Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқаролар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида навбатдаги қабул жараёни ўтказилди.
Тадбир давомида Муфтий ҳазратларининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Мулоқотлар давомида асосий эътибор оилавий муносабатларни соғломлаштириш, муҳтожларга ижтимоий кўмак бериш, ҳаж масаласи ва бошқа диний-маърифий мавзуларга қаратилди.
Ҳар бир мурожаат алоҳида синчковлик билан ўрганилиб, фуқароларга шариат аҳкомлари ва амалдаги қонунчилик доирасида батафсил тушунтиришлар берилди. Кўплаб масалалар ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча вақт талаб қиладиган мурожаатлар тегишли бўлим мутахассисларига йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.
Бундай тизимли мулоқотлар инсон қадрини улуғлаш ва жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни юртимиз зиёратчилари ҳажнинг энг муҳим фарзини адо этиш мақсадида Арафот майдонига бориб жойлашди.
Ҳадисларда келтирилишича, Арафот улуғ манзиллардан бири бўлиб, бу ерда қилинган дуолар шак-шубҳасиз қабул бўлади. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, бундан унумли фойдаланмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларимиз хотиржам ибодат қилишлари учун кенг ва шинам чодирлар тайёрланган, совуткич ва музлаткичлар узлуксиз ишламоқда, уч маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва салқин ичимликлар мунтазам тақдим этилмоқда.
Ҳожиларимиз Арафотда дуои хайрлар, ибодатлар билан бўлиб, пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқийдилар. Дуо ва тазарруларда бардавом бўладилар. Аллоҳ таолодан юртимиз тинч, халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлишини, фарзанду аржумандларимиз бахту саодатини сўраб илтижолар қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати