Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан имом-хатиблар ва имом ноиблари учун тажвид дарслари йўлга қўйилган.
6-20 апрель кунлари Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларида қироат дарсларининг навбатдаги амалий машғулотлари бўлиб ўтди.
Қуръон ва тажвидни ўргатиш ҳамда Масжидлар билан ишлаш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу дарсларда Абдуллоҳ қори Ҳайдаров (Бухоро вилоятида), Абдусамад қори Мамасолиев (Хоразм вилоятида) ва Абдулбосит қори Эшқобилов (Тошкент вилоятида) амалий машғулотлар ўтказишди.
Бундай ўқувлар режа асосида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Зайниддин дома Эшонқулов "Ҳасана" ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакиллари Ҳусайн Карага ва Намик Демирканни қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда "Ҳасана" вакиллари "Вақф" хайрия жамоат фонди билан бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келишини, ташкилот турли хайрия ва саховат тадбирларида иштирок этишини таъкидлаб, яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайитида ҳам бу анъана давом этишидан умидвор эканлигини қайд этиб ўтишди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари меҳмонларни Ўзбекистонда кўриб турганидан хурсандлигини билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизда кўплаб эзгу ишлар амалга оширилаётганини, Юртбошимиз ташаббуси билан юзлаб оғир аҳволдаги болажонларнинг даволаниш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилаётгани таъкидлаб ўтди. Фонд "Ҳасана" билан бўладиган ҳамкорликдаги ишларга доим тайёрлигини айтиб, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга наф берадиган ҳар қандай хайрли лойиҳанинг амалга ошишидан хурсанд бўлишини қайд этиб ўтди.
Мулоқот давомида "Ҳасана" вакиллари фонд томонидан амалга оширилаётган хайрли лойиҳаларни эътироф этиб, таълим, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳам фонд билан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Бу сафар муборак Қурбон ҳайити муносабати билан 10 бош қорамол қурбонлик қилиб, талаба ва кам таъминланган оилаларга тарқатишни режалаштираётганини айтиб ўтишди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати