Юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва кўтаринки руҳда ўтказишга ҳар йили алоҳида эътибор қаратилаётгани барчамизни беҳад қувонтирмоқда. Бу йилги табрик ва мурожаатларда Рамазон ойининг асл моҳияти – инсон қадрини улуғлаш, меҳр-мурувват ва саховатни кенг ёйиш, жамиятда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш каби эзгу ғоялар устувор экани таъкидланди.
Бугун Рамазон нафақат ибодат ойи, балки жамиятда эзгулик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари янада мустаҳкамланадиган муҳим маънавий палла сифатида намоён бўлмоқда.
Тажриба ва кузатишлар шуни кўрсатдики, дунё амалиётида Рамазон ойини муносиб ўтказишга доир давлат даражасида алоҳида қарор қабул қилиниши кам учрайди. Юртимизда эса бу масалада тизимли ёндашув йўлга қўйилгани муборак ойнинг моҳиятини чуқур англаб, унинг юксак инсоний қадриятлар асосида ўтказилишидан далолат беради. Айниқса, бу йилги Рамазон муносабати билан илгари сурилган ташаббусларда «Инсон қадри учун!» деган эзгу тамойилнинг амалий ифодаси яққол кўзга ташланмоқда.
«Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остида қабул қилинаётган қарор ва ташаббусларда Рамазон ойини саховат, ҳамжиҳатлик ойига айлантириш, муҳтожлар, беморлар, ногиронлар ва фахрийларга меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу ғоялар мужассам. Бу эса Рамазонни ҳам ибодат, ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлаш ойи сифатида тараннум этишга хизмат қилмоқда.
Абдуғофур домла Раззоқов,
Бухоро вилояти Когон тумани “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Киши тонгда ўзининг Қуръон вирдини – у ёд олиш ёки тиловат қилиш бўлсин ҳамда тонги зикрларни айтишдан фориғ бўлмагунича алоқа воситалари, интернет тармоқларини очмасликка ўзини ўргатиши фиқҳул авлавиётдан ҳисобланади.
Чунки ушбу тонгги оралиқ, фурсат энг қадрли, аҳамиятли вақтлардан бўлиб, уни чалғитадиган, зеҳнини паришон қиладиган ва вақтини ўғирлайдиган барча нарсадан четланган киши учун жуда катта фойдалар бўлади.
Изоҳ: “Фиқҳул авлавиёт” – устун турадиган нарсалар фиқҳи ёки бирламчи масалалар фиқҳи деганидир. Яъни, шариатда устун турадиган нарсалар фиқҳига нисбатан қўлланиладиган атама.