Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Маҳмуд ибн Умар Замахшарийнинг бир гапини эслайман... Ҳикматли сўзлар жамланган “Сўз дурдоналари” деган китобида бундай ёзади: “Савдогарнинг шуҳрати унинг ҳамёнида, олимнинг шон-шарафи эса китобларида”.
Илгари олимлар китоблар сотиб олиш учун озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёжларига сарфлайдиган маблағларни тежар эдилар. Имом Aҳмаднинг шогирди Иброҳим Ҳарбий (Aллоҳ уни раҳмат қилсин) жуда қашшоқлашиб қолди. Унинг икки ёш қизи бор эди. Аҳли оиласи очликдан қаттиқ азият чекишди.
Аёли унга: “Эй Иброҳим, мен очликка чидай оламан, лекин бу икки қиз бунга қандай чидайди?” деб шикоят қилди.
У: “Нима қилишим керак?” деб сўради.
Аёли: “Китобларингиздан бирортасини сотинг”, деди.
Иброҳим: “Сабр қилинг, сабр қилинг”, дедида, уйидан ташқари чиқиб кетди.
Бир киши Иброҳим Ҳарбийнинг уйини излаб, ўтган-кетгандан сўраб юрарди. Ниҳоят одамлар кўрсатган йўл бўйлаб юриб, бир уйнинг олдида тўхтади ва: “Иброҳим Ҳарбийнинг уйи қаерда?” деб сўради.
“Мана шу”, деди.
“Иброҳим Ҳарбий ким?” деб сўради.
“Менман”, деб жавоб берди.
“Нима истайсиз?” деб сўради.
“Хуросонлик бир киши сизга бу икки туяга юкланган нарсани юборди. Мен уларни сизга етказишга масъулман”, деди.
Иброҳим Ҳарбий ундан: “Бу қаердан келди?” деб сўради.
У: “Хуросонлик бир одамдан”, деб жавоб берди.
Иброҳим: “У ким?” деб сўради.
“Сир сақлашга қасам ичганман”, деди.
Бундан Иброҳим Ҳарбий ҳайратда қолди. Икки туядан озиқ-овқат ва кийимлардан иборат юкларни туширди.
Иброҳим Ҳарбий очликка чидади, лекин китобларидан бирини сотишга чидай олмади. Чунки китоблар унинг ҳаёти эди.
Баъзан ўн баравар қимматга бўлса ҳам, китоб сотиб олардим. Чунки бу китобни ҳаётимда бир марта сотиб оламан, пулни яна топишим мумкин, лекин бу китобни бошқа топа олмаслигимдан қўрқаман. Ҳатто нархи беш ёки олти фунтга баҳоланган китобни 70 фунтга сотиб олганман.
Энг муҳими инсон “китоблар қурти” бўлиши керак. Бундай одам китобларни ўқийди, ўрганади, керакли жойларини ёзиб қўяди, ёдлайди, ўқиганлари унинг хулқ-атворида акс этади...”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати