Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмон киши нима учун яратилдию, нима қилиши лозимлигини яхши билади. Бу борада у кўнглига келганини эмас, балки Роббисининг каломи билан яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади: "Мeн жин вa инсни фaқaт ўзимгa ибoдaт қилишлaри учунгинa ярaтдим" (Зориёт, 56).
“У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди” (Ҳуд, 62).
Мусулмон инсон Аллоҳга ибодат қилиш, инсонларга яхшилик қилишлик уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Унга омонат қилиб берилган ягона фурсати бўлмиш дунё ҳаётида, ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилади.
“Эй иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж-77)
Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб намоз ўқиб, Роббисига ибодат қилиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.
Биз яшаб турган дунё имтиҳон дунёсидир. Ўзидан кейин яхши ном қолдиришни истаган ҳар қандай киши бу дунёни эзгу амаллар, гўзал хулқлар билан ўтказиши лозим. Барча инсонларга бирдек яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш, меҳр-оқибатли бўлиш катта инсоний фазилат ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларни мағфират ва хайрли ишларга шошилишга буюриб, бундай марҳамат қилади:
وَسَارِعُوا إِلَىٰ مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
“Роббингиздан (келувчи) мағфират ва кенглиги осмонлар-у ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари шошилингиз!” (Оли Имрон, 133-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, энг яхши инсонлар ўзгаларга манфаат ва яхшилиги етувчи инсонлар экани зикр этилган:
خَيْرُ النَّاسِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ
“Инсонларнинг яхшиси бошқа инсонларга манфаати кўпроғидир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадисда қуйидагича келтирилади: “Бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Исломдаги энг яхши (амал) қайси?” деб сўради. У зот: “Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом бермоғинг”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу дунё ҳаётида киши ўз яқинларига, хаттоки таниган ва танимаган кишиларига имкон қадар яхшилик қилиши, заифларга ёрдам бериши ҳамда мухтожларга кўмаклашиши лозим ҳисобланади. Бу орқали инсон нафақат бу дунёда азиз, балки, охиратда ҳам шарафга эга бўлади.
Аллоҳ таоло ўз каломида яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик бўлишини баён қилиб бундай дейди:
هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ
“Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” (Ар-Раҳмон, 60-оят).
Руҳий ҳаётнинг энг афзал томонларидан бири яхшилик йўлидаги ўзаро ёрдамдир. Бу нарса ижтимоий ҳаётни юқори даражага кўтариш, жамият аъзоларининг фаровонлигини ошириш ва уларнинг қайғу-аламларини енгиллатишдан иборатдир. Ҳозирги замон маданиятида ўзаро ёрдам деган тушунчага катта аҳамият берилади. Шунинг учун ҳам барча жойларда ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик ташкилотлари тузилган. Мана шунинг ўзи ҳам ҳар бир шахс ва ҳар бир жамиятнинг бахтиёр бўлиши учун ўзаро ёрдам зарурлигини кўрсатади.
Қуръон ўзаро ёрдамга катта аҳамият берган. Буни қуйидаги оятдан фаҳмлаб олсак ҳам бўлади:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).
Қуръони Карим яхшилик ва тақводорлик йўлида ҳамкорлик қилишга буюрмоқда. "Яхшилик" деганда бу дунёдаги барча яхшиликларни: ростгўйлик, омонат, тоат-ибодат, сахийлик, шижоат ва ҳоказоларни тушунамиз.
"Яхшилик" сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни ўз ичига олади. Тақво эса Аллоҳдан қўрқиш ва Унга итоат қилиб иш олиб боришни англатади.
Яхшилик ва тақводорлик йўлидаги ҳамкорлик эса бу дунёдами ёки охиратдами, саодатга эриштирувчи яхши нарсалар йўлидаги ҳамкорликдир.
Қуръони каримда яхши ва эзгу амалларни қилиш ибодатдан кейинги ўринда келтирилди. Демак, яхши ишларда бардавом бўлиш ибодат қилиш билан тенг амал ҳисобланади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ
“Сизларнинг яхшиларингиз – аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Инсон яхшиликни энг аввал ўз яқинларидан бошлаши лозим. Бу ҳам инсонда яхшилик фазилати мавжуд эканини кўрсатади.
Биз сўзлашаётган мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам эътиборга моликдир:
خَيْرُكُمْ مَنْ يُرْجَى خَيْرُهُ وَيُؤمَنُ شَرُّهُ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омонда бўлинувчингиздир” – деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Ушбу ҳадисда барчамиз учун буюк бир кўрсатма бор. Мусулмон киши уни билган инсонлар ундан яхшилик кўрувчи ҳамда ундан хавф ва қурқув кутмаслиги лозим. Бунинг учун албатта, унда инсонларга нисбатан хайрихоҳлик ва одамгарчилик топилиши керак. Шунда у одамлар ичида яхшиси бўлади.
Инсон ўз умрининг боғини ўзи яратади. Бу боғдаги мусаффо осмон, порлаб нур сочаётган қуёш, ёқимли булбуллар хониши, қушлар парвози, мехрибон ота-оналаримизнинг борлиги, фарзандарларимизнинг беғубор кулгуси, оиламизнинг аҳиллиги, ўзаро меҳр-муҳаббат иқлими, дастархонларимиз тўкинлиги, тинчлик-хотиржамликдаги фаровон ва осуда ҳаёт барчамизга ҳузур-ҳаловат бағишлайди алҳамдулиллаҳ. Азизлар, умримизни мана шундай ажиб боғда эзгулик, хайр-у саховат, яхшилик амалларига тўлдириб яшайлик! Барчамизни Аллоҳ ўз паноҳида сақласин! Омонат дунёда омон бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчаларимизни одамлар ҳавас қиладиган, яхшилиги умид қилинадиган ва ёмонлигидан омонликда бўлинадиган кишилардан айласин!
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
اللَّهُمَّ إنِّي أسْألُكَ اليقين والعفو و الْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ
Ўқилиши: Аллоҳумма инний асаълукал яқийна валъафва валъаафията фиддунйаа валаахироти.
Маъноси: Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда яқийн (қатъий ишонч), афв ҳамда офиятни сўрайман (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таолонинг бандасига берган энг улуғ неъматлари ва энг буюк яхшиликларидан бири – соғлиқ ва офият. Офият барча неъматларнинг энг улуғидир. Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилардилар: “Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда яқийн (қатъий ишонч), афв ҳамда офиятни сўрайман”.
Ушбу дуо жавомеъул-калим яъни қисқа бўлсада маъноси кенг қамровли бўлган дуолардан саналиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тонгда ва кечки вақтда доимий равишда такрорлаб ўқишдан чарчамас эдилар. Чунки бу дуо дунё ва охират яхшиликларини ўз ичига олади.
Афв (кечиримлилик) – Аллоҳ таолонинг бандасининг гуноҳларини кечириб, қилган ишлари учун жазоламай ўтиб кетишидир.
Офият эса – Аллоҳнинг бандасини касалликлар, мусибатлар ва ҳар қандай ёмонликлардан сақлашидир. Дунё ва охиратдаги парда, хотиржамлик, хавфсизлик ва муҳофаза этиш ҳам офиятнинг бир қисмига киради.
Уламолар айтадиларки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода аввало дунё ва охират офиятини сўраганлар. Чунки офият – ҳамма нарсага тенг келмайдиган улуғ неъматдир. Бу дуо орқали гуноҳларни ўчириш, ҳар қандай зарар келтирувчи балолар ва мусибатлардан, шунингдек, охират даҳшатлари ва у ердаги турли жазолардан паноҳ сўралган. Шу сабабли бу дуо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган энг буюк мақсадларни ўз ичига олган дуолардандир.
Балоларнинг баъзилари очиқ-ойдин бўлади – жисмоний касалликлар ва моддий иллатлар. Айримлари эса яширин – қалб касалликлари каби маънавий офатлардир. Шунинг учун дуода энг муҳим офият – қалб саломатлиги аввал сўралган: “Аллоҳим, мен Сендан яқийн (қатъий ишонч) сўрайман” – яъни тўлиқ ва комил илм, шубҳа ва гумондан холи бўлган қатъий ишонч. Бу эса иймоннинг энг олий даражасидир, дунё ва охиратда нажот айнан мана шу билан бўлади. Яқийн қалбга жойлашса, инсон дунёдан узилиб, охиратга маҳкам боғланади.
Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар яқин қалбга лозим даражада жойлашса эди, инсон жаннатга бўлган соғинчидан учиб кетар, дўзахдан қочишга ошиқар эди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динда офият сўрашлари – мўминнинг ақидаси ва тавҳидига путур етказувчи ҳар қандай нарсадан: фитналар, адашишлар, шубҳалар ва шаҳватлардан сақланишни сўрашдир.
Дунёда офият – инсон ҳаётида зарар келтирувчи мусибатлар ва қийинчиликлардан омонда бўлишни сўрашдир.
Охиратда офият эса – унинг қўрқинчлари, қийинчиликлари ва жазоларидан нажот топишни тилашдир.
Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Офият – Аллоҳ таолонинг бандасини ҳимоя қилиши демакдир”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуо орқали офият сўраш нажот ва муваффақият, жаннатга эришиш ва дўзахдан нажот топиш йўли эканини баён қилганлар. Шунинг учун бу дуо Аллоҳ таоло ҳузурида энг севимли дуолардан ҳисобланади. Чунки у дунё ва охират яхшиликларини қамраб олгандир.
Ибн ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ақлли инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам танлаган ушбу дуонинг қадрини англасин. Кимга офият берилса, у қалби, танаси, дини ва дунёси билан истаган барча яхшиликка етишади ҳамда икки дунёда қўрққан барча нарсалардан сақланади”.
Илёсхон АҲМЕДОВ