Қуръон мусобақаси Дубайда эркаклар ва аёллар учун иккита алоҳида жойда ўтказилмоқда. Очилиш маросимида сўзга чиққан ҳакамлар ҳайъати раҳбари Иброҳим Жассим ал-Мансурий мусобақанинг 24-нашрида ўтказилаётган савиясини олқишлаб, бу Қуръон ҳифзи марказлари ва маҳаллий Қуръон мусобақалари ривожининг натижаси эканини таъкидлади.
Унинг айтишича, Қуръон ҳифзи мусобақаси бошланганига чорак асрга яқин вақт ўтди ва бугунги кунда у сифат ва миқдор жиҳатдан яхши даражага етди. Шунингдек, у ҳакамлар ҳайъати аъзоларини танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолашда адолат ва аниқликка риоя қилишга чақирди.
Мусобақанинг биринчи кунида эркаклар ўртасида етти нафар ва аёллар ўртасида етти нафар даъвогар саҳнага чиқиб, ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш этди. Мусобақа 13-январга қадар давом этади ва ғолиблар тақдирланадиган ёпилиш маросими эркаклар ўртасида 16-январда, аёллар бўлимида эса 17-январда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати