“Умра – 2026” Рамазон мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари фазилатли кунларни муқаддас жойларда ибодат ва зиёрат билан ўтказмоқда.
Муборак сафарнинг дастлабки уч кунида зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи шарифларини зиёрат қилдилар.
Шунингдек, ислом тарихида ўчмас из қолдирган Уҳуд тоғи, тақво асосига қурилган Қубо масжиди каби табаррук жойларни бориб кўришди.
Зиёрат давомида ҳамюртларимиз Макка шаҳрига етиб келиб, ихлос ва муҳаббат ила умра амалини адо этдилар. Муборак заминдаги Арафот, Нур ва Савр тоғлари, шунингдек, Мино ва Муздалифа водийлари бўйлаб қилинган зиёратлар ҳар бир юртдошимиз қалбида чуқур из қолдирди.
Аллоҳ таоло Рамазон ойида адо этилаётган зиёрат ва ибодатларни қабул айласин! Юртдошларимизнинг дуолари ижобат бўлиб, бундай муқаддас сафарлар барчамизга насиб этсин!
+998778821858, +998998821858
@Hajumrauzbot
ВИЛОЯТЛАРДА (https://taplink.cc/hajumrauz)
@hajumrauz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.
Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.
Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.
Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати