Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: “Умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар шумланмайдиган, дам солишни талаб қилмайдиган, тамға қиздириб босмайдиган ва Роббиларига таваккал қиладиган кимсалардир”. Шу ҳадисда жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадиган бандалар 70 минг деб айтилган экан. Фақат шу миқдордаги инсон ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, ундай эмас. Чунки бир ҳадисда 70 минг сони ишлатилган бўлса, бошқа ривоятларда 70 мингдаги ҳар бир мингга яна етмиш минг, яна бир ривоятда етмиш мингнинг ҳар бирига етмиш минг уммат қўшилиши айтилган. Яъни ададлар турлича келган. Саволда келтирилган ҳадис шарҳида муҳаддис уламолар бу ердаги адад чеклаш учунми ёки кўпликни ифодалаш учун ишлатилганми деб баҳс юритганлар ва аксар уламолар бу адад кўплик учун ишлатилган деганлар.
Чунки Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 80-оятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: “Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсангиз ҳам, Аллоҳ ҳаргиз уларни мағфират қилмас” деган сўзидаги етмиш кўпликни ифодалайди, ундан кўп миқдорда истиғфор айтилса ҳам, Аллоҳ таоло уларни кечирмаслигини бошқа оятда айтган.
Демак, ривоятларда келган ададлардан мурод кўплик маъноси экани ҳадиси шарифда зикр қилинган сифатларга эга ҳар бир мўмин шу мақомга эга бўлишини англатади ва жаннатга ҳисобсиз кирувчи мўминлар сони маълум бир саноққа чекланмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Яқинлашиб келаётган муборак Қурбон ҳайити айёмига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Сурхондарё вилоятидаги барча қабристон ва зиёратгоҳларда умумхалқ хайрия ҳашарлари юқори уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Мазкур савобли тадбирларда диний соҳа вакиллари ҳам алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Жорий йилнинг 23 май куни вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳамда вилоят бош имом-хатиби Расулжон домла Абдуллаев Жарқўрғон туманидаги “Маърифат” маҳалласида жойлашган “Мулло Ҳазрат” қабристонига ташриф буюрдилар.
Мутасаддилар у ерда олиб борилаётган тозалаш ва кўкламзорлаштириш ишлари жараёни билан яқиндан танишиб, ҳудудни янада тартибга келтириш ҳамда зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмаларни бердилар.
Бу каби хайрли ҳашар тадбирлари айни пайтда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида қизғин давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати