Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан мунтазам йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқотлар фуқароларнинг муаммоларини тизимли ҳал этишда юксак самара бермоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, ҳар бир мурожаатни алоҳида эътибор билан кўриб чиқди.
Қабул давомида оилавий масалалар бўйича келган юртдошларимизга шаръий кўрсатма ва зарур маслаҳатлар берилган бўлса, моддий ёрдамга муҳтож фуқароларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Таъкидлаш жоизки, аҳоли муаммоларини тинглаш ва уларга ечим топиш жараёнлари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари ҳамда жоме масжидларида имом-домлалар томонидан изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.