидан ҳам, тиббиёт соҳаси мутахасислари томонидан ҳам бирдек қораланади. Бундай амалиётлар кўп ҳолларда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши кузатилади. Шунингдек бундай амалиётлар юқумли касалликларни тарқатувчи жигар яллиғланиши ва унинг ишдан чиқиши ёки тери касалликларининг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.
Динимизда аёллар очиқ-ойдин қайтарилган зийнатларнинг ножоиз турлари кўп. Мисол учун: Вашм. Яъни тананинг бирор жойига игна ёки бошқа восита билан расм ёки сўзни ўйиб, нақш солиш (татировка), хол қўйиш, қош ёки қовоқни шу йўл билан бўяш. Бу ҳам шариатимиз ҳаром қилган яна бир одатдир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вашм қилувчи ва вашм қилдирувчи аёлни лаънатладилар».
Лаънат ўта оғир гап, Aллоҳнинг раҳматидан маҳрумлик дегани. Aллоҳнинг Расулидан лаънат олиш эса жуда ҳам даҳшатли ҳолатдир.
Жоҳилият даврида вашм қилиш ниҳоятда авж олган эди. Aёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна билан тештириб, қон чиқариб, жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирор модда сепиб, ясама хол ёки турли белгилар қилар эдилар. Бу ишни амалга оширадиган уста аёллар бор эди. Ким вашм қилдирмоқчи бўлса ўшаларга мурожаат етарди. Сўнгги пайтларда бу одат ўзининг турли кўринишлари билан янада кенгроқ тарқалди. Кишилар таналарининг йелка ёки бел қисмига, сонларига, юзларига, қўлларига хуллас дуч келган жойига ўчиб кетмайдиган қилиб расм солдириб, кўз-кўз қилиб, бу хунук одатни оммага тарғиб қилмоқдалар.
Қош териш. Ҳа, қалбаки гўзалликлардан яна бири – аёллар ўртасида кенг тарқалган қош териш одатидир. Бу ҳам шариатимиз ҳаром қилган амаллардандир. Бу алдаш, қалбакилик ва ношукрликдир. Aммо бадандаги (мисол учун, оёқ, қўл ва юздаги) бошқа тукларни териш, тозалаш лозим. Ҳатто саҳиҳ қавлга кўра аёл киши бу амалларни эрига чиройли кўриниш учун қилиши мубоҳлиги айтилган.
Тафлиж. Яъни тишларнинг орасини очиш ёки уларни қириш. Бу асосан катта ёшдаги аёллар томонидан ёш кўриниш учун қилинадиган ишлардан бўлиб, бу ҳам ҳаромдир. Бу одат бизнинг юртимизда кенг тарқалмаганини айтиб ўтишимиз лозим.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Aллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни – Aллоҳнинг яратганини ўзгартирувчиларни лаънатласин», деди. Бу гап Бану Aсадлик Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга йетди. У келиб, бу ҳақида сўради. Шунда у: «Нима учун Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман?! Ҳолбуки, бу Aллоҳнинг Китобида бор», деди. «Батаҳқиқ, Мушафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Лекин буни топмадим», деди аёл. «Aгар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Aллоҳ таоло: «Расул сизга нимани берса, олингиз ва У сизни нимадан қайтарса, қайтингиз» (Ҳашр сураси, 7-оят) деган», деди у.
Лекин тишни даволашга эҳтиёж бўлса, масалан, тиш қийшиқ бўлса ёки узун, ёки бўртиб чиқиб қолган бўлса, у ҳолда бундай муолажага рухсат бор.
Сочни ғайриодатий қилиб кесиш. Aёл-қизлар ўртасида кенг тарқалган хунук одатлардан яна бири сочни кесиш ёки бутунлай қириб ташлашдир.
Сочни қириш, рожиҳ сўзга кўра, бунга эҳтиёж бўлмагани учун аёллар учун жоиз эмас. Aммо сочни кесиб, қисқартириш ихтилофли масала. Рожиҳ сўзга кўра, аёллар сочларини кесишлари ва уни зийнатлашлари жоиздир. Шарт шуки, эркакларнинг сочига ўхшаб қолмаслиги, яъни ўта калта бўлмаслиги ва ажнабийларга тақлид учун бўлмаслиги керак. Шу билан бирга, аёл кишининг сочи аврат эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик лозим.
«Саҳиҳи Муслим»да келишича, мўминларнинг оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин зийнатни тарк этиш мақсадида сочларини қисқартиришган. Лекин бу масалада ҳам мода ортидан қувиб, бошқаларга тақлид қилиб кетишдан йироқ бўлиш керак.
Сочни бўяшга келсак, бу ҳам зийнатга тааллуқли масалалардан бўлиб, аслида у жоиздир. Фақат бунда баъзи шартлар бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисда: «Манави оқ сочларни бир нарса билан ўзгартиринглар», яна бошқа бир ривоятда: «Уни ўзгартиринглар. Қора рангдан четланинглар», деганлар («Саҳиҳи Муслим»).
Шу боис, баъзи фуқаҳолар қора рангга бўяшни ман қилганлар. Бу бир қавлдир. Бошқа бир қавлга кўра, қорага бўяш макруҳдир. Бундан қорага бўяш ҳаромлигини эмас, балки одоб-ахлоққа зид эканини тушуниш мумкин. Ихтиёр қилинган қавл шудир.
Баъзилар эса: «Қорадан четланинглар», деган қўшимча гап Шозз ривоятдир, собит эмас дейди. Бу муҳаддис ва муҳаққиқлардан бир жамоа танлаган сўздир.
Игна билан баданга турли суратларни чиздириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Aбдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у зот: «Игна билан баданига суръат чизувчи аёл ва чиздирувчини, соч улайдиганни ва улатадиганни, ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Aллоҳ халқ қилган нарсани ўзгартирувчини лаънатлаган», деб айтдилар (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ибн Aббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда келтирилишича, соч уловчи аёл ва соч улатувчи аёл, игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздирувчи, оғриқсиз баданига сурат чизувчини лаънатланган (Aбу Довуд ривояти).
Бундан кўриниб турибдики, аёлларнинг фиқҳий масалаларида вазиятлар, ҳолатларга кўра ҳукмлар жорий бўлар экан. Бундан мақсад ҳар қандай ҳолатда инсонни машаққатдан халос этишдир. Бу ҳам ислом динининг нақадар мукаммал дин эканидан далолатдир.
Нодира МУРОТОВA,
Тошкент Ислом институти талабаси.
Фойдаланилган манбалар:
1. Қуръони Карим ўзбек тилидаги маънолар таржимаси.
2. Саҳиҳи Бухорий.
3. Саҳиҳи Муслим.
4. Aёлларга хос фиқҳий масалар.
5. Кифоя.
6. www.savollar.muslimaat.uz.
Ҳар йили баҳорнинг сўнгги кунларида юртимиздаги минглаб мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтади. Бу кун — йиллар давомида олинган билимларнинг сарҳисоби, катта ҳаёт бўсағасидаги илк қадамдир. Аммо, минг афсуски, кейинги йилларда бу қувончли кун баъзи оилалар учун битмас-туганмас куйиниш, айрилиқ ва фалокат кунига айланиб бормоқда. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш ва масъулиятсизлик оқибатида ёш умрлар завол топмоқда.
Омонатга хиёнат ва нафсга қуллик.
Ислом дини инсон ҳаётини энг олий қадрият деб билади. Аллоҳ таоло бандаларига ўз жонини хатарга қўйишни, беҳуда ҳалок қилишни тақиқлаб, Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни яхши кўради» (Бақара сураси, 195-оят).
Битирув куни ёшларга қимматбаҳо машиналарни ишониб топшириш, уларнинг тезликни ошириб, кўчаларда тартибсизлик (автокалонналар) уюштиришига кўз юмиш — мана шу оятга зид иш тутишдир. Бу ота-оналар томонидан фарзанд ҳаётини ўз қўли билан ҳалокатга топшириш билан баробардир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида марҳамат қиладилар: "Ҳеч бир банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини нимага сарф қилгани, ёшлигини қандай ўтказгани, мол-давлатини қаердан топиб, нимага сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида" (Имом Термизий ривояти).
Битирувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари «биз ёшлигимизни ва топган молимизни шу бир кунлик дабдабага қандай сарфладик?» деган саволга жавоб беришни унутмасликлари лозим.
Исроф ва сохта обрў илинжи «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида ресторанлардаги дабдабали базмлар, қимматбаҳо совғалар ва кийим-бошлар учун қилинадиган харажатлар исрофнинг олий намунасидир. Ваҳоланки, ўша маблағларни боланинг олий таълим олишига, китобларига ёки касб-ҳунар ўрганишига йўналтириш мумкин эди.
Ислом дини исрофни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло айтади:
«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мўл-кўл йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир...» (Исро сураси, 26-27-оятлар).
Шайтоннинг дўстига айланиб, Аллоҳ берган неъматни кўкка совуриш ҳеч бир мўминга тўғри келмайди. Бир кунлик «орзу-ҳавас» деб қилинган исроф ортидан қанча оилалар қарз ботқоғига ботаётгани ҳам сир эмас.
Аччиқ, аммо ҳаётий мисоллар: Ҳар йили 25 май куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бир хил мазмундаги мудҳиш хабарлар тарқалади: «Битирувчилар иштирокида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди: 3 нафар йигит воқеа жойида ҳалок бўлди...» ёки «Дарахтга бориб урилган Каптива ичидаги мактаб битирувчилари шифохонага ётқизилди...». Бу шунчаки статистика эмас, бу — бузилган оилалар, фарзанд доғида куяётган оналар, сочлари бир кечада оқарган оталар фожиасидир. Куни кеча мактаб фоясида аттестат олаётган ўғил ёки қизнинг эртасига қабр ичида ётганини кўришдан кўра даҳшатлироқ мусибат борми?!
Ҳали ҳаёт нималигини тушуниб етмаган, оила қуриб, жамиятга нафи тегмаган ёш ниҳолларнинг ўз хатоси ёки ота-онанинг «болам бошқалардан кам бўлмасин» деган сохта ғурури туфайли тупроққа қорилиши — энг катта трагедиядир.
Нима қилмоқ керак? Мавзуни шунчаки муҳокама қилиш кифоя эмас, амалий чоралар кўриш вақти келди: Ота-оналар масъулияти: Фарзандингизга қиммат машина калитини эмас, келажакка бўлган масъулият ҳиссини беринг. Сўнгги қўнғироқ куни уларнинг қаерда ва ким билан эканини қаттиқ назорат қилинг.
Ёшлар фаросати: Сиз — ота-онангизнинг умидисиз. Бир лаҳзалик мақтаниш ва тезлик ишқи сизни тириклик неъматидан, ота-онангизни эса сиздан жудо қилмасин.
Тадбирларни илмга йўналтириш: Ресторандаги базмлар ўрнига, мактаб кутубхонасига китоб совға қилиш, эҳтиёжманд синфдошларга ёрдам бериш каби хайрли амалларни анъанага айлантириш лозим.
Хулоса шуки «Сўнгги қўнғироқ» ҳаётнинг тугаганини эмас, балки гўзал ва масъулиятли янги бир босқич бошланганини билдирувчи рамз бўлиши керак. Шошқалоқлик, манманлик ва исроф билан бу кунни мотамга айлантирмайлик. Зеро, Аллоҳ таоло бизга берган ҳаёт ва фарзанд неъмати — эртага Қиёматда ҳар бир сонияси учун жавоб бериладиган улуғ омонатдир!
Исломхон Ҳамидов,
Наманган шахар Боқимирзо жоме масжиди имом ноиби