Ислом бирдамлик ўйинлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтиши мумкин. “Бизнес онлайн” хабарига кўра, ҳозир Татаристон пойтахтининг бу масалага оид аризаси ташкилотчилар томонидан ўрганилмоқда.
Ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган турнирнинг бўлиб ўтиш санаси 2029 йилга тўғри келмоқда.
Маълумотларга кўра, Ислом бирдамлик ўйинлари илк бор 2005 йилда Макка шаҳрида ўтказилган ва 7000 нафар иштирокчини жамлаган. Турли йилларда мусобақага Индонезия, Озарбайжон ва Туркия мезбонлик қилган. 2025 йилда турнирнинг Камерунда ўтказилиши режалаштирилган. Ўйинларда одатда 28 хил турдаги ёзги спорт ўйинлари, жумладан, футбол, баскетбол, сузиш, бадиий гимнастика ва бошқалар мавжуд.
Мусобақа Ислом бирдамлиги спорт федерацияси томонидан ўтказилади. Ташкилотнинг штаб-квартираси Саудия Aрабистонида жойлашган ва унинг Президенти подшоҳ Салмон бин Aбдулазиз Ол-Сауддир.
Федерация 55 давлатни ўз ичига олган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) таркибида фаолият юритади. Эслатиб ўтамиз, Россия ИҲТда кузатувчи давлат ҳисобланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати