Шу йилнинг 16–18 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказиш мақсадида Россия Федерациясида хизмат сафарида бўлади.
Сафар доирасида:
диний идоралар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
имзоланган келишувларни амалга ошириш;
ўзаро тажриба алмашиш;
таълим даргоҳларида бўлиш;
жоме масжидлар фаолияти билан яқиндан танишиш кабилар режа қилинган.
Шунингдек, Москва шаҳрида ўқиш ёки иш билан юрган ҳамюртларимиз билан мулоқотлар қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва эътиқод соғломлигига қаратилган суҳбатлар ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни юртимиз зиёратчилари ҳажнинг энг муҳим фарзини адо этиш мақсадида Арафот майдонига бориб жойлашди.
Ҳадисларда келтирилишича, Арафот улуғ манзиллардан бири бўлиб, бу ерда қилинган дуолар шак-шубҳасиз қабул бўлади. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, бундан унумли фойдаланмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларимиз хотиржам ибодат қилишлари учун кенг ва шинам чодирлар тайёрланган, совуткич ва музлаткичлар узлуксиз ишламоқда, уч маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва салқин ичимликлар мунтазам тақдим этилмоқда.
Ҳожиларимиз Арафотда дуои хайрлар, ибодатлар билан бўлиб, пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқийдилар. Дуо ва тазарруларда бардавом бўладилар. Аллоҳ таолодан юртимиз тинч, халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлишини, фарзанду аржумандларимиз бахту саодатини сўраб илтижолар қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати