Фарзанд хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, уни тарбиялаш, таълим бериш, касб танлашига кўмаклашиш ва вояга етганида муносиб ерга турмушга узатиш ёки уйлантириш ҳар бир ота-онанинг орзу-умидидир.
Бунинг учун фарзанд ўз олдидаги турмуш тутиш ва бахтли ҳаёт кечириш, зиммасидаги бурч ва қадриятларни қай тарзда адо этиш кўникмаларини яхши ўзлаштирган бўлиши керак. Бу ўринда икки йўлни маҳкам тутиш азалдан ўз самарасини бериб келган. Аввалгиси, фарзандни ёшлигидан эгаллаган тарбия ва илмга йўналтириш. Иккинчи йўл ҳалол касб-ҳунар бўлиб, у ҳам ёшликда эгаллангани афзал. Зеро, ёшликдаги илм ёки ҳунар тошга ўйиб ёзилгандек болада муҳрланиб қолади.
Одамзод пайдо бўлибдики, касб-ҳунарга эҳтиёжи бор. Чунки касб-ҳунар жамиятнинг аксар ижтимоий заруратлари ечими ҳисобланади. Бу ҳақда рисолалар ҳам ёзилган. Чунончи, деҳқончилик, дурадгорчилик, сартарошлик, қассоблик, темирчилик, чилангарлик, кулолчилик, чорвачилик, тижорат ва бошқа касб-ҳунарлар баёнига оид рисолаларнинг қўлёзма нусхалари юртимиз қўлёзма фондларида кўплаб учрайди.
Бинобарин, соғлом жамиятларда фарзандларни касб-ҳунарли қилиб тарбиялашга эътибор доим устувор бўлиб келган Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламолар меросида касб-ҳунар эгаллашга кучли тарғиб қилинганини кўришимиз мумкин. Бинобарин, ислом таълимотларида ҳалол ризқ-рўз топиш, жамият манфаатларига хизмат қилиш, хайрли касб-ҳунарни кейинги авлодларга такомиллаштириб етказиш кайфиятини инсонларда тарбиялаш муҳим ҳисобланади. Инсон ҳеч бир касб-ҳунарни эгалламаса, умуман меҳнат қилмай қўйса, ўзига юклатилган бурчни адо этмаса, Раббининг амрига итоат этмаган исёнчилардан бўлиб қолиши мумкин.
«Анбиё» сурасининг 80-ояти каримасида темирчилик борасида сўз кетиб, Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом) ҳақида айтади: «Унга (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясаш санъатини таълим бердик. Бас, сизлар шукр қилувчимисиз?!»
Қуръони каримда касб-ҳунар билан боғлиқ ёки унга йўналтирилган яна кўплаб оятлар бор. Бинобарин, Исломда соғлом бола тарбияси барча пайғамбарлар ўз умматларига касб-ҳунарда ибрат бўлдилар. Масалан, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Закариё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Нуҳ (алайҳиссалом) кемасозлик, Муҳаммад (алайҳиссалом) чўпонлик ва тижорат билан шуғулланганлари маълум.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): «Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради», деб марҳамат қилиб, саҳобаи киромларни ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ҳалол ризқ-рўз топишга ундаганлар. Инсон ўз оиласи таъминотини ҳалол меҳнат ва фойдали саъй-ҳаракати туфайли қондирар экан, шубҳасиз, бу йўлда чеккан заҳмати савобли амалларга айланади.
Имом Ғаззолий ҳам «Иҳё улумид дин» асарида касб мавзусига алоҳида бўлим ажратиб, унда турли ҳикматлар келтириб ўтган. Жумладан, Луқмони ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилган экан: «Ўғлим, ўзингни фақирликдан сақлаш учун ҳалол касб қилгин. Билгинки, бирор кишига (ҳаракатсизлик ортидан) фақирлик етса, унда учта хислат пайдо бўлади: динда енгилтаклик, ақлида заифлик ва мурувватсизлик. Шу уччаласидан ҳам оғирроғи – уни одамлар менсимай қўйишидир».
Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) ҳам тижорат билан шуғулланган. Бу касбда ҳалоллиги туфайли кўп баракотларга сазовор бўлганлиги у зотнинг шогирдлари ва замондошлари томонидан ёзиб қолдирилган. Бинобарин, ҳадиси шарифларда ҳам ҳалол касб билан шуғулланган инсонларга юқори баҳо берилган: «Ростгўй савдогар қиёмат кунида пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир».
Шундай экан, фарзандларимизга ҳам дунёси, ҳам охирати учун фойдали илм ҳамда ўз оиласи, қолаверса, яшаётган жамияти учун нафи тегадиган ҳалол тирикчиликдан юзага келадиган касб-ҳунар керак. Зеро, ҳунар ўз эгасини доим ҳалоллик, поклик, садоқат, меҳр билан ўз ишини адо этишга ундайди.
Ислом таълимотларига кўра, жамият ўз тараққиёти ва эҳтиёжларига хизмат қиладиган турли касблар бўйича мутахассислар тайёрлаб бориши зарур. Жамиятда тиббиёт, ҳисоб-китоб, деҳқончилик, тикувчилик ва бошқа соҳаларда мутахассислар бўлиши фарзи кифоя даражасида эътиборга олинади. Агар бирор соҳа бўйича ушбу жамиятда мутахассис топилмаса, бундай мутахассисни таъминлаш бутун жамият зиммасига тушади.
Давримизга келиб илму ҳунар турлари анча ортди. Баъзи касблар атрофида янгидан-янги йўналишлар ривож топиб, тобора такомиллашиб бормоқда. Мана шундай шароитда мамлакатимизда болаларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Глобаллашув шароитида ҳозирги замон оиласига ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялаш билан боғлиқ юксак ва ўз ўрнида ўта масъулиятли вазифа юклатилади. Фарзандларни илк ёшидан бошлаб кучи, диди, қобилияти ва қизиқишларига мос тушадиган фойдали меҳнат ва касб-ҳунарларга ўргатиш уларнинг иқболи учун муҳим. Зеро, ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, ёшликнинг безаги, келажак сармояси эса касб-ҳунар ортидан.
Касб-ҳунарли фарзанд ҳаётда ўз йўлини топиши баробарида ҳар қандай мушкул вазифаларнинг ҳам уддасидан чиқа олади. Ҳунарсиз киши эса, турмушда қийинчиликларга дуч келиши табиий. Мана шу эътибордан ҳунар эгаллаш, эгаллаганда ҳам пухта эгаллаш лозим.
“Исломда соғлом бола тарбияси” китоби асосида
Бухоро шаҳар “Пойи Остона” жомеъ масжиди
имом хатиби Нодир Асадов тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Нававий (ваф. 676/1277-й.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёзган асарлари билан Ислом илмлари, хусусан ҳадис ва фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган йирик олим саналади. Ижтиҳод ва фатволари шофеъий мазҳабида мўътабар ва мўътамад ҳисобланганидек, ҳадис илмида ёзган асарлари ҳам соҳа уламолари наздида қадрли ва мавқеи баланд китоб ҳисобланади. Имом Нававийни “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ” асарини уламолар тарожимлар (олимларнинг ҳаёти ёритилган асарлар)да муаллифнинг муҳим таълифлари қаторида зикр қилишади.
Китобнинг тўлиқ номи: “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ ила маърифати сунани хойр ал-халоиқ”. Бу китоб ҳадис илми ва мусталаҳига бағишланган асар бўлиб, Имом Нававий бу китобни ёзишда Ибн Салоҳ Шаҳрозурий (ваф. 643/1245-й.) раҳимаҳуллоҳни “Маърифат анваъи илм ал-ҳадис” китобини асос қилиб олганлар.
“Муқаддима” номи билан машҳур бўлган бу китоб ушбу мавзуда ёзилган ўзидан аввалги китобларни тўлдирувчи ва жамловчи ҳамда ўзидан кейинги китобларга асос ва таянч ҳисобланади. Яъни, “Муқаддима”дан олдин ҳам бу илмга бағишланган асарлар бўлган. Муҳаддислар ва ҳадис илми пешволари ўзларининг ҳадис тўпламлари ичида ёки алоҳида тарзда ҳадис турлари ва иллатлари баён қилинган асарлар ёзишган. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071-й.) ва Имом Ҳоким (ваф. 405/1014-й.) каби уламолар ҳадис илмига аталган китоблар ёзишган бўлса ҳам, ундаги масалалар ва таърифлар бир жойда жамланмаган ёки тартибланмаган эди. Ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ эса аввалгиларнинг ишини камолига етказди. Имом Ҳокимнинг “Маърифат улум ал-ҳадис” асарида зикр қилинган 52 та навга зиёда қилиб китобларида ҳадис навларини 65 турга бўлиб баён қилди. Имом Нававийнинг “Иршод” асари ушбу “Муқаддима”нинг мухтасари ҳисобланади.
Муаллиф яшаган даврда Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳнинг “Муқаддима”си жуда машҳур бўлган ва бу илмда асосга айланган эди. Имом Нававий “Иршод” асарини ҳадис илми ва усуллари билан узоқ шуғуллангандан кейин ёзади ва ҳадис илми истилоҳларини баён қилишда бор маҳоратларини ишга солади. Китоб муқаддимасида муаллифнинг ўзи бундай дейди: “Бу китобда “Муқаддима”ни мухтасар қилишни истадим ва бу орқали уни зикрини жонлантириш, бошқа манбалар қатори ундаги манфаатлардан ҳамма фойдалана олишини умид қиламан”.
Имом Нававий мухтасарда қўллаган баён услубини шундай изоҳлайди: “Китобдаги маълумотларни баён қилишда осон, енгил иборалар билан келтираман, ундаги муҳим ва муҳим бўлмаган қайдлардан бирортасини мазмунига халал етказмайман ва аксар ўринларда китоб соҳибининг иборасини келтиришга ҳаракат қиламан, фақат фойдали мақсадлардагина бошқа лафзлар билан алмаштираман, бир қатор далиллар ва мухтасар мисолларни ҳам зикр қиламан ва унга баъзи ўринларда кичик лафзлар, қўшимча ва тўлдирувчилар қўшаман”.
Дарҳақиқат, Имом Нававий китобида Ибн Салоҳни ибораларини сақлашга ҳаракат қилган ва кўпинча “قال الشيخ” (Шайх айтди) деб айтадилар ва бу билан Ибн Салоҳни назарда тутадилар. У киши қўшган зиёдалар бир неча жиҳатдан фойдали ва қийматли масалалар ҳисобланади. Бу жиҳатлар Имом Нававийни илмлари қанчалик юксак даражада эканини кўрсатади.
Замондош муҳаққиқ, ҳадис илмлари устози, асарнинг 2019-йилдаги замонавий-танқидий нашрини амалга оширган олим Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу афзалликлари билан мазкур китоб Имом Нававийнинг шахсан ўзи Иршодга ёзган мухтасаридан афзалроқ ҳисобланади. Сабаби, бу мухтасардан бирор шарҳсиз фойдаланиш ўқувчига қийинчилик туғдиради. Иршод китоби эса “Тақриб”да келтирилмаган фойдалари ва ибораси ҳам енгиллиги билан ажралиб туради”.
“Иршод”га ёзилган мухтасар асарнинг тўлиқ номи: “Ат-тақриб ва ат-тайсир ли маърифати сунан ал-башийр ан-назийр”. Ушбу асарга ҳам бир нечта шарҳлар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 902/1497-й.)нинг “Шарҳ ат-тақриб ва ат-тайсир” асари ва Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 911/1505-й.)нинг “Тадриб ар-ровий” асаридир. Бу икки асар ҳам ўз бобида ёзилган машҳур ва мўътамад асарлардан саналади.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Нававийнинг асарлари кейинги уламолар учун асос бўлиб хизмат қилиши билан бирга уламолар ҳам бу китоблар устида кўплаб хизматлар қилишган. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин.
Муҳаммаджон ИСРОИЛОВ,
ТИИ магистратура талабаси