Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июл, 2026   |   12 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:07
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:19
Bismillah
26 Июл, 2026, 12 Сафар, 1448

Ҳайвонлар ҳам Жаннатга кирадими?

07.04.2026   21735   1 min.
Ҳайвонлар ҳам Жаннатга кирадими?

Савол: Ер юзида яшаган ҳайвонлардан бирортаси жаннатга кирадими ва агар шундай бўлса, қайсилари?

Жавоб: Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: ...Ва вақтики, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланса (Таквир сураси, 5-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қиёмат куни барча жонзот Аллоҳ таолонинг ҳузурига тўпланади”.

Демак, қиёмат куни сур чалинади ва ҳамма оламлар Роббининг ҳузурига тўпланади. Бироқ, тирилишдан кейинги абадий ҳаёт фақат одамлар ва жинлар учундир. Ҳайвонлар учун жаннат ёки дўзах, мукофот ё жазо йўқ. Аммо, солиҳларнинг дўсти бўлган ёки ҳақиқат йўлида вафот этган баъзи ҳайвонлар, Аллоҳ таолонинг иродаси билан Жаннатга кирадилар.

Масалан, Аллоҳ йўлида қурбон қилинган ҳайвонлар Жаннатга киради. Бундан ташқари, муфассир Имом Муқотилнинг “Мишкатул-Анвар” асарида қуйидаги ўнта ҳайвон ҳам Жаннатга кириши баён этилган:

1. Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳўкизи.
2. Исмоил алайҳиссалом ўрнига қурбон қилинган қўчқор.
3. Солиҳ алайҳиссаломнинг мўъжиза сифатида берилган туя.
4. Юнус алайҳиссаломни ютиб юборган балиқ.
5. Мусо алайҳиссаломнинг сигири.
6. Узайр алайҳиссаломнинг хачири.
7. Сулаймон алайҳиссаломнинг чумолиси.
8. Сулаймон алайҳиссаломнинг Малика Билқисга жўнатган ҳудҳуди.
9. Ғор эгаларининг Қитмир исмли ити.
10. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Қасво исмли туялари.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Янги Ўзбекистон тажрибаси – араб дунёси эътиборида

24.07.2026   10783   1 min.
Янги Ўзбекистон тажрибаси – араб дунёси эътиборида

Мисрнинг нуфузли “Ал-Сиёсий” электрон нашрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Алоуддин Неъматовнинг “Ўзбекистоннинг жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасидаги янги стратегияси” номли таҳлилий мақоласи чоп этилди, хабар бермоқда ЎзА.

Мақолада XXI асрнинг биринчи чорагида дунёда жадал технологик ва илмий тараққиёт билан бирга, мафкуравий таҳдидлар, маънавий инқирозлар ва мутаассиблик кайфиятининг авж олиши ҳам кузатилаётгани таъкидланади. Муаллиф жамиятда юзага келаётган бундай мураккаб шароитда Янги Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилининг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини батафсил ёритиб берган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда радикализм ва экстремистик ғояларга қарши курашишда фақат маъмурий чоралар ёки куч ишлатиш усуллари билан чекланиб бўлмайди. Бу борада энг самарали ва барқарор ечим аҳоли, айниқса, ёшларнинг маърифатини ошириш, одамлар қалбига ислом динининг асл инсонпарварлик ва бағрикенглик моҳиятини сингдиришдир.

Мақолада Ўзбекистонда буюк аждодларимиз, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа мутафаккир алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Шунингдек, муаллиф юртимизда ташкил этилган, илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари томонидан амалга оширилаётган жаҳолатга қарши илм-фан ва маърифатни асосий қурол сифатида қўллаш модели халқаро ҳамжамият, хусусан, мусулмон дунёси учун ибратли тажриба бўла олишини асослаб берган.

Айтиш мумкинки, “Ал-Сиёсий” нашрида эълон қилинган ушбу мақола Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётган тинчликсеварлик ва маърифий ислом тамойиллари тўғри ҳамда ўз вақтида қўлланаётган чора экани халқаро майдонда кенг эътироф этилаётганини яна бир бор намойиш қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари